Ҳурматли фермерлар, миришкор деҳқонлар!
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 1-2 май кунлари Хоразм вилоятида бўлиб, ҳудудлар ривожи ва аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишди. Ташриф давомида Хоразм вилоятини қишлоқ хўжалиги тармоғида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экинларни юқори агротехник даражада парваришлаш, фермер хўжаликларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Иқтисодий имкониятлар — ишончли келажак асоси эканлигини ҳисобга олиб, 56 та лойиҳа доирасида 60 млн долларлик инвестициялар жалб этиш, 3 минг 400 гектар ерни қайта фойдаланишга киритиш, 1 минг 200 гектар мевали боғлар яратиш,1,6 минг км ички ариқ ва 31 км канал бетонлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Сувни иқтисод қилиш бўйича Хоразм ўз тажрибасини яратди. Бунда фермер ва деҳқонлар томонидан 93 минг гектар ер майдонини лазерли текислаш йўлга қўйилгани, 196 минг гектар ерга эса сув тежовчи технологиялар ўрнатилганлиги натижасида йилига 1 миллиард куб метр сув иқтисод қилингани таъкидланди.
Келгусида Австриянинг “Бауэр” компанияси билан ҳамкорликда 7,5 минг гектарда ёмғирлаб суғоришни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Хоразмлик фермерлар фаолиятига жорий этилган лазерли текислаш, автопилотли тракторлар, қуёш панеллари — таннархни тушириш ва даромадни оширишда муҳим воситаларга айланмоқда. Мисол тариқасида, хонқалик фермер Камолиддин Юсупов 200 кВтлик қуёш панели ўрнатиб, йилига 120 млн сўм тежади ва қўшимча 53 миллион сўмлик электрни тармоқ орқали сотди.
Юқоридаги Хоразмлик фермерларнинг бундай кўрсаткичлари Сиз фермерлар томонидан вилоятимизда бунданда кўпроқ қилиш имконияти мавжуд.
Президентимиз қайд этганидек, ёзи жазирама иссиқ, қиши қаҳратон совуқ, ерлари кучли шўрланган Хоразмда нафақат меҳнат қилиш, балки боғ яратиш, мўл ҳосил ундириш – бу, очиқ айтиш керак, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Шунинг учун хоразмлик деҳқонларни бир эмас, икки марта қаҳрамон, десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди, дея эътироф қилдилар.
Фермер ва деҳқонлар меҳнатини қадрлаб, Хонқа туманидаги “Собиржон Юсуф” оилавий фермер хўжалиги раҳбари Ойимжон Отажановага Президентимиз фармонига биноан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими" фахрий унвони берилди. Бу вилоятимиздаги барча фермер ва деҳқонларга янги куч-ғайрат бағишлаб, янада шижоат билан ишлашга ундайди.
Бундан ташқари, Муҳтарам Президентимизнинг эътиборидан руҳланган фермер ва деҳқонларимиз инновацион технологияларга асосланган ҳолда янада самарали меҳнат қилиб, пахтадан 45-50 центнердан, ғалладан эса 80-100 центнердан ҳосил олиш орқали даромадларини ошириш, шу билан бирга вилоятимиз аҳолисини арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни мақсад қилишган.
Ҳурматли фермерлар!
Мевали боғлар, ҳосилга тўла далалар, тўкин дастурхонлар — буларнинг барчаси Сизларнинг кундалик, фидокорона меҳнатингиз самарасидир.
Биз ишонамизки, сизлар бу йил ҳам ўз тажриба ва замонавий ёндашувларга суянган ҳолда юқори натижаларга эришасиз. Сизларни янада шижоат билан меҳнат қилишга, Хоразм тажрибасини бутун мамлакатга намуна қилиб кўрсатишга чақирамиз!
Ҳар бирингиз биласизки, қишлоқ хўжалигидаги асосий мақсад — юқори ҳосил, паст таннарх ва барқарор даромадга эришиш. Бунинг учун давлат томонидан кенг кўламли шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Ҳар йили минглаб гектар ерларда замонавий суғориш технологиялари (томчилаб ва ёмғирлаб суғориш) жорий этилиши, лазерли текислаш, энергия тежайдиган техника ва қуёш панеллари каби инновацияларни қўллаш қўллаб-қувватланмоқда.
Илм, технология ва тажрибани асосий иш қуролига айлантирган замонавий фермеримиз минерал ўғитлар ўрнига биотехнологиялардан оқилона фойдаланишга интилиб, илмий тавсиялар асосида ҳашаротлар ва касалликларга қарши биологик усулларни кенг жорий этилмоқда. Зеро, ҳар бир юртдошимиз яхши билади: бугунги фермер фақат ерда ишлайдиган одам эмас — у агробизнес етакчиси, тадбиркор ва мутахассисдир. Шу боисдан ҳар бир ҳудудда маҳаллий шароитга мос агротехник тадбирлар белгиланмоқда.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!
Айни кунларда ғалладан юқори ҳосил кутилмоқда. Ҳосилга ҳосил қўшиб, юқори марраларга эришиш учун қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган долзарб ишларни амалга оширишимиз зарур:
- ғалла ҳосили пишиши арафасида дала майдонларини сув бостирмасдан пешма-пеш шарбат усулида суғориш ишларини амалга оширишимиз керак;
- ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда ўрим комбайнларини мавсумга тайёргарлигини яна бир бор кўриб чиқиш зарур.
Вилоятимизда пахта экиш мавсуми муваффақиятли якунланди. Далаларда ғўзадан тўлиқ ниҳол ундириб олинди. Энг муҳими сувнинг олдинги йилларга нисбатан кўпайиши бу йилги ҳосилнинг мўл бўлиши гаровидир. Юқори хирмон яратиш учун бугун қуйидаги агротехник тадбирларни кечиртирмасдан амалга ошириш талаб этилади:
- туманларда ҳар бир фермер кесимида агротехник тадбирларни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, шу асосда ишларни аниқ ташкил қилиш лозим;
- ғўза униб чиққан майдонларда гектарига 200 кг карбамид ва 100 кг калийли минерал ўғити билан культивация қилиш зарур;
-ғўза майдонларидаги мавжуд бегона ўтларни тез фурсатда тозалаб, бегона ўтдан тозаланмаган ғўза майдонларига минерал ўғит бермаслик бўйича фермер хўжалик раҳбарларини қатъий огоҳлантириш лозим;
-сувчиларга тўлиқ шароит яратиб берган ҳолда, ғўзани суғоришда сувнинг исрофгарчилигига йўл қўймасдан, 1- ва 2- суғориш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш чорасини кўриш зарур;
- ривожланишдан орқада қолаётган ғўза майдонларини қўшимча озиқлантириб, шу қатори қўшимча культивация, чуқур юмшатиш, суспензия сепиш ишларини ҳамда суғоришни фақат шарбат ва фекал билан ўтказиш керак;
- туман ишчи гуруҳлари мавжуд муаммоларни даланинг ўзида ҳал қилиб, йўл қўйилган камчиликлар бўйича зудлик билан қўшимча агротехник тадбирлар белгилаб, хар бир далага назорат учун масъулларни бириктириши лозим;
-биринчи навбатда агротехник тадбирларни экини суст ривожланган майдонларда бошланишига алоҳида эътибор қаратиш керак;
- ОВХ пуркагичлари ёрдамида барча фермер хўжаликлари суспензия учун ишчи эритмани асосан эрталабки ва кечки салқин пайтларда сепишни, энг асосийси ғўзанинг ўсиш ва ривожланишини ростлаб бориш мақсадида замонавий “ПИКС” препарати билан ишлашни ташкил қилиши лозим;
- ғўзанинг турли касалликлари, ҳашаротларга қарши курашиш учун биолабораторияларни тўла қувват билан ишлатиш лозим. Асосан, биомаҳсулотларни далага эрталаб соат 5:00 дан 9:00 гача, кеч соат 16:00 дан 20:00 гача белгиланган тартибда чиқариш керак. Ҳар бир гектар ғўза майдонига 2 тадан феромон тутқич ва 10 та суюқлик солинган идишларни ўрнатиш ҳамда ҳар 3 кунда суюқлик, клей ва капсулаларни янгилаб туриш шарт (албатта мутахассис тавсияси асосида).
Ҳурматли фермерлар ва кластер раҳбарлари!
Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз натижасида аҳоли табиий, сифатли озиқ-овқат билан таъминланмоқда. Қишлоқларда ҳаёт сифати яхшиланиб, янгидан-янги иш ўринлари яратилмоқда. Экспорт салоҳияти ортиб, юртимиз брендини дунё танимоқда.
Айни кунларда ғалла ва пахта далаларидаги барча агротехник тадбирларни тезкорлик билан, аниқ режа асосида амалга ошириш талаб этилади. Бунинг учун сувни тежаб, белгиланган муддатда суғоришни таъминлаш, минерал ўғитлардан ва ердан оқилона фойдаланиш ҳамда ўрим-йиғимга сифатли тайёргарлик кўришга қатъий бел боғлаш, бу муддатларни ўтказиб юбормаслик зарур.
Ҳар бир ҳудудда — Андижондан Нукусгача, Қаршидан Навоийгача, Самарқанддан Тошкентгача — деҳқоннинг заҳматини қадрлаш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш – барчамизнинг умумий бурчимиздир.
Биз ишонамизки, фермерларимиз билим, тажриба ва меҳнатсеварлиги билан бу йил ҳам юксак натижаларга эришадилар!
Ёзёвон туман фермерлари Кенгаши Раёсати