ИСТЕЪДОДЛИ ЁШЛАР ЭЪТИБОРДА
2019-11-28 15:25:36 260
Бутун республикамизда бўлгани каби Қувасой шаҳрида ҳам ҳокимлик ва дахлдор ташкилотлар томонидан ёшларни, жумладан, истеъдодли ва ижтимоий кўмакка муҳтож ўғил-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг интилиш ва орзуларига қанот бағишлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, нафақат вилоят, балки республика миқёсидаги расмий меҳмонлар эътиборини тортмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Алишер Саъдуллаев, вилоят ҳокими ўринбосари Дилфуза Қосимова ҳамда шаҳардаги барча сектор раҳбарлари Қувасой шаҳридаги 90-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ташриф буюришди.
Меҳмонлар бу ерда ўқувчи ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш давомида мазкур таълим масканида оммалаштиришга лойиқ талай ишлар борлигини ҳам эътироф этишди.
Ташриф давомида шаҳардаги 29-умумтаълим мактаби 4-синф ўқувчиси Алижон Алиев ва 7-умумтаълим мактаби 3-синф ўқувчиси Ҳаётжон Мақсуджоновлар xонадонида уларнинг ота-оналари, яқинлари билан бўлиб ўтган самимий суҳбат ҳам томонлар учун ёдда қоларли бўлди, дейиш мумкин. Шу куни билимга чанқоқ бу икки ёшга Ўзбекистон ёшлар етакчиси томонидан замонавий компютер жамланмаси ҳадя қилинди.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.