ТИББИЙ МАДАНИЯТ ГРИППНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ
2019-12-24 17:11:14 225
Қишнинг совуқ кунларида грипп ва ўткир респиратор инфекцияли касалликлар бирмунча кўпаяди. Бундай касалликларнинг аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олиш ва инсон саломатлигини муҳофазалашда бирламчи тиббий профилактика хизматининг ўрни муҳимдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тарқатган маълумотга кўра, ҳозирда грипп вирусининг А(H1N1) штамми билан боғлиқ тури дунёнинг қатор давлатларида кенг тарқалганлиги кузатилмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимиз, жумладан, Фарғона шаҳрида грипп вирусининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, ўткир респиратор инфекцияли касалликлардан аҳолини ҳимоялаш мақсадида санитария назорати ва тиббий профилактика тадбирлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий соҳа, маиший хизмат муассасалари, овқатланиш, савдо мажмуалари, жамоат транспортида иссиқлик тизими узлуксиз ишлашига доимий риоя этилмоқда. Иш жойи, таълим ва тиббиёт масканлари ва бошқа муассасаларда санитария, тозалаш, дезинфекция тадбирларини талаб даражасида ташкил этиш, шахсий ва умумий гигиена қоидаларига амал қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Грипп вируси ва ўткир респиратор инфекцияли касалликларнинг ҳаво ва маиший мулоқот йўли билан юқиши унинг тарқалиш хавфини оширади. Эмлаш, ниқоб тақиш, аҳоли орасида тиббий профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш касалликка қарши курашнинг муҳим усулларидир. Таълим масканларида эрталабки тиббий таҳлил ишлари режа асосида олиб борилиши керак. Маҳаллалар, хонадонларнинг санитария-гигиена ҳолатини ўрганиш, аҳоли орасида тиббий тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришда санитария-эпидемиология соҳаси ходимлари ва шифокорлар ҳамкорлиги яхши самара беради.
Маълумки, грипп асосан иммунитети заиф, сурункали касаллиги бор беморлар, ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар саломатлигига зарар етказиши мумкин. Унга қарши курашда оилаларда тиббий профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Жамоат жойларида ниқоб тақиш, овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювиш, шахсий гигиенага риоя этиш, иқлимга мос кийиниш саломатликни асрашга хизмат қиладиган оддий қоидалардир.
Ҳар қандай касалликдан ҳимояланиш, аввало, инсоннинг тиббий маданиятига боғлиқ. Масалан, биргина ёш болаларга қўлларни тоза тутишни ўргатиш орқали юқумли, ўткир ичак ва оғиз бўшлиғи касалликларини эллик фоизга камайтиришга эришиш мумкин. Рационал овқатланиш ҳам бу жараёнда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, яқинлашиб келаётган қиш мавсумида С витаминига бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, таомномага пиёз ва саримсоқни қўшиш орқали грипп ва бошқа касалликлардан ҳимояланиш мумкин.
Грипп ва бошқа ўткир респиратор инфекциияларнинг тарқалишига қарши курашда аҳоли орасида олиб бориладиган тиббий тарғибот-тушунтириш тадбирлари халқимиз саломатлигини сақлаш, унинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиш билан бирга эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш ва инсон саломатлигини асрашнинг муҳим омилидир.
Насибахон БАДАЛОВА, терапевт-шифокор.