ЎЗБЕКИСТОН – “ЙИЛ МАМЛАКАТИ”
2019-12-24 08:52:58 236
Бундай эътироф замирида, шубҳасиз, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган оқилона ва ўзоқни кўзланган ички ва ташқи сиёсат, изчил ислоҳотлар ҳамда Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига бағрини кенг очганлиги ётибди.
“Яхши хабарнинг қаноти бор”, дейишади. Куни кеча тарқалган расмий маълумотларда Буюк Британиянинг “The Economist ” журнали мамлакатимизни шундай юксак номга сазовор бўлганлигини эътироф этганлиги, юртимизни жорий йилда жадал суръатда ўсишга эришган мамлакат, деб топди. Бундай шарафли номга эришиш, албатта, ўз-ўзидан бўлмайди. Ўтган қисқа давр ичида юртимизда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда фуқароларнинг эркинлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ қилиш, сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги, тадбиркорликка кенг йўл очилиши, чегараларнинг очилиши, коррупцияга барҳам бериш, фуқаролик жамиятининг шаклланиши, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, халқаро эътироф этилган нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва бошқа кўплаб йўналишларда амалга оширилган ишлар ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Биргина, давлатимиз раҳбари фаолиятининг илк даврлариданоқ мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги таъминлаш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, кичик бизнесни янада қўллаб-қувватлаш, ёшларимизнинг мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларда таълим олишлари учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, қўшни мамлакатлар билан азалий алоқаларни тиклаш, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик мустаҳкамлаш, юртимиз ва чет эллик фуқаролар учун туристик имкониятлар, инвесторлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ўта долзарб масалаларга алоҳида эътибор билан қараб келмоқда.
Айниқса, Юртбошимиз раҳбарлигида мамлакатимизда халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамиятни демократлаштириш йўлида жадаллик билан амалга оширилаётган ишлар, ижобий ўзгаришлар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Беихтиёр шундай жаннатмонанд юртда яшаётганимиздан, жаҳонга тенглар ичра тенг боқиб турган мамлакат фуқароси эканлигимиздан қалбимиз чексиз фахр-ифтихорга тўлади. Жонажон Ўзбекистонимизнинг бундан-да гуллаб-яшнаши, ҳар соҳада ўз олдига қўйган буюк мақсадларининг амалга ошишида ўз ҳиссангни қўшгинг келади.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.