ЯНА БИР НЕЧА СОАТДАН СЎНГ...
2019-12-22 04:24:35 222
Бугун 2019 йилнинг 22 декабрь куни. Соат 04.30. Яна бир неча соатдан сўнг бутун Ўзбекистон халқи, жумладан, қувасойлик сайловчилар учун ҳам катта сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бошланади.
Маълумки, сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Бўлажак сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлади. Жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда.
Аввало, бу йил мамлакат Парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтади. Сайловларда бешта сиёсий партия –“Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодларини илгари суришган.
Азиз ҳамшаҳарлар!
Мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи ушбу сайловларда фаол иштирок этинг! Эл-юрт тақдирига бефарқ эмаслигингизни амалда исботланг!
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.