Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 17 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ЯНГИ САЙЛОВ КОДЕКСИ: унинг яратилиши, тузилиши ва янгиликлари

 2019-12-20 18:19:22    153

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов қонунчилиги бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатларидан иборат бўлса-да, афсуски, ҳанузгача яхлит бир ҳужжат шаклига келтирилмаганини таъкидлаб, халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифасини қўйган эди.
Бинобарин, амалдаги сайлов қонунчилиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим мураккабликларни келтириб чиқараётганди. Аниқроқ айтганда, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ аксарият тартиб-таомиллар тарқоқ ҳолдаги бир нечта қонун билан тартибга солингани, аксарият қоидалар такрорланиши, шунингдек айрим муҳим масалалар қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссияси низом ва йўриқномалари билан белгилангани баъзи номувофиқлик, қарама-қаршиликларни вужудга келтираётган эди.
Айни муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида қисқа фурсат ичида энг илғор халқаро стандартлар асосида мустақил Ўзбекистон тарихида илк Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Мазкур кодекс тарқоқ ҳолдаги 5 та қонун (“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”) ва Марказий сайлов комиссиясининг сайловларни ташкил этиш ва ўтказишга оид ўнлаб низом ва йўриқномаларини ягона қонун ҳужжатида мужассам этди.
Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда 50 дан ортиқ илғор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, айни пайт Франция, Бельгия, Бразилия, Беларусь, Озарбайжон каби 40 га яқин давлатда Сайлов кодекси қабул қилинган.
Эътиборли жиҳати, илк бор Сайлов кодекси халқаро экспертизадан ўтказилди. Халқаро ташкилотлар экспертлари иштирокида 2018 йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда сайлов кодекси лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди. Кодекс лойиҳаси ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, МДҲ, Жаҳон сайлов органлари ассоциацияси, ИҲТ, Европа Кенгашининг Венеция комиссияси каби нуфузли тузилмалар томонидан ўрганилиб, муайян тавсиялар берилди.
Шу асосда тайёрланган Сайлов кодекси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 25 июнь куни имзоланди ва расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
18 боб, 103 моддадан иборат Сайлов кодекси сайлов қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган янги тартиб, қоидалар билан янада такомиллаштирилди. Қуйида ушбу кодекс билан жорий қилинган янги тартиб ва ўзгаришлар ҳақида сўз юритамиз.

                                   Сайлов участкалари билан боғлиқ ўзгаришлар
Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи бир ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бу сайловларни ўтказиш ва ташкил этишда холислик тамойили ҳаётга татбиқ этилганидан далолат.
Участка сайлов комиссияси томонидан овоз бериш жараёни тугагандан кейин амалга ошириладиган аниқ ҳаракатлар (овозларни санаш, баённомалар тузиш, округ сайлов комиссиялари билан ўзаро алоқалар ва ҳоказо) қонун даражасида мустаҳкамланди. Авваллари бундай меъёрлар Марказий сайлов комиссияси ҳужжатларида акс этганди.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида муҳокама этиладиган ва тавсия этиладиган участка сайлов комиссияси аъзолари номзодлари бўйича жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг таклифлари олиниши тартиби ўрнатилди. Натижада, комиссия фаолиятининг янада халқчил аҳамият касб этиши таъминланди.
Илгари Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилганда ягона сайлов участкасини тузиш тартиби қонунчиликда белгиланмаган эди. Сайлов кодексида мазкур масала ҳуқуқий ечим топди. Эндиликда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи ягона сайлов участкаси тузиш тартиби ўрнатилди.
Участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар, хоналар ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар қонун даражасида белгиланди.

                                            Номзодлар билан боғлиқ ўзгаришлар
Бунга қадар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар билан бирга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам эга эди. Сайлов кодексига мувофиқ, номзодларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кўрсатиш тартиби бекор қилинди. Мазкур янгилик маҳаллий Кенгашларда партиявий ёндашувни кучайтиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим ўзгариш номзодлар ишончли вакилларининг мамлакатимиз бўйлаб сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби жорий этилгани билан боғлиқ. Бу ишончли вакиллар вазифаларини сидқидилдан бажаришига хизмат қилади.
Эндиликда сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги қарорни сайловга кечи билан ўн беш кун қолганда бекор қилиши мумкин. Авваллари сиёсий партиянинг шундай қарорини сайловга кечи билан беш кун қолганда бекор қилиш мумкин эди. Ушбу ҳолат сайлов куни яқин қолганда бирмунча мураккабликларни келтириб чиқарарди.
Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан бошланиши белгиланди. Аввалги амалиётда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзод Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланиб, номзодларга тенг имконият яратилишига тўсқинлик қилар эди.
Яна бир муҳим жиҳат. Вилоят Кенгаши депутатлигига номзод беш нафаргача (аввал 3 нафаргача эди) ишончли вакилга эга бўлиши тартиби жорий қилинди. Ишончли вакиллар сони ошгани сайлов кампаниясини ўтказиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатда номзод манфаатларини ифодалашда қулайлик яратади.

                                          Овоз бериш билан боғлиқ ўзгаришлар
Ушбу йўналишдаги ўзгаришларни, аввало, сайлов бюллетенидаги бўш катак ичига сайловчи томонидан номзодни ёқлаб овоз беришда бир қанча белгилар (“+”, “√”, “х”) қўйиш имконияти берилганида кўриш мумкин. Бу сайловчиларга қўшимча қулайлик яратишга қаратилган амалиёт татбиқ этилганидан дарак беради.
Муддатидан олдин овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун мўлжалланган сайлов бюллетенини жорий қилиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси йўқ қилингани ва сайловчилар ягона электрон рўйхати амал қилиш механизми тартибга солингани ҳам эътиборга молик жиҳатдир.
Авваллари овоз бериш 06:00 да бошланар ва бу участка сайлов комиссияси аъзоларига муайян қийинчиликлар туғдирарди. Энди сайлов куни овоз бериш вақти 08:00-20:00 этиб белгилангани комиссия аъзолари ва сайловчилар учун айни муддао.
Шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этиши билан боғлиқ қоидалар киритилиши Сайлов кодекси ниҳоятда халқчил ҳужжат эканини англатади.
Таъкидлаш жоиз, шу пайгача овоз бериш кунига қадар уч кун ичида жамоатчилик фикри сўрови натижалари, сайлов натижалари тахминлари, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этишга (эълон қилишга), шу жумладан уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоғига (шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғига) жойлаштиришга йўл қўйилмас эди. Энди ушбу ҳаракатлар фақат сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин амалга оширилмаслиги қоида тариқасида киритилди.
Қолаверса, сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши жорий қилиниб, имконияти чекланган шахсларнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқлари кафолатланди.

                                          Сиёсий партиялар билан боғлиқ ўзгаришлар
Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда сайловчиларга бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имконияти берилди. Сайловчининг фақат биргина сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги ҳақидаги мавжуд қоида турли сиёсий партияларга имзо тўплаш жараёнида муайян мураккабликлар келтириб чиқарарди.
Сиёсий партиялар сайловда иштирок этишни молиялаштириш тўғрисидаги ахборотини сайлов якунлари эълон қилингандан кейин бир ой ичида ўз расмий веб-сайтидава босма нашрларида эълон қилиши белгиланди. Бу сайлов жараёни янада шаффоф ўтишига замин яратади.
Аввалги қоида бўйича имзо варақасидаги имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рад этиши белгиланган эди. Янги тартибга кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида қонун бузилиши ҳолати аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва камчиликларни бартараф этиш учун икки кун муддат берилади.

                                                              Бошқа ўзгаришлар
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини юритиш тартиби белгиланди. Бу билан сайловчининг бир неча рўйхатда назарда тутилиши олди олиниб, бир сайловчининг фақат бир овозга эга бўлиши тўлиқ таъминланади.
Сайловчилар рўйхатига ўзгартиш киритиш сайловга уч кун қолганда тўхтатилиши белгиланди. Аввал бундай меъёр аниқ кўрсатилмагани бу борада турли чалкашликларга сабаб бўларди.
Сайлов округларини тузишга оид янгиликлардан яна бири шуки, эндиликда сайлов округларидаги сайловчилар сони борасида йўл қўйиладиган энг юқори чегаранинг четга чиқиши ўн фоиздан ошмайди. Натижада сайловчилар барча округлар орасида тенг тақсимланади.
Айни пайт Сайлов кодекси билан жойлардаги сайлов комиссиялари аъзолари ва ишчи гуруҳларини яқиндан таништириш долзарб вазифа саналади. Шу билан бирга, аҳолига мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, белгиланган янги тартиб-қоидаларни мутахассислар ёрдамида оммага тушунарли тилда етказиб бориш ОАВ вакиллари зиммасига тушади. Қолаверса, сайлов жараёнини бошқаришда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси мамлакатимизда халқаро меъёр ва стандартларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, сайловга оид қонунчилик нормалари унификациясига, номувофиқлик ва коллизияни бартараф этишга, энг муҳими фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.