Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 12 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Блогерлар шарҳлар учун жавобгарми?

×

 2019-08-19 10:57:36    224

PDF yuklash
Chop etish


Сўнгги кунларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган ОАВлар, блогерларнинг “пост”лар ва изоҳлар учун жавобгарлиги масаласида Ўзбекистон ва хориж мамлакатлари қонунчилигини таҳлил қилган ҳолда ўз муносабатимни билдиришни лозим топдим.


Маълумот учун: 

ОАВ, яъни оммавий ахборот воситалари – бу оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма ва (ёки) электрон тарзда (шу жумладан Интернет тармоғидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шаклларидир; 

Блогер – Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўзининг веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа хусусиятга эга ахборотни жойлаштирувчи, шу жумладан, ахборотдан фойдаланувчилар томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахсдир.Яъни, интернетдаги ўзининг веб-сайтига ва (ёки) веб-сайтлардаги ўзининг саҳифасига ахборот жойлаштирувчи ҳар қандай жисмоний шахс блогер ҳисобланиши мумкин. 

ОАВлар ва блогерларнинг интернет тармоғидаги “пост”лари ва уларга изоҳлар билан боғлиқ муаммолар дунёнинг деярли барча мамлакатларида мавжуд бўлиб, уларнинг қонунчилиги билан турлича тартибга солинади. Масалан: 

АҚШда веб-сайт эгалари ва блогерлар “Алоқаларнинг мақбуллиги тўғрисида”ги Қонунга кўра ўз фойдаланувчилари жойлаштирган туҳмат руҳидаги маълумотлар учун жавобгарликдан ҳимоя қилинадилар. Умумий қоида бўйича, фойдаланувчиларнинг шарҳлари учун ОАВ ёки блогер, шарҳ ҳақида билиши ёки билмаслигидан қатъий назар, жавобгар бўлмайди. Лекин, қуйидаги ҳолларда ОАВ ёки блогер бошқа шахслар қолдирган шарҳлар учун жавобгар бўлиши мумкин: 

- агар шарҳ қолдирган шахс блогернинг ходими бўлса; 

- шарҳнинг жиноятлиги очиқчасига маълум бўлиб турган бўлса; 

- шарҳ муаллифлик ҳуқуқи ёки савдо маркасига зарар етказадиган таркибга эга бўлса. 

Буюк Британияда веб-сайт эгалари, 2013 йилда қабул қилинган “Туҳмат тўғрисида”ги актнинг 5-бўлимига мувофиқ, фойдаланувчиларнинг туҳматона шарҳлари учун веб-сайтлар ёки блогерлар қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлади (агар жабрланувчи буни исботласа): 

- туҳмат ёки ҳақорат қилган шахсни аниқлаш имкони бўлмаганда; 

- жабрланувчи шарҳ мазмунига нисбатан сайт операторига ёки блогерга шикоят юборган бўлса; 

- жабрланувчининг шикоятига жавоб берилмаган бўлса. 

Беларусь Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунга кўра интернет-ресурс, интернет нашрининг эгаси ўзига тегишли бўлган ресурс орқали қонунчилик билан тарқатиш тақиқланган, давлат ва жамият манфаатларига зарар етказувчи ишончсиз, ҳақиқатга тўғри келмайдиган жисмоний шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи, юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсини тўкувчи маълумотларни тарқатилишига йўл қўймаслиги, Республика қонун ҳужжатлари талабларига амал қилиши ва ваколатли давлат органининг талабига мувофиқ юқорида санаб ўтилган турдаги маълумотларни дарҳол ўчириб ташлашга мажбур. 

Ўзбекистон қонунлари нима дейди? 

Ўзбекистонда ахборотлаштириш соҳасини, ахборотни излаш, олиш, тарқатиш ва ундан бошқача тарзда фойдаланиш масалаларини тартибга солишга қаратилган асосий қонунлар бу Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунларидир. 

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, ҳар ким, шу жумладан ОАВ ва блогерлар ҳам ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга (амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно). Яъни, қонун билан чекланган (тақиқланган) ахборотдан ташқари исталган ахборотни тарқатиш мумкин. 

Қандай ахборотни тарқатиш мумкин эмас? 
“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддасининг биринчи қисмига кўра, оммавий ахборот воситаларидан ҳамда веб-сайтлар ва (ёки) веб-сайт саҳифаси, шу жумладан, блогернинг саҳифасидан: 

Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш; 
- уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш; 
 - давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш; 
- миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш; 
- гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш; 
- порнографияни тарғиб қилиш; 
қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги шарт. 

Маълумот учун: “қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатлар”га мисол қилиб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексининг туҳмат ва ҳақорат қилиш учун жавобгарлик белгиланган моддаларини кўрсатиш мумкин (МЖТК 40 ва 41-мд., ЖК139 ва 140 мд.). 

“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддасининг иккинчи қисми билан қуйидаги қоида ўрнатилган: 

“Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт”. 
Маълумот учун: “ахборот” тушунчаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасида берилган бўлиб, унга кўра, ахборот деганда манбалари ва тақдим этилиш шаклидан қатъий назар шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар тушунилади. 

Демак, оммавий ахборот воситалари ҳамда веб-сайтлар (веб-саҳифалар) эгалари, шу жумладан, блогерлар ҳам ўз тармоқларида туҳмат, ҳақорат ва юқорида келтирилган тавсифларга мос тушадиган бошқа ҳар қандай маълумотларни тарқатилмаслигини таъминлашлари, нотўғри маълумотлар қўйилган бўлса, уларни ўчиришлари керак. 
Жавобгарлик ва жазо “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмлари юқорида кўрсатилган мажбуриятларнинг бажарилмаслиги оқибатларини қуйидагича белгилайди: 

“Бу мажбуриятлар веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер томонидан бажарилмаган тақдирда мазкур веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин. Ушбу талабларни бузганлик қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”. 

Аниқ жавобгарлик ва жазо масаласида эса энг аввало Жиноят кодексининг 2441-моддаси жиддий эътиборга молик.Ушбу моддага кўра, оммавий ахборот воситалари ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда қуйидаги хатти-ҳаракатларни содир этиш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади: 

- диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни; 

- фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона ва вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни: 

- жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш. 

Бу ҳуқуқбузарликларга нисбатан ижтимоий хавфлилик даражаси камроқ ҳуқуқбузарликларни ҳаракатларни айнан Интернет орқали содир қилганлик (ҳақоратли ёки бошқача номақбул “пост” ва изоҳлар қолдирганлик, номақбул изоҳларни ўчирмаганлик) учун жазо белгиловчи алоҳида қонун ҳужжати ёки норма амалдаги қонунчиликда ҳозирча мавжуд эмас. 
Лекин, жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракатларни интернет орқали содир этган шахслар шу ҳаракатларни содир этганлик учун умумий жавобгарлик белгиланган тегишли қонун ҳужжатларига асосан жавобгарликка тортилиши мумкин. Масалан, интернетда “пост” ёки изоҳлар орқали бошқа шахсни туҳмат ёки ҳақорат қилганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40 ва 41-моддалари ҳамда Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларида жазо белгиланган. 
Шу билан бирга, юқорида кўрсатилган жазо чоралари фақат ҳуқуқбузарликни бевосита содир этган шахсларга нисбатан қўлланилишини ҳам таъкидлаш лозим. 

Чунки, ОАВлар ҳамда блогерларга тегишли веб-сайтлар (веб-саҳифалар) орқали жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракатларни бошқа шахслар томонидан содир этилишига йўл қўймаслик мажбуриятини амалдаги қонунчилик ОАВлар ҳамда блогерлар зиммасига юклаган бўлсада, лекин бу мажбуриятни бажармаганлик учун жазо чоралари аниқ белгилаб қўйилмаган. 

Умумий қоида бўйича эса ҳар қандай шахс фақат ўзи содир этган ғайриҳуқуқий, айбли ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. 

Шу ўринда жавобгарликнинг фуқаровий тури ҳам мавжудлигини эслатиб ўтиш зарур.Интернет тармоқлари орқали туҳмат, ҳақорат ва бошқа нотўғри маълумотларни тарқатилиши оқибатида ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказилган деб ҳисоблаган фуқаро, Фуқаролик кодексининг 100-моддасига асосан, бундай маълумотларни рад этилишини ҳамда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиёнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир. Бу қоида юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилади. 

Хулоса 
1. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ: 

- ОАВлар ҳамда веб-сайтлар (веб-саҳифалар) эгалари, шу жумладан, блогерлар ўз тармоқларида туҳмат, ҳақорат ва қонунга мувофиқ жиноий 
ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа маълумотларни тарқатилмаслигини таъминлашлари, нотўғри маълумотлар қўйилган бўлса, уни ўчиришлари керак. Бу улар зиммасига юклаган мажбуриятлардир; 
- бу мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда тегишли веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан фойдаланиш белгиланган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин; 
- интернет тармоғида “пост” ёки изоҳлар орқали бошқа шахсни туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳамда қонунларга кўра жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этишда айбдор шахслар (ОАВ вакили ёки блогер ёхуд бошқа жисмоний шахс) Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 ва 41-моддалари,Жиноят кодексининг 139,140, 2441-моддалари,Фуқаролик кодексининг 100-моддаси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий, жиноий ва фуқаровий жавобгарликка тортилишлари мумкин. 

2. Ахборотни тарқатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш зарур. Чунки: 

биринчидан, мазкур муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг кўплиги (6 та қонун ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари мавжуд) ОАВлар, блогерлар ва аҳоли учун уларни билиш ва тушунишда қийинчилик туғдиради; 

иккинчидан, мавжуд қонун ҳужжатлари билан ахборотни тарқатиш билан боғлиқ муносабатлар етарлича тартибга солинмаган, ушбу муносабатлар субъектларига қўйилган талабларнинг бажарилишини назорат қилиш ва талаблар бажарилмаган ҳолларда жавобгарликка тортиш механизмлари мукаммал эмас (масалан, изоҳларни ўчириш мажбурияти бор, лекин ўчирмаганлик учун аниқ жавобгарлик белгиланмаган); 

учинчидан, сохта аккаунтлар орқали “пост” ва изоҳлар қолдириш имкониятининг мавжудлиги ҳар доим ҳам айбдорларни аниқлаш 
ва жавобгарликка тортишга имкон бермайди. 

Аъзам Мадаминов, Адлия вазирлиги ҳузуридаги 
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори в.в.б.