- Bosh sahifa
- Yangiliklar
“Жаслиқ” нинг ёпилишини халқаро ҳамжамият қандай қабул қилмоқда?
×
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Жаслиқ” 19-сон ихтисослаштирилган колониясини тугатиш тўғрисидаги қарорига қатор давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг тезкор муносабати Ўзбекистонда эътироф этилмоқда, дейилади, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
Келиб тушган маълумотларга кўра қатор халқаро ташкилотлар, давлат тузилмалари, сиёсий доираларнинг расмий вакиллари, ОАВ мазкур ҳужжатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ва унинг қадр-қимматини ҳурмат қилишдаги аҳамиятини таъкидламоқда.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс ўзининг Твиттердаги аккаунтида қуйидагиларни ёзиб қолдирди: “Биз Ўзбекистоннинг ёмон ном чиқарган “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш тўғрисидаги эълонини қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини яхшилаш учун ҳали олдинда кўп ишлар турибди, бироқ ушбу зулм масканининг тугатилиши ислоҳотлар йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади”.
АҚШ Давлат Департаментининг Инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат бюроси қуйидагича муносабат билдирди: “Биз “Жаслиқ” қамоқхонасини ёпиш тўғрисида эълон қилгани учун Ўзбекистондан миннатдормиз. Инсон ҳуқуқлари жамиятлари бу тўғрисида деярли сўнгги 20 йил давомида сўраб келаётган эди”.
БМТнинг Ўзбекистондаги Координатори Ҳелена Фрейзер ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорини қўллаб-қувватлади: “Мазкур жараён доирасида БМТ инсон ҳуқуқлари тамойиллари ва БМТнинг жиноятчиликнинг олдини олиш ва одил судлов соҳасидаги стандартлар ва нормалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонга ўзининг пенитенциар тизимини ислоҳ қилишда ва қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган санкциялар ва чораларни қўллашда бундан кейин кўмаклашишга тайёр”.
Европа Иттифоқининг “Жаслиқ” жазони ўташ колонияси ёпилиши бўйича баёнотида қуйидагилар қайд этилган: “2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилганидек, ҳуқуқ устуворлиги ва инсон ҳуқуқларига амал қилиниши Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий тараққиётини жадаллаштиришнинг узвий шарти ҳисобланади. Ҳам хорижий, ҳам ички иқтисодий операторларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга ишончи ва уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестиция киритишга тайёрлиги даражаси мазкур соҳадаги доимий ўсишга боғлиқ. ЕИ муносабатларимизни келажакда янги даражага кўтарувчи воқеаларни қўллаб-қувватлашга тайёр”.
Ўзбекистон давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларидаги ўзгаришларнинг асосий қисми ҳисобланувчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш соҳасидаги изчил ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишини ва қўллаб-қувватланиши юқори баҳолайди ва мазкур йўналишда халқаро, ҳукумат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни давом эттиришга содиқлигини тасдиқлайди.