Хусусий мулк ҳимоясига оид Фармон
2019-08-15 19:48:50 244
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтиришга оид катта Фармонни имзолади.
Унга кўра:
Бош прокуратура ва Президент ҳузуридаги Бизнес-омбудсман мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўради ва қуйидагиларга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат ўрнатади:
• хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилиши;
• мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш;
• хусусий мулкка, жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш;
• мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан, мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш;
• мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилиш.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланади:
• тадбиркорлик субъектларини ўзларининг асосий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш ишларига, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ҳамда бошқа ишларга мажбурий жалб қилиш;
• тадбиркорлик субъектларини ҳар қандай шаклда қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш ишларига) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;
• тадбиркорлик субъектлари иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.
2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси ва ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш бўйича ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади.
2020 йил 1 февралга қадар Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиб-таомилларини апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкалари бериш ҳоллари бундан мустасно.