Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 9 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ҚУВАСОЙ ШАҲАР ҲОКИМИ РАХИМЖОНОВ РАВШАН РАХМОНОВИЧНИНГ БАРЧА ҚУВАСОЙ ХАЛҚИГА МУРОЖААТИ

×

 2020-04-24 11:59:19    378

PDF yuklash
Chop etish


Ассалому алайкум азиз ҳамшаҳарлар! Қадри баланд отахонлар, мунис онахонлар!

Ҳурматли ака-укалар ва азиз опа-сингиллар!

   Аввалам бор барчаларингизни кириб келаётган муборак рамазон, сабр ва қаноат ойи билан табриклайман!

   Мен мана шундай синовли кунларда Қувасой шаҳри раҳбари сифатида Сиздек жафокаш ва меҳнаткаш хамшаҳарларим - азизларимга, Муҳтарам Президентимизнинг коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича халқимизга йўллаган мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда олдимизда турган долзарб вазифалар юзасидан мурожаат қилмоқчиман.

    Хабарингиз бор, шу кеча-кундузда дунё ҳамжамияти ва бутун инсоният мураккаб даврни бошидан кечиряпти. Давлатимиз раҳбарияти тарафидан юртимизда эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш ва коронавируснинг олдини олиш ҳамда кишилар саломатлигини муҳофаза этиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

     Қадрли фуқаролари! “COVID–19” пандемиясининг олдини олиш юзасидан Қувасой шаҳрида бор куч ва ғайратимизни сафарбар этганмиз. Жумладан, шаҳарда тождор вируснинг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича махсус Штаб ташкил қилинган бўлиб, жонкуяр ходимлар Сиз азизларнинг соғлиғингиз йўлида қайғуриб, кечаю-кундуз матонат билан иш олиб бормоқда.

    Қувасой шаҳри тиббиёт бирлашмаси, туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар - Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари ва бошқа мутасадди идоралар ҳамжиҳатликда аҳоли саломатлиги йўлида туну-кун касалликка қарши курашиш бўйича барча тадбирларни амалга оширмоқда.

    Кези келганда, фурсатдан фойдаланиб, синовли дамларда мазкур ишларда чинакам жасорат ва матонатини намоён этиб, ўзгаларга намуна бўлаётган фидоий ва садоқатли тиббиёт ходимларимизга самимий миннатдорчилигимни изҳор этаман.

    Халқимиз ўзининг донолиги ва ақлу-заковати ҳамда сабру-тоқати билан ушбу балою-офатлардан эсон-омон қутилиб кетишига чин дилдан ишонаман. Ана шундай синовли кунларда кўпчиликни ташвишга солаётган коронавирус пандемиясига қарши курашишда, мутасадди раҳбарларнинг ёнида туриб, қўллаб-қувватлаётган азиз халқимизга суянаман ва уларга раҳматимни айтаман.

      Шаҳар раҳбари сифатида сизларга шуни астойдил ва алоҳида айтмоқчиманки, коронавируснинг олдини олиш ва унинг тарқалмаслиги учун ҳукуматимиз ҳамда шахсан Муҳтарам Президентимиз томонларидан кескин ва ҳаётий чоралар кўрилмоқда.

    Азизлар! Кишининг кимлиги эл бошига иш тушганда билинади. Ушбу синовли лаҳзаларда шаҳримиз аҳолиси, ҳар бир идора раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилишимиз зарурлигини вазиятнинг ўзи тақоза этмоқда. Касалликни бартараф этишда, аниқроғи коронавирус пандемиясини уйимиз ва маҳалламизга кирмаслигини учун аввало барчамиз масъулиятни англаб етмоғимиз шарт.

    Юртдошларимиз орасида ваҳима ва саросимага солувчи гапларга чек қўйишимиз зарур.

    Қадрли отахонларимиз, мунис онахонларимиздан диёримизга келган ушбу балолардан тезроқ қутилишни яратгандан сўраб, дуода бўлишларини сўрайман.

     Шу билан бирга, эртамиз эгалари-болажонларимизни уй шароитида таҳсилни янада кучайтиришлари, бўш вақтларини унумли ташкил этишларини хоҳлардим.

    Азизлар! Дардини берган яратган, давосини ҳам беради. Кайфиятни туширманг! Яхши кунлар келиши аниқ, ҳали бу кунларни ҳам кўрмагандек бўлиб кетамиз! Бунинг учун барчамиз  қаттиқ  интизом билан тиббиёт ходимлари берган тавсияларга тўлиқ амал қилиб, “бу талаб- тавсияларни бажариш менинг инсоний бурчим” - деб қабул қилишларингизни истардим. Агар ушбу карантин қоидаларига итоат қилиб уйда ўтириб оила аъзоларимиз билан Яратгандан бундай офатни ер юзидан кўтарилишини тилаб дуоларда бўлиб турсак албатта дуоларимиз ижобат бўлишига имоним комил. Биз мусулмонлар қадимдан ҳар қандай мусибатларга сабрли бўлишга Пайғамбаримиз томонидан буюрилганмиз. Бугунги кунда ҳам сабрли бўлишга, ҳар хил уйдирма ва ваҳималарга берилмасдан қаттиқ ишонч билан биргаликда енгиб ўтишимиз лозим бўлади.

     Шу кунлардаги тарғибот ташвиқот ишларига қарамай, айрим фуқароларимиз томонидан карантин қоидаларига амал қилмасдан ёки ҳукуматимиз қарорларига беписандлик билан қараётганлар ҳам учраб турибди. Бу каби фуқароларимиз Президент қабулхонасига ва Давлат идораларига карантин қоидаларига зид равишда ўзларининг кичик маиший муаммолари билан ташриф буюришмоқда.

    Яна бир бор илтимос қиламан, уйингизда қолинг. Бу хам ўткинчи синов, бу офатдан кейин яхши кунлар албатта келади. Ана ўшанда  барчаларингизни шахсан қабул қилиб биргаликда муаммоларни ҳал қиламиз. Бугун фақат карантин қоидаларига амал қилиб уйда ўтиринг дейман.

    Қайд этишим керакки, коронавирус билан курашда тиббий чоралар кўриш билан бирга, ақлий салоҳият, темир интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатиш кераклигини даврнинг ўзи талаб этмоқда.

    Яна бир сўзни алоҳида қайд этишни истардимки, муҳтарам Президентимиз олиб бораётган оқилона ва адолатли сиёсатдан ҳеч бир инсон ва ҳеч бир оила бебаҳра қолмайди!

    Халқимиз асрлар давомида эзгулик, саховат, сабр-қаноат, меҳр-шафқат ойи сифатида нишонлаб келган муборак Рамазон ойи ҳам, бу йил бутун дунёда мураккаб эпидемиологик вазият давом этаётган оғир бир даврга тўғри келмоқда. Ана шундай муборак ой давомида, барчаларингиздан  муқаддас динимиз буюрган ибодат амалларини, хусусан таробех номозларини уйда ўқиб, ифторлик дастурхонларини ортиқча қариндош-уруқларсиз оила даврасида ўтказишингизни, ушбу фазилатли ойни Аллохнинг чексиз раҳмати ва мағфиратини сўраб, дуода бўлиб  кутиб олишга чақираман.

    Азиз ҳамшаҳарлар! Яратганнинг ўзи бутун халқимиз, жонажон диёримизни ўз паноҳида асрасин!

    Яна бир бор муқаддас рамазон ойи барчангизга муборак бўлсин!

   Уйда қолинг! Ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг!

    ҚУВАСОЙ ШАҲАР ҲОКИМИ РАХИМЖОНОВ РАВШАН РАХМОНОВИЧ