Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 10 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ЭНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

 2020-04-15 08:13:11    236

PDF yuklash
Chop etish


Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди. 

Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:

– Кундалик матбуотдан хабарингиз бор, бутун дунёда, жумладан республикамизда ҳам касалликка чалинганлар сони тобора кўпайиб бораётгани барчамиздан, бутун халқимиздан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин кучайтиришни, карантин билан боғлиқ жорий этилган барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилишни талаб этмоқда.

Албатта, барча амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз ҳамда шифокорларимизнинг қаҳрамонона меҳнатлари эвазига бугунгача ушбу касалликка чалинган 100 нафар юртдошимиз тўлиқ тузалди.

Карантинга олинган 222 минг нафар кишидан 141 минг нафари ундан чиқарилди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Ҳукумат комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришлари зарур.

Биринчидан, биз пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ва барча ресурсларимизни сафарбар этишимиз зарур.

Иккинчидан, мавжуд вазиятни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, бўлажак хавф-хатарларни, улар билан боғлиқ муаммоларни олдиндан прогноз қилишимиз ва уларнинг ечимига аниқ режа ва пухта чораларимиз билан тайёр туришимиз зарур.

Учинчидан, бу касалликни енгиш учун барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришимиз керак.

Хитой, Жанубий Корея, Россия, Исроил, Буюк Британия, Германия ва Япониянинг етакчи мутахассислари билан беморларни даволаш бўйича телемедицина орқали олиб бораётган мулоқотларимизни бошқа илғор давлатлар билан ҳам кенгайтиришимиз, уларнинг тавсияларини ўзимизда фаол жорий этишимиз шарт.

Бугун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси экспертлари билан ўтказилган видеоконференция ҳам, албатта, беморларимизни даволашда ўзининг ижобий натижасини беради, деб қатъий ишонаман.

Тўртинчидан, Республика комиссияси мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга, жойлардаги ҳокимлар, секторлар раҳбарларининг коронавирус тарқалиши олдини олиш ҳамда унинг иқтисодиёт ва инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш учун масъулиятини янада ошириш чораларини кучайтириши керак.

Айниқса, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлиги учун шахсан жавоб беради.

Айни пайтда, кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, бу каби эзгу ташаббусларни кўпайтириш жойлардаги барча мутасадди раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бири бўлмоғи лозим.

– Таъкидлаш керакки, - сўзида давом этди Президент, – пандемия ва карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, халқимиз тушкунлик ва саросимага тушгани йўқ. Мамлакатимизда фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмади. Биз вазиятдан келиб чиқиб, халқимизнинг соғлиғини ўйлаб, ишимизни бошқа шаклда ташкил этяпмиз. Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, «онлайн» режимда олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, раҳбарларга мурожаат қилиб шуни айтмоқчиманки, республикамиз ҳудудларида қишлоқ хўжалигида, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттиришимиз керак.

Чунки кун кутиб турмайди, ҳаёт давом этмоқда. Бугунги йўқотилган вақт ва имкониятларни эртага тиклаб бўлмайди.

Бизнинг олдимизда 34 миллионлик азиз халқимизни боқиш баробарида қанчадан-қанча етиштирган маҳсулотларимизни четга экспорт қилиш вазифалари ҳам турибди.

Албатта, биз яхши тушунамиз, уйда ўтириш осон иш эмас, лекин биз айни пайтда элимизнинг соғлиғини ва ҳаётини сақлаб қолиш учун энг мақбул восита сифатида шу тавсияга амал қилишга мажбурмиз.

Биз карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб ва таҳлил қилиб, албатта, кўриб чиқамиз.

Кўпни кўрган, турли синовларда тобланган мард ва матонатли халқимиз билан бу вақтинчалик қийинчиликларни биз, албатта, енгиб ўтамиз.

Буюк шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб, ҳаммамиз ғурур билан куйлайдиган Давлат мадҳиямизда «Улуғ халқ қудрати жўш урган замон», деган чуқур маъноли сўзлар бор.

Чиндан ҳам, мана шундай мураккаб ва синовли дамларда биз улуғ ва меҳнаткаш халқимизнинг қудрати, ақл-заковати ва сабр-матонати, меҳр-оқибати ва самимияти билан ушбу оғир синовларни ҳам, албатта, енгиб ўтамиз, – деб таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, марказий идоралар раҳбарларидан, бошқа мутасаддилардан улар бириктирилган ҳудудларда ҳар бир бемор аҳволи юзасидан ҳисобот олди, яратилган шароитлар ҳақида батафсил сўраб суриштирди.

Ундан ташқари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт илмий марказлари раҳбарлари ўзлари масъул бўлган ҳудудлардаги ҳар бир бемор ҳолидан шахсан хабар олишлари, давлатимиз томонидан яна қандай шароит ва ёрдам кераклиги устида тинимсиз қайғуришлари зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Ҳеч бир фуқаро қийинчилик билан юзма юз қолмаслиги яна бир бор алоҳида қайд этилди.

Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.