ЁЛҒОН ХАБАР ВА МИШ-МИШЛАРГА ИШОНМАНГ!
2020-03-19 14:27:04 250
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизматининг хабарида келтирилишича, бугунги кунда келиб мамлакатдаги ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган, аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқаришга қаратилган, фуқаролар тотувлигини бузиш ва вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатган ижтимоий тармоқлардаги 33 та аккаунт аниқланган. Улардан 25 таси хорижий мамлакатлардаги фойдаланувчиларга, 8 таси эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тегишли. Ҳозирда ушбу фуқароларнинг шахси аниқланиб, тегишли терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, вирусга чалинган ҳамда карантинда бўлган фуқароларнинг шахсларини оммага тарқатган икки нафар фуқаро аниқланиб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар томонидан сохта ва асоссиз маълумотларни тарқатаётган 13 нафар фуқаро аниқланиб, уларнинг тўққиз нафари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Тўрт нафарининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилади.
Шу муносабат Қувасой шаҳар ҳокимлиги огоҳлантиради:
1. Асосланмаган маълумотларга ишонманг, хабарлар билан расмий манбалар орқали танишинг.
2. Ўткинчи ҳиссиётларга берилманг, ваҳима ва саросимага тушманг, бугунги ҳаракатларингиз оқибатида эртага танишларингиз ёки оилангиз олдида уялиб қолишингиз мумкин.
3. Вазиятдан фойдаланиб, шахсий манфаат йўлида ғараз мақсадларни кўзламанг, ҳар бир ноқонуний хатти-ҳаракатингиз учун жавоб беришингизни, мамлакатимиздаги барқарорликни изидан чиқариш ниятида бўлган ёвуз ниятли кучларнинг ўйинчоғига айланиб қолманг.
Унутмангки, ҳар бир ҳолат зудлик билан аниқланади, айбдорларга нисбатан қонуний тартибда қатъий чоралар кўрилади.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.