Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 28 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

БОБУР НАВОИЙ ҲАҚИДА

 2020-02-09 06:34:10    249

PDF yuklash
Chop etish


Темурийлар Ренессансининг улуғ шоири, буюк мутафаккири, таниқли давлат ҳамда жамоат арбоби, “ўз даврининг энг маданий кишиси” Навоий шоҳ ва шоир Бобурнинг ҳаёт ҳамда ижод йўлида алоҳида ўрин тутган. У муҳташам “Бобурнома” асарида Мир Алишер Навоий, Алишербек, Алишер Навоий номлари ва бек нисбати билан у ҳақида ўн иккита олтин битик ёзиб қолдирган ва унинг тақдири туташган манзиллар сифатида эса Ҳирот, Самарқанд, Марв, Астробод шаҳарларини тилга олган.
“Бобурнома”ни варақласак, унда биринчи бўлиб тарихий шахслардан Навоийнинг табаррук номини ўқиймиз, гўё мумтоз асар Навоийнинг улуғ номи билан бошлангандек. Агар асарнинг мемуар асарларга хос тузилиши, сюжет чизиғи, воқеалар баёни, образлар оламига диққат қилсак, мемуар асар ўз даври анъаналарига кўра, вожиб ул-тасниф одобига биноан қисқа характердаги басмада, Оллоҳга ҳамд, Муҳаммад с.а.в.га наът каби анъанавий қисмлар билан бошланган. Ундан кейин Фарғона вилоятининг таърифи битилган. Фарғона вилоятининг пойтахти ҳисобланган Андижон шаҳри тўғрисида, хусусан, эли, тили ҳақида муаллиф бебаҳо маълумотларни ёзар экан, мазкур лавҳада битган ўз маълумотларига тамсил сифатида ва қиёслаш учун “бу тил биладур” деган изоҳ битиб, Навоий асарларининг тили хусусида гап бошлаган ва унинг шарафли номини эсга олган. Демак, муаллиф муҳташам асарида илк қаламга олган атоқли шахс, темурийлар Уйғониш даврининг улуғ сиймоси Навоий номи бўлиб чиқади. Яъни: “Эли туркдур. Шаҳри ва бозорида туркий билмас киши йўқтур. Элининг лафзи қалам била росттур. Анинг учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусаннафоти бовужудким Ҳирида нашъу намо топибдур, бу тил биладур”.
“Бобурнома”да улуғ шоир ҳақида иккинчи қизиқарли маълумот таниқли фозил инсон сифатида тарихда қолган, Ҳиротда ўн йил ва Самарқандда ҳам маълум муддат ҳокимлик қилган Аҳмад Ҳожибек билан боғлиқ тарихий лавҳада ёдга олинган. Бобур китобда ушбу темурий ҳукмдорнинг саккиз нафар умароларидан бири Аҳмад Ҳожибек эканлиги ҳақида алоҳида лавҳа ёзган ва ушбу лавҳада Навоий номини зикр қилган, унинг Самарқандда 1466 – 1469 йилларда кечган ҳаётини шарҳлар экан, ўша вақтда темурийлар давлати бошқарувида бўлган Мовароуннаҳрнинг пойтахти Самарқанд шаҳрининг ҳокими бўлган ва “Вафоий” тахаллуси билан яхши шеърлар битган соҳибдевон шоир Аҳмад Ҳожибекнинг “мураббий ва муқаввий”лигини эсга олган. Мазкур хабар ва ишора асарнинг Навоий фаолияти ёритилган яна бошқа иккита лавҳа баёнида хабар ичида хабар тарзида ҳам тамсиллар қилинган. Умуман, мемуарда ёзилишича, “мураббий ва муқаввий”лик темурийлар Ренессансида ҳукмдорлар, йирик мулкдорлар маънавияти, фазилати, услубига айланганини кўрсатади. Чунончи: “Мир Алишер Навоий Ҳиридин Самарқандға келган фурсатларда Аҳмад Ҳожибек била бўлур эди. Султон Ҳусайн Мирзо подшоҳ бўлғондин сўнгра Ҳириға келди. Асру улуғ риоят топди”. Агар мазкур сиқа маълумотга диққат қилсак, унда бир қатор тарихий воқеалар баёни бор. Яъни, биринчидан, йигирма беш ёшлардаги шоир йигитнинг темурийлар давлати бошқарувида, яъни Бобур тили билан айтганда, “Темурбекнинг юртида” бўлган Хуросон давлатининг пойтахти Ҳиротдан Мовароуннаҳр давлатининг пойтахти Самарқандга келиши, мадраса таҳсили, темурийлар Уйғониш даврининг машҳур фақиҳи Абуллайс Самарқандийдан унинг хонақоҳида икки йил давомида фиқҳ, ҳадис илмлари бўйича олган дарслари, бағрикенг, фозил устози томонидан унинг илмий, адабий иқтидорини юксак қадрлаб “фарзанд” мақомида кўрилиши. Иккинчидан, фозил шаҳар ҳокими Аҳмад Ҳожибек билан унинг дўстона муносабатлари аслида пойтахт Ҳиротдан бошланиб пойтахт Самарқандда давом қилгани. Учинчидан, Султон Ҳусайн Бойқаро 1469 йилда Хуросон давлатининг темурий ҳукмдори сифатида дор ус-салтанат Ҳирот тахтига ўтирар экан, у қосид – расмий чопар орқали унга расмий мактуб жўнатиб, мусоҳиби Навоийни ўз ҳузурига, Ҳиротга чақириб олиши. Тўртинчидан, Султон Ҳусайн Бойқаронинг Хуросон ҳукмдори сифатида тахтга ўтириш маросимида эса Навоийнинг Султонга қутлов сифатида машҳур “Ҳилолия” қасидасини битиб, тақдим қилиши ва унга муҳрдорлик, кейинчалик эса улуғ амир лавозимларининг берилиши. Бешинчидан, Бобур маълумотда ҳукмдор дўстидан “Асру улуғ риоят топди”, деб Навоийнинг ўттиз беш йиллик саройдаги хайрли фаолиятига, қизғин ижодига урғу бериши. Олтинчидан, Навоийнинг ҳам ўз навбатида Султон Ҳусайн Бойқарога, хонадонига, хусусан, темурийлар давлати бошқарувининг барқарорлашувига садоқат билан қилган фидокорона хизматлари, кўрсатган сиёсий иродасига ҳамда эришган тенгсиз обрўйи, темурийлар Уйғониш даврининг “Шамс ул-миллат”и ва “Макорим ул-ахлоқ”и деб топилишига, шон-шарафга тўла мазмунли, ибратли шонли ҳаёт йўлига ишора қилиши. Еттинчидан эса у ўзининг “Тарихи мулуки Ажам” асарида “Агар бўлса умрумға муҳлат физой”, яъни агар умрим вафо қилса, Султон Ҳусайн Бойқарога бағишлаб тарихий асар ёзаман, деб улуғ ният қилиши.
Фикримизча, Бобурнинг улуғ шоир ҳақидаги ушбу қисқа маълумотларининг айрим тарихий изоҳ, тафсилотлари Навоийнинг “Хамса”, “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Вақфия”, “Тарихи мулуки Ажам”, “Лисон ут-тайр” каби дурдона асарлари ҳамда хасби ҳол характеридаги фасоҳатли шеърларида ҳам санъаткорлик билан баён қилинганини ўқиш мумкин. Масалан, ушбу талқинда унинг “Мажолис ун-нафоис”да темурийлар Уйғониш даврининг фозил шаҳарлари ҳисобланмиш Ҳирот, Самарқанднинг фозил ҳокими ва ўзининг “мураббий, муқаввий”сига бағишлаб ёзган “Аҳмад Ҳожибек” номли фиқрасидир. Биринчидан, Навоий ва Бобур ёзган тарихий маълумотларда ўзаро муштарак тарихий, адабий ҳодисаларни кўрамиз, иккинчидан, Бобурнинг “Мир Алишер Навоий Ҳиридин Самарқандға келган фурсатларда Аҳмад Ҳожибек била бўлур эди”, деб айтган изоҳининг моҳиятини тўлиқроқ англаймиз, учинчидан, улуғ шоир ёзган фозил ҳокимнинг ҳасби ҳоли билан боғлиқ ишончли маълумотлар билан танишамиз, тўртинчидан, унинг ўз замонида ўта маданиятли шахс, муомала одоби юксак ва маънавиятли ҳоким бўлганини ифодаловчи “Сурати хуш ва сийрати дилкаш, ахлоқи ҳамида ва атвори писандида йигитдур”, деб битган эътирофидан хабардор бўламиз, бешинчидан эса, унинг лирикасидан намуна сифатида тазкирада келтирилган форс тилида битган бир гўзал ва ниҳоятда мазмунли матласи билан танишамиз.
“Бобурнома”да битилган Навоийнинг нурли сиймоси гавдаланган тўртинчи тарихий лавҳа ниҳоятда ибратли ва жуда таъсирли бўлиб, унда улуғ шоирнинг оддий, “кичкина” одамлардек ўксиб, ўкиниб, сиқилиб узоқ йиғлагани айтилган. XV аср ҳаёти, улуғ шоирнинг мулк иши ва кўнгул ишининг бир парчаси акс этган ушбу ибратли тасвирда икки нафар улуғ сиймонинг тарихда жуда камдан-кам учраши мумкин бўлган ўзаро мулоқотлари битилган. Ҳамда диалог усулига қурилган мулоқотда ростлик, холислик ифодалангани, сир сақлаш, аҳд ва шарт талқин қилингани билан ҳам ажралиб туради. Ушбу таъсирли лавҳада давлат раҳбари Султон Ҳусайн Бойқаро ва давлат арбоби улуғ амир Навоий нафақат ижодда, давлат бошқаруви билан боғлиқ мулку миллат ишларида, балки қалбан, руҳан ҳам якдил, ҳаммаслак эканлиги чин маънода очиб берилган. Агар буюкларнинг ўзаро муносабатларидаги нозик, махфий нуқталарни рамзий маънода тушуниб баҳоласак, “муҳри ихфо”(маҳкамлаш муҳри) ҳолати акс этганини кўрамиз. Мавлоно Жалолиддин Румий сўзлари билан айтганда эса, “Ичингдаги ичингдадур” деган ҳикмат мужассам эканлигини англаймиз. Билишимизча, бу ибратли “муҳри ихфо” ҳолатини “салтанат дағдағаси”, “мулкгирлик доияси”ни олтин бошидан кўп бора ўтказган, юракдан қайта-қайта ҳис қилган шоҳ ва шоир Бобур ҳам таъсирланиб ёзганга ўхшайди. Чунончи: “Бир кун Алишербек била Мирзонинг орасида бир суҳбат ўттиким, Мирзонинг тез фаҳмлилиға ва Алишербекнинг риққати (юмшоқлик, мулойимлик, кўнгли бўшлик) қалбиға долдур. Алишербексиррий (борий) сўзларни Мирзоға гўшаки (бурчак, хилват, чекка жой) ғалаба(қилиб) айтти. Доғи дедиким: “Бу сўзларни унутинг!” Мирзо филфол айттиким: “Қайси сўзларни?” Алишербек бисёр мутаассир бўлуб кўп йиғлади”.
Маълумки, “Бобурнома”да “муҳри ихфо”нинг акс тасвири бўлган, яъни кўнгил иши, мулк ишида очилган давлат, тадбир, кўнгил сирлари сабаб беклари ва ичкилари билан фожиали, беҳуда ўлим топган ҳукмдорларнинг, хусусан, “мундоқ хуштабъ ва пурфазилат ва ҳасаб ва насаб била ораста” Бойсунқур Мирзо ҳақида афсус, надомат билан “... Хусравшоҳ бадбахт кофири неъмат салтанат дағдағаси билаким, салтанат андоғ нокас, беҳунарларға не навъ еткай! Не асл, не насаб, не ҳунар, не ҳасаб, не тадбир, не шужоат, не инсоф, не адолат! Бойсунқур Мирзони беклари била тутиб Бойсунқур Мирзоға кериш солиб, муҳаррам ойининг ўни эрдиким, мундоқ хуштабъ ва пурфазилат ва ҳасаб ва насаб била ораста подшоҳзодани шаҳид қилди. Беклари ва ичкиларидин ҳам бир нечани ўлтурди”, деб жасоратга тўла дил ноласи билан битган тасвир, баёнлар ҳам асарда учрайди. Бу каби муҳим қайдларни Бобурнинг ўзи асарда “Нечукким, ҳар қайси ўз ерида мазкур бўлур” деб тушунтириш берган эслатмасидан ҳам билиб олсак бўлади.
Хулоса шуки, аслида Бобур “Бобурнома”да битган Алишер Навоий ҳақидаги маълумотларнинг ҳар бирида, хусусан, юқорида биз тилга олган лавҳаларда ҳам, биринчидан, гениал шоир, улуғ амирнинг бетакрор олами, буюк шахсияти, ҳаёт ва ижоддаги ўзига хос навоийона услуби мужассам бўлган. Иккинчидан эса, темурийлар Уйғониш даврига хос тараққиёт, қизғин ҳаёт ва ижод ҳамда бир қатор тарихий характердаги адабий, илмий, маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳам ўз ифодасини топган.
                                                                                                                                                Рустам ОРИПОВ, журналист.