“АРМИЯ ВА ХАЛҚ – БИР ТАНУ БИР ЖОН!”
2020-01-11 08:32:01 302
“Ҳарбийлар халқимизнинг маънавий етук фарзандлари бўлиши керак. Бунинг учун шахсий таркибнинг маънавий етуклигини, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш лозим. Сиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз ворислари эканлигингизни доим ҳис қилиб, шунга муносиб хизмат қилсангиз, ёшларимиз ватанпарварлик, она юртга садоқат туйғуларини сизлардан ўрганади”.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли кучлар Олий бош қўмондони.
Қувасой шаҳрида Ватан ҳимоячилари ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тадбири аввалида
сўз олган шаҳар ҳокими Адҳамжон Тўхтасинович Зиявитдинов ва шаҳар Адлия бўлими бошлиғи Ҳусан Иномовлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳнамолигида соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг амалдаги натижалари, ҳарбий хизматчиларимиз ва уларнинг оилаларига яратиб берилаётган қулайликлар, армия ва халқ бирлигини таъминлашга қаратилган мутлақо янги тузилма – ҳарбий-маъмурий секторлар барча ҳудудларда самарали фаолият юритаётганини таъкидлашди.
Ана шундай ислоҳотлар туфайли “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олийжаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради.
Дунё миқёсида халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар, миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг устувор вазифамиз бўлиб қолмоқда.
Давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган жанговар кучга айланиб бормоқда.
Бу борада ҳар бир ҳарбий хизматчининг профессионал билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳам давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишга бундан кейин ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг амалдаги натижаси сифатида шаҳарда ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш, уларни обод қилиш, замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Халқимиз ҳамиша ўзининг мард ва жасур ўғлонлари биалн фахрланади, уларнинг жасоратларини ёдга олади. Шу куни шаҳардаги Сўфон маҳалласида туғилиб вояга етган, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларига биқиниб кирган халқаро террорчиларга қарши олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Қаҳрамон Мадалиев хотираси ёдга олинди. Унинг номини абадий лаштириш мақсадида Қаҳрамон ўқиган мактабда унинг ҳайкали ўрнатилган, маҳалла кўчаларидан бири унинг номи билан аталади.
Байрам тадбири “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш билан давом этди. Шаҳар ҳокимлиги, Мудофаа ишлари бўлими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, корхона, ташкилот, муассаса ва таълим-тарбия соҳаси вакиллари Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида жон фидо қилган, ўша оғир йилларда ўзларининг кечаю-кундуз меҳнатлари билан ғалабани яқинлаштирган ота-боболаримиз, она-момоларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.
Умумхалқ байрамида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Қувасой шаҳрида жойлашган Н-ҳарбий қисм офицер ва аскарлари, шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилари ўзларининг қўл жанги, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда қандай ҳаракат қилишлари бўйича кўргазмали чиқишлари барчанинг олқишларига сазовор бўлди.
Байрам тадбирида ҳарбий техника, қурол-аслаҳа ва анжомлар кўргазмаси кексаю-ёшни бирдек қизиқтирди. Ҳарбий хизматчилар байрам қатнашчиларига мавжуд ҳарбий техника, қурол-аслаҳа ва анжомлар ва уларнинг хусусиятлари ҳақида сўзлаб беришди.
Қувасой шаҳрида Ватан ҳимоячилари ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилган байрам тадбирига Шарқий ҳарбий округ ҳарбий оркестри, Фарғона ҳарбий гарнизони маънавият ва маърифат маркази хонандалари кўтаринки руҳ бағишлашди.
Шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб ҳарбий техникалар, Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти шаҳар бўлими автотранспорт воситалари ва велоспортчи ёшларнинг саф тортиб ўтиши байрам тадбирига якун ясади.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.