ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ҚУВАСОЙЛИК ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
2020-01-10 06:48:48 261
Қувасой шаҳридаги собиқ “Қувасой чинниси” акциядорлик жамияти негизида ташкил этилган Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зонасида жойлашган “Quvasoy Besteks” МЧЖ Ўзбекистон – Туркия қўшма корхонасида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Мадаминович Ғаниев қувасойлик ёшлар билан учрашди.
Учрашув аввалида вилоят ҳокими ва қувасойлик ёшлар яқиндагина ўз фаолиятини бошлаган мазкур қўшма корхона фаолияти билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг, шу ернинг ўзида “Ҳоким ва ёшлар учрашуви” ташкилланди. Унда вилоят ва шаҳардаги корхона, ташкилот, муассаса ва идоралар раҳбарлари, шаҳардаги корхона, ташкилотлардаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари етакчилари, умумтаълим ҳамда ўрта махсус ўқув юртларида билим олаётган, ўқиш, маданият, санъат ва спорт соҳасида ютуқларга эришган, келгусида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган кўплаб ёшлар иштирок этишди.
Учрашувда вилоят ҳокими сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини алоҳида таъкидлади.
– Барчангизга маълумки, мамлакатимизда ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор дастурлар қабул қилиниб, сизларнинг ҳаётда ўз ўрнингизни топишларингиз учун кўмаклашишга катта эътибор қаратилмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Ёш авлоднинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, қайсидир йўналишлар бўйича вилоятимиз, қолаверса, республикамиз шарафини кўкларга кўтарувчи, бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бири – тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилаётир. Бу имкониятлардан унумли фойдаланилса, жамиятда учрайдиган кўплаб муаммоларга ечим топилади, турли кўнгилсиз ҳолатларга чек қўйилади...
Сўнгги пайтларда муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг шахсий ташаббуслари натижасида мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати янги поғонага кўтарилди. Бунга жавобан ёшларнинг барча соҳаларда фаоллиги ошмоқда. Буни биргина яқинда Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда ёшларимиз ўзларининг қанчалик сиёсий етуклигини намоён этганликларидан ҳам билиш мумкинлиги эътироф этилди.
Шу билан бир қаторда, тадбиркорлик, илм-фан, маданият, санъат ва спорт каби соҳаларда йигит-қизларимиз эришаётган ютуқлар барчамизга фахр улашаётганлиги, бу борада
Қувасой шаҳар ҳокимлиги ва ёшлар масалалари билан шуғулланувчи раҳбар ходимларлар улар томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни, янги лойиҳаларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаб, муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилаётганлиги тилга олинди.
Бахтиёр Қосимхўжаев, Бобуршоҳ Мирзаев, Нодирбек Шаропов, Розия Маллабоева, Ислом Йўлдошев, Маржона Аҳмедова сингари қувасойлик ёшлар вилоят ҳокимига ёшларни ўйлантириб келаётган муаммолар, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришда омил бўлувчи жиҳатлар ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди. Тадбирда иштирок этган шаҳардаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчиси Флора Эркинжонованинг “Тийран кўзлар” шеъри барчанинг олқишига сазовор бўлди.
“Саноатни ривожлантириш, фуқаролар ва ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш” мавзусида бўлиб ўтган юзма-юз мулоқот сўнггида тадбиркорлик, илм-фан, маданият, санъат ва спорт каби йўналишларда ютуқларга эришган бир гуруҳ қувасойлик ёшларга вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.
“Ҳоким ва ёшлар учрашуви” ортиқча расмиятчиликларсиз, эркин суҳбат тарзида ўтганлиги билан ҳам унинг иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.