ЁШЛАР ТАРБИЯСИГА ЛОҚАЙД БЎЛМАЙЛИК
2020-01-05 10:10:12 285
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашуви давомида ҳозирги глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар ҳақида сўзлай туриб, маҳрифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзларини ёдга олди.
Чиндан ҳам шиддат билан илдамлаб бораётган бугунги давр барчамизнинг олдимизга ғоят долзарб масалалардан бири – ёшлар қалби ва онгида Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат, халқимизнинг бой тарихига, миллий-маҳнавий қадриятларимизга бўлган ғурур ҳиссини уйғотиш ва мустаҳкамлаш билан бир қаторда, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, дилбандларимизнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш, уларнинг ўй ва фикрларини бунёдкорлик, ижодкорлик каби жамики эзгу ишларга йўналтира билишдир.
Ёшларимиз нафақат чуқур билимга эга бўлиши, балки бугунги кунда дунё саҳнида рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлмоғи, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, халқаро глобал тармоқ – интернет орқали тарқатилаётган маълумотларни холисона таҳлил қила билиши зарур. Ўсмир ёшлар ҳаётига хавф солаётган иллатлар – ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, ОИТС, диний экстремистик ҳамда террорчилик ташкилотлари қўяётган тузоқлар ва «оммавий маданият» кўринишидаги турли хил номақбул йўллардан сақлашда кенг жамоатчилик бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши давр талабига айланиб қолди.
Эндиликда «оммавий маданият» асосчилари ва унинг тарафдорлари «Маълум бир миллатни йўқотиш учун уни қириб ташлаш шарт эмас, балки уни энг катта бойлиги бўлган тили, дини, миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишнинг ўзи кифоя» деган ғояга асосланиб фаолият олиб боришмоқда.
Бугунги кунга келиб мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш, жумладан, компьютер қурилмаси ва унинг ажралмас дастури бўлган интернет тармоғи кириб бормаган хонадон қолмади, ҳисоб.
Интернет – бу, чек-чегарасиз, турли хил ишончли ва ишончсиз маълумотлар уммони. Унда исталган хабар ёки маълумотни ҳеч қандай қийинчиликсиз топиш мумкин. Ҳозирги глобаллашув жараёнлари фаоллашган бир пайтда ёшларимизни интернет тармоғидан тўғри ва оқилона фойдаланиш маданиятига ўргатишимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифадир.
Яна бир гапки, бу ҳақда тўхталмасликнинг иложи йўқ. Қайси мактаб, коллеж ёки бошқа таълим муассасасига борманг ёки кўча-кўйда бўлсин, ёшларимиз қўлида энг замонавий уяли телефонларни кўрасиз. Боз устига, фарзандининг туғилган куни ёки бирор байрам баҳонасида уларга бундай алоқа воситасини совға қилиш ота-оналар ўртасида кенг урф бўлиб бормоқда. Ваҳоланки, аксарият ота-оналар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таълим муассасаларида уяли алоқа воситаларидан фойдаланишни тартибга солувчи қароридан бехабарлигича қолмоқда. Дилбандининг қўлидаги телефон нима учун хизмат қилишини, бола кимлар билан суҳбатлашиши, унинг тарбиясига ушбу матоҳ қандай таъсир кўрсатаётгани эътибордан четда қолаётир. Нима учун баъзи фарзандлар ўз ота-оналарига беҳурматлик қилади, уларнинг панд-насиҳатларига қўл силташмоқда?! Нега фарзандларимиз тобора ишёқмас, ялқов, меҳрсиз бўлиб бораяпти!? Яхшилаб ўйлаб кўрилса, буларнинг барчасига ўша қимматбаҳо телефонлар-у интернет, қолаверса, ўзимиздаги азалий иллат – лоқайдлик сабабчидек.
Биз яшаётган реал оламдан фарқли ўлароқ, интернет виртуал олам ҳисобланади. Ушбу тармоқ орқали суҳбат қураётган одамларнинг кўп ҳолларда аслида ким эканлиги, ташқи кўриниши ёки жинси ҳақида аниқ маълумот бўлавермайди. Глобал тармоқдаги «суҳбатдошлар» бир-бирларини ўзлари истагандек таништирадилар. Демак, ушбу тармоқ ҳаммамиз учун керакли маълумотлар тақдим этиши билан бирга, кимлар учундир ўзларининг жирканч ғоя ва режаларини тарғиб қилиш, уларни кенгроқ ёйиш воситаси ҳамдир. Шундай экан, «оммавий маданият» ниқобига ўралган, миллий маънавиятимизга путур етказувчи жамики иллатлардан, аввало ўзимизни халос қилайлик, ортимиздан эргашиб келаётган фарзандларимизни бундан офатлардан сақлайлик. Улар қалбида миллий-мафкуравий иммунитетни кучайтирмоғимиз, ҳаёт синовларига бардошли, ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг давлат ва жамият, қолаверса келажагимиз олдидаги масъулиятли вазифамиз эканини унутмайлик!
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.