Инсон ҳуқуқлари - энг олий қадрият
2019-08-28 14:55:14 250
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг туб моҳияти инсон ҳуқуқлари ҳимоясини қонунда ва амалда таъминлаш ҳамда бунинг кафолатларини яратишдан иборат. Зеро, Асосий қонунимизнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги тўғрисидаги қоида билан бошлангани ҳам инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг давлат мафаатларидан устунлиги ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Бошқача айтганда, Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш мамлакат ижтимоий ривожланиши ва давлат қурилиши, шунингдек ички ва ташқи сиёсатининг энг асосий йўналиши этиб белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, инсоният тараққиётининг энг асосий ютуқларидан бири бўлган инсон ҳуқуқлари ғоясини қўллаш - халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзагини ташкил этади. 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган “Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси”нинг 1-моддаси инсон ҳуқуқлари тизимининг энг асосий қоидаларини назарда тутади. Унга кўра, эркинлик, тенглик ва бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳуқуқлар инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисмидир. БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги 171-резалюцияси эса, инсон ҳуқуқлари тушунчасининг умумийлик (универсаллик), бўлинмаслик, ўзаро боғлиқлик, дахлсизлик, холислик, танланмаслик каби асосий принципларга асосланишини белгилаб берди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб инсон ҳуқуқлари ғояларига содиқлигини ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини эълон қилди. Бунинг тасдиғи сифатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 60 та асосий халқаро ҳужжатга қўшилганини, БМТ томонидан бу соҳада қабул қилинган 6 та энг асосий халқаро шартномага аъзо бўлганини таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикасида барча давлат органларининг фаолияти ўз ваколатлари доирасида инсон ва жамият фаровонлигига хизмат қилишга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга жамият тараққиётини юксалтиришга қаратилган. Шу жумладан, туман (шаҳар) адлия бўлимларининг вазифалари ҳам бевосита Асосий қонунимизда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда бузилишнинг олдини олиш юзасидан тегишли чоралар қўллашга йўналтирилган.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил
8 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мустақил Ўзбекистоннинг адлия органлари фаолиятини ташкил этишда ва тарихий аҳамият касб этди. Мазкур Фармон билан Ўзбекистон ССР адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш масалалари тўғрисида”ги 523-сонли қарори қабул қилиниб, адлия органларининг вазифалари, функциялари ва ҳуқуқларини белгиловчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди.
Сўнги йилларда мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар баробарида адлия органлари фаолиятини ҳам замон талабларига мос тарзда жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштиришга мувофиқ равишда ташкил этишга катта эътибор берилди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 370-сонли қарори адлия органлари фаолиятини янги йўналишда маҳаллий давлат ҳокимиятидан мустақил орган сифатида ташкил этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур қарор билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг янги таҳрирдаги Низоми тасдиқланди.
Мазкур қарорнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, қарор асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси, Қарақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шахар адлия бошқармаларида тегишли бўлимлар ташкил этилди.
Шунингдек, инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда яна бир катта қадамлардан бири бу Ўзбекистон Республикаси Президентииннг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сон Фармони ҳамда шу кундаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сон Қарорининг қабул қилинишидир.
Мазкур тарихий ҳужжатлар билан Ўзбекистон тарихида илк маротаба республиканинг барча туман ва шаҳарларида адлия бўлимлари ташкил этилди.
Ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларига муҳим роль ажратилди.
Туман ва шаҳар адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири сифатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ваколати берилди.
Хусусан, Қувасой шаҳар адлия бўлими томонидан ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ваколат доирасида кўриб чиқилмоқда.
Жумладан, 2019 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида бўлим томонидан жами 197 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, шундан 195 таси бўлимда ҳал этилган, ҳал этилган мурожаатларнинг 185 таси қаноатлантирилган бўлса,
10 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Қувасой шаҳар адлия бўлим бошлиғи ХУСАНБОЙ ИНОМОВ