Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 20 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Молия вазирлиги ошган нархлар юзасидан тушунтириш берди

×

 2019-08-19 11:18:37    268

PDF yuklash
Chop etish


Кундалик турмушда зарур бўлган электр энергияси, иссиқлик ва сув таъминоти ҳамда жамоат транспорти нархлари мўътадил бўлишини ҳамма истайди. Уларнинг нархи ошиши эса аҳолида доим норозилик пайдо қилади. Лекин нима учун нарх оширилади?


Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига мурожаат қилган.

Молия вазирлигидан маълум қилишларича, ижтимоий аҳамиятга эга тармоқ ва корхоналар давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Уларга турли имтиёз ва субсидиялар берилади.

Бироқ, жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, маълум тоифадаги корхоналарга давлат томонидан берилаётган дотациялар уларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кўп йиллар мобайнида коммунал хизматлар учун корхонада белгиланган нарх ва чакана нархлар ҳамда жамоат транспортидаги йўл кира ҳақи уларнинг таннархидан паст миқдорда белгиланар эди. Ушбу корхоналар кўрадиган зарар субсидиялар ёки бюджет олдидаги қарздорликдан воз кечиш орқали қоплаб келинган.

Энергия ресурсларини ишлаб чиқаришда табиий газ ва нефтнинг ўрни беқиёс. Электр таннархи таркибидаги харажатлар (ишлаб чиқаришдан тортиб истеъмолчига етиб боргунча бўлган нархлар)нинг 46 фоизини табиий газ, 6 фоизини кўмир ва мазут билан боғлиқ харажатлар, 12 фоизини технологик йўқотишлар ташкил этади. Демак, барча ресурслар, шу жумладан, жамоат транспорти нархи бир-бирига чамбарчас боғлиқ.

Маҳаллий хомашё етишмаслиги, четдан табиий газ ва нефть маҳсулотларини импорт қилиш зарурати ва ушбу ресурсларни хорижий корхоналардан умумжаҳон нархларида харид қилинаётгани табиий газ ва нефть маҳсулотларининг нархига таъсир кўрсатади. Айни дамда янги конларни очиш ва амалдаги скважиналарни капитал таъмирлаш молиявий маблағлар етишмаслиги сабаб суст бормоқда. Демакки углеводород ишлаб чиқариш ҳажми ҳам пасаймоқда.

Ёқилғи-энергетика комплекси ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида муҳим роль ўйнайди. Мамлакатдаги ушбу комплексни ислоҳ қилиш бўйича туб ўзгаришларни амалга оширмай туриб ишончли ва самарали электр-иссиқлик таъминотини етказиб бериш, бошқа тармоқларни ривожлантириш, бутун жамиятнинг нормал ҳаёт кечиришини таъминлаб бўлмайди.

Давлатнинг хўжаликни бошқаришнинг бозор шартларига, жумладан, тарифларни тўғридан-тўғри тартибга солиш ва алоҳида соҳаларга субсидия бериш шаклидаги ҳаддан зиёд аралашуви аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, ресурслар нархи ва белгиланган нархлар ўртасидаги улкан тафовутни ҳар қандай нуқтаи назардан ҳам оқланган, деб ҳисоблаб бўлмайди.

Боз устига амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, паст тарифлар битмас-туганмасдек кўринадиган қимматбаҳо, бироқ арзон баҳоланган ресурсларни бепарволарча сарф қилинишига сабаб бўлмоқда. Фуқаролар энергияни тежайдиган замонавий технологияларни жорий қилиш ҳақида ўйламайдилар – чунки улар бундан манфаатдор эмас.

Шундай қилиб, нархни шакллантириш бўйича юзага келган мустаҳкам занжир ёқилғи-энергетика комплекси корхоналари фаолияти ёмонлашувига олиб келмоқда. Бу эса келгусида мамлакатимизнинг энергетика хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Бу, ўз навбатида, халқимиз фаровонлигини яхшилаш йўлида маълум тўсиқларни келтириб чиқаради.

Аксарият ҳолларда маҳаллий тарифлар анча паст. Қозоғистонда газ нархи пастлиги унинг бу ресурсларга бойлиги билан, Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергия нархи арзонлиги мамлакатдаги давлатларнинг қудратли гидроресурсларга эгалиги билан изоҳланади. Бунинг устига ушбу мамлакатларда аҳоли сони ҳам анча кам.

Мамлакатимиз шароитида эса тарифларни ошириш зарур чоралардан бири бўлиб, буни амалга оширмасдан туриб, энг муҳим муаммоларни ҳал этиб бўлмайди.

Тарифлар ошиши аҳолини қийин аҳволга солиб қўяди, деган миш-мишлар эса унчалик тўғри эмас. Чунки нарх ошишидан олдин аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлатнинг доимий эътиборида.

2018 йилнинг 16 ноябридан бошлаб юридик шахслар учун 1 кВт/с электр нархи 331 сўм ва 1 куб метр табиий газ нархи 600 сўм миқдорида баҳоланди. Айни пайтда аҳоли учун бу нархлар атиги 10 фоизга оширилди, холос. Яъни 1 кВт/с электр нархи 250 сўм ва 1 куб метр газ нархи 320 сўм миқдорида белгиланди.

Аҳоли ва юридик шахслар учун энергия ресурсларига белгиланган нархлар ўртасидаги фарқни қисқартириш ҳамда соҳани зарар кўрмайдиган даражага олиб чиқиш мақсадида 2019 йил 15 августдан янги тарифлар белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Яъни, фуқаролар учун 1 кВт/с электр нархи 295 сўмни, юридик шахслар учун 450 сўмни, жисмоний шахслар учун 1 куб метр газ 380 сўм ва юридик шахслар учун 660 сўмни ташкил этади.

Натижада, аҳоли учун электр энергия ва табиий газ тарифлари юридик шахсларникига нисбатан 1,5 ва 1,7 баравар камайди. Бу кўрсатгичларни таққослар эканмиз, Ўзбекистон ҳукумати юртдошларимизнинг молиявий юкини енгиллаштиришга ҳаракат қилаётганига ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Ижтимоий кўмакнинг яна бир чораси – ойлик иш ҳақи, стипендиялар, пенсиялар ва бошқа нафақалар миқдорининг мунтазам ошириб борилишидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг биринчи чорагида мамлакатдаги ўртача номинал ойлик иш ҳақи 2049,7 миллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсатгич ўтган йилда 1549,9 миллион сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг январь ойидан бошлаб жисмоний шахслар учун даромад солиғи 12 фоиз этиб белгиланди. Илгари бу 22,5 фоизни ташкил этарди. Шунингдек, жорий йилдан бошлаб ойлик иш ҳақидан пенсия жамғармаси учун ушлаб қолинадиган 8 фоиз миқдоридаги ажратмалар бекор қилинди. Шу билан аҳоли даромадлари 2018 йил билан таққослаганда ўртача 43 фоизга ўсган. Айни дамда аҳоли учун белгиланган газ ва электр энергияси тарифлари йил бошида ўртача 22 фоизга ўсди. Жорий йил 1 августдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақи миқдори яна 10 фоизга оширилди.

Сир эмас, бугунги кунда ресурслардан фойдаланишда истеъмолчининг асосий нормаси белгиланмоқда. 2019 йил 1 январдан бошлаб Юнусобод туманида тажриба тариқаси энергия ресурсларини истеъмол қилишнинг меъёри белгиланди. Келгусида бу мамлакат бўйлаб қўлланилиши учун мукаммал ишлаб чиқилади.

Ҳозирги кунда газ бўйича амал қилаётган меъёр бир абонент учун иситиш мавсумидаги беш ойда 1000 куб метр, қолган вақтларда 250 куб метр газни ташкил этади. Белгиланган лимитдан ошиб кетса, газ ҳақини тўлашда 1,2 миқдоридаги оширилган коэффициент қўлланилади.

Тажриба синов тариқасида амалга оширилаётган лойиҳада белгиланганидек, газни назорат қилиш ва ҳисобга олиш автоматлашган тизими ишга туширилганидан сўнгина табиий газнинг асосий меъёридан фойдаланилади. Масалан, Юнусобод туманидан ташқари Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ҳам ўрганиб чиқилди. Бу ерда жорий йилнинг биринчи чорагидаги меъёрий йўқотишлар 0,8 фоизни, меъёрдан ортиқ йўқотишлар эса — 2,7 фоизни ташкил этган.

Газ қувурлари эскиргани, абонентларнинг замонавий ҳисобга олиш приборлари билан таъминланмагани ҳам меъёрдан ортиқ йўқотишларга сабаб бўлмоқда. Газни назорат қилиш ва ҳисобга олиш автоматлашган тизими меъёрдан ортиқ йўқотишларни қисқартириш имконини беради. Тизим барча истеъмолчилар қатламларига 2022 йилгача тўлиқ жорий қилиниши режалаштирилган.

Бу каби чоралар энергоресурслар ишлаб чиқиш жараёнларини модернизация қилиш билан бирга нафақат ҳозирги, балки келажак авлодлар ҳам фойдаланиши зарур бўлган манбаларни тежаб ишлатиш, уни беҳуда исроф қилмаслик каби хайрли мақсадларга ҳам хизмат қилади.