ОТ СПОРТИ-ЖАНГОВАР ҲАРБИЙ ТАЙЁРГАРЛИКНИНГ АСОСИНИ ТАШКИЛ ЭТАДИ
2019-08-13 22:21:13 261
Шу боис ҳарбий қисмларда аскарларни жанговар руҳда тарбиялаш учун от спорт турлари билан шуғуллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
“Фарзандлари соғлом юрт-қудратли бўлур”. Мантиқан олиб қаралганда бу хикматли ибора замирида олам-олам маъно бор. Ҳақиқатдан ҳам бугунги ҳаракат эртага ўз самарасини беришлиги аниқ. Қувасой шаҳридаги Пакана қишлоғида қад ростлаган Фарғона водийсида ягона бўлган Қорабайир зотли отларни етиштиришга мўлжалланган «Водий тулпорлари» наслчилик комплексини ишга тушганлигига ҳали унча кўп вақт бўлмасада, қадим авлодларимиз анъаналарини тиклашда, ўсиб келаётган ёш авлодни ўз Ватанига муҳаббат, садоқат ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбияланишларида ўзига хос мактаб вазифасини ўташ билан бирга, тиббиётда ҳам айрим беморларни от миниш орқали даволовчи “Иппотерапия” деган махсус асл даволаш усулига қайтилди, десак ҳам бўлаверади. Чунки, Иппотерапия-бу беморнинг жисмоний, ақлий ва ҳиссий ҳолатини яхшилайди. Сир эмаски, бу йўл билан ошқозон-ичак ва юрак-қон томир касалликларини даволашда эгарланмаган от миниб сайр қилишнинг ижобий аҳамияти исботланган.
Шунингдек, от минишнинг фойдали экани полимелит асоратини йўқотишда, таянч-ҳаракат аппарати касалликларини, қолаверса ақлий заифлик, тутқаноқ(эпилепсия), шизофрения (руҳий касаллик тури)ни даволашда ҳам кузатилган. Бугунги кунда шаҳримиздаги “От спорт комплекси”да ҳам болалар спортини ривожлантириш, болаларни спортга жалб қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Айни кунларда “Кварц” А/Жнинг ташаббусига кўра, Фарғона шаҳридаги “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи тарбияланувчилари, Қувасой шаҳридаги БЎСМ, шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактаблари, маҳаллалар ва оилалар билан ҳамкорликда олиб борилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги, бу йўлдаги асосий қадамлардан биридир.
Айни кунларда “Водий тулпорлари” от комплексида Қувасой шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли 27-умумтаълим мактабининг 5-6-7-синф ўқувчиларидан иборат яқин 20 нафардан ортиқ ўғил болалар ўзларининг бўш вақтларида шу ерга келишиб, от спорти билан мунтазам шуғулланишмоқда. Бу ерда Қорабайир зотли отларни минишни ўзига яраша машаққати, сир-асрорлари бор, албатта. Шу сабабли, бу ерда тўгарак иштирокчиларига от спорти бўйича мураббий Эргашали Қурбонов, Умрбек Маматовлар яқиндан сабоқ бериб келишмоқда. Эндиликда нафақат шаҳримиздаги 27-умумтаълим мактаби, балки қолган барча мактаб ўқувчилари ҳам ушбу тўгаракларга келиб, бемалол сабоқ олишлари мумкин.
Фарғона шаҳридаги “Мурувват” Ногирон болалар учун интернат уйи тарбияланувчилари яқин бир ойдан буён кун ора бу ерга келиб туришибди. Нега десангиз, бу ерда “Иппотерапия” усули орқали болалар даво топмоқда, десак ҳам бўлаверади.
Мазкур интернат уйи тарбияланувчиси Аҳмадали Орипов 13 ёшда, у мактабда ўқиётган даврида тез-тез тутқаноқ(эпилепсия) касали билан оғриб турганлиги сабабли, Аҳмадалининг ота-онаси уни мактабдан олиб, кўнгли ҳотиржам бўлиш ниятида ушбу интернатга топширган эканлар. Аҳмадали мен билан суҳбат чоғида шундай деди:
-Мен тўғрисини айтсам, ўзим билмаган ҳолда хушимни йўқотиб қўярдим. Бу ерга келганимизда, дастлаб мени отга миндиришганда бироз чўчидим. Кейин менда секин-аста қандайдир ўзгариш бўлаётганлигини сездим. Шундан кейин отга бўлган муҳаббатим янада кучайди. Имкон берилса, шу ерда кечга қадар от миниб юраверсам. Шукур қиламанки, бизни бу ерга келиб туришимизга “Кварц” А/Ж раҳбарияти, “Водий тулпорлари” МЧЖнинг ёрдамлари жуда катта бўлганлигини билдик. Мана шулар қаторида тарбиячи, дўхтир акаларимизга ҳам мингдан-минг раҳматлар айтамиз. Агар мен соғ-саломат катта бўлсам, албатта ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қилганман. Мен ўшанда дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири бўламан, деди.
Биз “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйи тарбиячиси Шерзодбек Икромовнинг сўзларига диққат билан қулоқ солдик:- Биз бу ерга келганимизда болаларнинг отга нисбатан қўрқиши жуда кучли эди. Ҳозир уларда анча ўзгаришлар бор, руҳиятлари ҳам кўтарилган.
Ака-ука Диёрбек ҳамда Жалолбек Абдуғаффоровлар тарбиячиларнинг айтишларига қараганда интернат уйига келганларида бир ерда ўтириб, юришолмас эканлар. Диёрбекни интернат уйида бир йилдан буён Давлатжон Абдурахмоновдан уқалаш(массаж) усули билан даволанаётгани, ҳозир мана гувоҳ бўлганидек, Диёрбек товони билан аста-секин юра бошлаганини кўрдик.
-Диёрбекни укаси Жалолбекни дастлаб оёқлари бир-биридан ажралиши қийин эди, у кунлик уқалаш(массаж)ни олиб келмоқда. У ҳам аста-секинлик билан ҳар гал отга миндирилиб, ўргатиляпти. Жалобекда бугунги кунда анча ўзгаришлар катта. Бемалол отга ўткизилиб, оёқларини очиб, минишга ҳаракат қилаяпти,-дейди Д. Абдураҳмонов.
Биз сўзимиз, далилимиз кучли бўлиши учун хулоса ўрнида ёзувчи Абдуқаҳҳор Хонназаровнинг мақоласидан парча келтирамиз: ... Адир этагида биз тавсия қилган касаллар отларга навбатма-навбат минишяпти.
Улар орасида ёш болалар ҳам анчагина. 12-13 ёшлардаги рангпар, озғин бемор бола ўриндиққа ҳолсизгина чўкиб, отларни кузатади. От миниш навбати келганида эса кўзларида ўт чақнагандек бўлади. Ўзгача ғайрат билан отга талпинади. Эгарга мингач, “мени расмга олинглар!” дейди қаддини кериб. Унинг бу ҳаракатларидан онаси беҳад хурсанд. Чунки, ўғлини “лейкоз” ташхиси билан ҳузуримизга олиб келганида аҳволи анча эди. “От миниш ўғлимнинг соғайишига анча ёрдам беряпти”, дейди онаизор миннатдор бўлиб.
Ў.КАРИМОВА, “Исфайрам”
газетаси махсус мухбири.