ШИФОКОРЛАР АҲОЛИНИ КЎЧАГА ЧИҚМАСЛИККА ЧАҚИРЯПТИ
2020-03-20 08:54:37 260
Маълумки, жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилган эди. Айни вақтда беморлар 23 нафарга етди. Мамлакатда аҳолининг саломатлигини сақлаш, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида қатор чоралар кўрилмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистонда аҳолига оиласи ва фарзандлари даврасида вақт ўтказиш, зарурат бўлмаганда, кўчага чиқмаслик, жамоат жойларига бормаслик тавсия қилинмоқда.
Бугун, 19 март куни ўзбекистонлик шифокорлар ижтимоий тармоқларда ўзига хос челенж бошлади. Унда шифокорлар аҳолига “Биз сиз учун ишда қолдик, сиз биз учун уйда қолинг”, дея мурожаат қилмоқда.
Бутун дунёда кенг тарқалган коронавирус ҳар бир мамлакатда аҳолининг бундай офатларга қанчалик тайёр экани, қанчалик миллат, халқ ўлароқ жипслашганини юзага чиқарди. Қолаверса, кўплаб мамлакатларда шифокорларнинг қай даражада фидоийлиги, аҳоли саломатлиги учун қанчалик масъулиятни бўйнига олиши, ўз ҳаётини қанчалик хавфга қўйишини кўрсатди. Кўплаб мамлакатларда, хусусан Европада шифокорлар иш ташлади. Аҳоли саломатлигини сақлашдан ўз жонини асрашни маъқул кўрди. Ўзбекистонлик шифокорлар эса беморлар ётган ҳудудда оиласи, бола-чақаси, яқинларидан айри яшамоқда. Улар билан бир ҳаводан нафас олмоқда, ҳаётини хавф остига қўймоқда.
Баъзан шифокорларнинг шарафли касби, шахсига нисбатан турли гап-сўзлар қулоғингизга чалинади. Шифокорларга нисбатан тазйиқлар, ҳақорат, қўл кўтаришларга ҳам гувоҳ бўлдик. Энг оғир кунларда эса улар ишда, халқ саломатлиги йўлида хизмат қилиб, ширин жонини гаровга қўймоқда. Яна улар бошқаларга кўчага чиқмасликни тавсия қилмоқда.
Ўзбекистонда коронавирусга қарши чораларни кўриш жорий йилнинг январь ойиданоқ бошланган эди. Мамлакатда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси тузилди. Ушбу комиссияга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раислик қилмоқда.
Мамлакатда етарли даражада чоралар кўрилиб, улар кун сайин кучайтирилмоқда. Боғча, мактаб, коллеж ва техникум, олий таълим муассасалари, масжидлар карантин учун ёпилди. Мамлакатга кириш ва чиқиш буткул тақиқланди. Бугундан эътиборан массаж салонлари, дискотека, дискобарлар, болалар ўйингоҳлари фаолияти тўхтатилади.
Давлат чораларни кучайтиргани билан кўп нарса одамларнинг ўзига боғлиқ. Қарс икки қўлдан чиқади. Айни вазиятда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган тавсиялар ва кўрсатмаларга амал қилиш мақсадга мувофиқ.