Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 21 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ЎЗБЕК ВА ОЗАР ХАЛҚЛАРИНИНГ ТУТАШ ТОМИРЛАРИ

 2020-02-09 06:31:55    279

PDF yuklash
Chop etish


Дунёда тили, урф-одатлари, маданияти жиҳатидан бир-бирига ўхшаб кетадиган миллат ва элатлар кўп. Ўзбек ва озарбайжон халқларини ана шундай халқлар қаторига бемалол қўша оламиз.

Дарҳақиқат, ҳар икки халқ вакиллари бир-бирини бемалол таржимасиз тушуна олади. Турмуш тарзимизда, анъана ва урф-одатларимизда, халқ оғзаки ижоди ва ёзма адабиётда муштарак жиҳатларни кўплаб учратиш мумкин.

Бу икки буюк халқни асрлар, минг йиллар мобайнида бир-бирига боғлаб келган ўхшаш жиҳатлар кўп. Халқларимизнинг муштарак ёдгорлиги ҳисобланмиш, “Авесто” китоби, шунингдек, халқ оғзаки ижодининг ўлмас дурдоналари саналган “Гўрўғли”, “Ошиқ Ғариб”, “Дада Қўрқут” достонлари ана шу азалий қардошлик, дўстлик ва биродарликнинг ёрқин исботидир. Ўзбек мусиқасининг гултожи саналган нодир мақомларимиз ва бетакрор Озарбайжон муғомлари орасидаги ҳамоҳанглик ҳар икки халқ ўртасидаги яқинликни ўзида ифодалайди.

Азалий алоқалар ҳақида гап кетганда мумтоз адабиётимиз хусусида тўхталмай иложимиз йўқ. Назм мулкининг султони Ҳазрат Мир Алишер Навоий буюк Шарқ мутафаккирларидан бири Низомий Ганжавийни ўз устозларидан бири сифатида эътироф этган. Улуғ шоиримиз “Фарҳод ва Ширин”да ёзади:

Агарчи Ганжада ороми онинг,

Вале ганж узра доим гоми онинг.

Кўнгул кунжин қилиб ганжи маоний,

Оғиз абвоби савтидин ниҳоний...

...Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасига панжа урмоқ.

Шунингдек, улуғ бобокалонимиз Навоий ҳазратлари Қосим Анвор, Саййид Имодиддин Насимий сингари озар адабиётининг етук намояндалари ижодига юксак ҳурмат ила ёндашган. Ўз навбатида, озар мумтоз адабиётининг яна атоқли бир вакили Муҳаммад Фузулий ҳазрат Навоийнинг издошларидан саналади. Фузулийнинг кўпгина ғазалларида навоиёна оҳанг, ҳассослик ва зийраклик кўзга ташланади.

Ўлмишди Навоийи сухандон,

Манзури шаҳаншаҳи Хуросон,

дея улуғ шоиримизга юксак баҳо берган эди Фузулий..

Шоҳ ва шоир, Темурийзода ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва асли келиб чиқиши озарбайжон бўлган етук саркарда Шоҳ Исмоил Сафавий орасидаги дўстона муносабатлар тарихий манбаларда ўз аксини топган.

Ҳақпарастлиги туфайли дорга тортилган ўзбек шоири Машраб ўз қисматдоши Насимийнинг фожиасини бир ғазалида таассуф ила битиб ўтган эди.

Куфр айтти деб, Насимийнинг терисин сўйдилар,

Гўшту пўстин сўйлатиб оламга гўё қилди ишқ.

Қадим-қадимдан шеъриятга, адабиётга ошуфта бўлган аждодларимиз Навоийни ҳам, Фузулийни ҳам, Насимий ва Машрабни ҳам бир хил муҳаббат ва эҳтиром ила эъзозлаб, мутолаа қилиб келганлар, ҳар икки халққа мансуб ҳассос шоирлар яратган бебаҳо дурдоналар таржимасиз тушунилган. Бугунги кунда ҳам Фузулий, Насимий шеърлари асосида айтиладиган ўзбек қўшиқлари, Навоий ғазалларига басталанган озар тароналари мусиқа шайдоларининг кўнгил мулкига айланиб улгурган.

Ўтган асрда ҳам ҳар икки халқ, икки миллат ўртасидаги ҳар томонлама алоқалар кўлами кенгайди. Бу эса, йигирманчи асрдаги адабиётимизнинг етук намояндалари ижодида алоҳида ўрин тутгани ҳам айни ҳақиқат. Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Самад Вурғун, Мирза Иброҳимов сингари адиблар ана шу азалий дўстликни ўз асарларида тараннум этганлар.

Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг Озарбайжонга бағишлаб ёзилган шеърида мана бундай ўтли мисраларни учратамиз.

Хаёл оти билан кезгил ҳар ённи,

Топмассан бундайин хушбахт бир онни.

Эъзозлаб кўтариб турибди бошга,

Бу кун озар эли Ўзбекистонни.

Мавжуд бўлмасайди оламда агар,

Ўйлаб топар эдим Озарбайжонни.

Озарбайжон киноусталари томонидан яратилган “Аршин мол-олон”, “Қайнона”, “Аҳмад қаерда?” сингари ўлмас фильмларни ўзбек томошабинлари бугун ҳам айрича завқ-шавқ ила томоша қилишади. “Тоҳир ва Зуҳра”, Тошкент – нон шаҳри”, “Сен етим эмассан”, “Тўйлар муборак” каби ўзбек киноасарлари қардош томошабинлар учун ҳам қадрдон бўлиб қолган.

1996 йилнинг август ойидан бери пойтахтимизда Озарбайжон элчихонаси фаолият кўрсатиб келаётир. 1998 йилнинг июль ойида эса, Боку шаҳрида мамлакатимиз элчихонаси иш бошлади.

Озарбайжоннинг амалдаги давлат раҳбари, марҳум Ҳайдар Алиев бошлаб берган шарафли йўлнинг давомчиси Илҳом Алиев янги лавозимга сайланганидан буён азалий алоқаларимизни янада ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиб келаётир.

2004 йил март ойида пойтахтимизнинг сўлим масканларидан бирида улуғ мутафаккир Низомий Ганжавий ҳайкали очилди. 2008 йилнинг сентябрь ойида Боку шаҳрида улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди. Бокунинг марказий кўчаларидан бирига фалакиёт илмининг буюк намояндаси Мирзо Улуғбек номи берилди.

Ўзбек халқининг озар қардошларимизга бўлган эҳтиромини жуда кўп мисоллар ёрдамида исботлаш мумкин. Бугунги кунда юртимиздаги кўплаб кўча ва хиёбонлар, маданий маърифий муассасалар Озарбайжон халқининг буюк фарзандлари номи билан аталади.

Хусусан, пойтахтимиздаги кўчалардан бирига озар халқининг умуммиллий лидери Ҳайдар Алиевнинг номи берилган. Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган Озарбайжон миллий маданият маркази биноси олдида буюк давлат ва сиёсат арбобига ёдгорлик ўрнатилган.

Умуман, халқларимизни бирлаштириб турган яқинлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик нақадар қадимий бўлса, унинг истиқболи ҳам шу қадар боқийдир. 

Али МАРДОН.