“ОЛТИН ЖЎЖА” ҚУВАСОЙДА
2020-02-04 16:17:45 253
Қувасой шаҳридаги 11-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби саҳнасида вилоят қўйирчоқ театри жамоасининг “Олтин жўжа” спектаклининг намойиши бўлиб ўтди.
– “Олтин жўжа” спектакли ғоявий жиҳатдан ўткир, қаҳрамонлар ўртасидаги муносабатлар ёшларимизни аҳил-иноқликка, жипсликка, дўстликка, муаммолардан чекинмасликка ўргатади,– дейди театр маъмури Ғайратжон Қувватов. – Белгиланган репертуар-режамизга кўра, вилоятимиздаги бир қатор шаҳар ва туманларга гастрол сафарлари уюштириш асносида, ёш томошабинлар билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг истак ва талабларига қулоқ тутишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бугун бирнчи сафаримиз Қувасой шаҳрига бўлди ва мен ўйлайманки, томошабинлар бизнинг асаримизни илиқ кутиб олишади.
Дарҳақиқат суҳбатдошимизнинг сўзлари ўз исботини топди, томошабинлар “Олтин жўжа” спектаклидаги ҳар бир саҳна кўринишини гулдурос қарсаклар билан кутиб олишди.
Муҳтарам Президентимиз томонидан олға сурилган “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббус”нинг биринчисида “Ёшларнинг мусиқа рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилиш борасидаги вазифалар таъкидланган. Мазкур вазифалар ижросини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкилланган спектакль намойишида вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентли Фарғона вилоят бошқармаси, шунингдек, вилоятимизда фаолият олиб бораётган бир қатор ҳокимлик ва бошқармаларнинг Ахборот хизматлари раҳбарлари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этишди.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.