ҚАЕРДАКИ ЎЗАРО ҲАМЖИҲАТЛИК, ЖИПСЛИК, ҚАТЪИЯТ ВА ФИДОЙИЛИК БЎЛСА...
2020-01-25 13:21:41 252
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ўзининг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасини видеоалоқа тизими орқали тинглаб, томоша қилдик. Давлатимиз раҳбари тилга олмаган бирорта соҳа қолмади, ҳисоб.
Жумладан, Президентимиз ўз Мурожаатномасида мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга баҳо берган ҳолда, ҳар бир матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан, журналист ҳамда блогерлар фаолиятига тўхалиб, шундай деди:
“...Ўтган 3 йил мобайнида Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши ва ижод қилишлари учун ҳуқуқий асослар ва кенг имкониятлар яратилди. Бундан кейин ҳам “тўртинчи ҳокимият” вакилларининг эркин ва холис фаолият юритишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотларни халқимиз ва халқаро ҳамжамият учун очиқ-ойдин ёритишлари учун барча шарт-шароитларни яратамиз. Жойлардаги муаммо ва камчиликларни рўй-рост очиб бериш, уларни ҳаққоний ёритишларида мен профессионал журналистларни ҳамиша ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”.
Нақадар умидбахш, журналистлик касбини улуғлаб келаётган ҳар бир инсонга янада тетиклик, руҳ бағишлайдиган сатрлар, шундай эмасми? Президентимиз ўз вазифаларига киришган дастлабки кунлардан бошлаб матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан журналист кадрларга юксак ишонч билдириб келади. Биргина давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 27 июнь куни имзоланган “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг ҳаётга татбиқ этилиши унинг соҳа ходимларига бўлган юксак ишончидан дарак беради.
Чиндан ҳам мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасини бошқариш тизимини қайта ташкил қилиш, ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожланишнинг муаммоли масалаларини ҳал этишда оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, бугунги шиддат билан илгарилаб бораётган медиа маконда юзага келаётган чақириқларга тезкорлик билан муносиб жавоб қайтариш, мамлакатда амалга оширилаётган улкан миқёсдаги ислоҳотлар тўғрисидаги кенг қамровли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш, давлат органлари ва ташкилотларининг Ахборот хизматлари, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда.
Оммавий ахборот воситаларининг фаолияти учун максимал даражада қулай шароитлар яратиш, давлат ва жамият ўртасида сифатли мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолига ислоҳотларнинг мақсади, вазифалари ва натижалари ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини ошириш, шунингдек, уларнинг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ва Ахборот хизматлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан яхшилаш долзарб вазифага айланди.
Шу ўринда бир сўз: бошқа касблар қатори, журналистика соҳасида фаолият юритиб кетиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Олдиндан шундай. Раҳматли устозимиз, таниқли журналист Муталибжон ака Каримов айтганларидай: “Журналистика факультетлари “Шу диплом эгаси мутахассислиги бўйича журналист”, деган диплом беради, холос. Лекин диплом эгасининг қандай журналист бўлиб етишиши унинг ўзига боғлиқ”.
Мен матбуот ва оммавий ахборот соҳасида 35 йиллик тажрибага эга шахс сифатида шуни очиқ айтаманки, юқоридаги қарор ижросини ўз муддатида, сифатли ва тезкор, тўла-тўкис бажариш, аввало, ҳар бир соҳа ходимининг профессионал тайёргарлигига, қолаверса жойларда унинг қанчалик қўллаб-қувватланиши билан ўлчанади.
Мана, қарор юзасидан Қувасой шаҳрида ҳам ҳокимликнинг Ахборот хизмати фаолияти йўлга қўйилди. Мен ушбу йўналишда ўз фаолиятимни бошлаган илк кунларда ҳокимлик жамоаси мени таъбир жоиз бўлса, қучоқ очиб кутиб олди. Бу ердаги ҳар бир ҳоким ўринбосари, бош ва етакчи мутахассислар, қолаверса оддий ишчи ҳамда техник ходимлар билан чиқишиб кетдик. Албатта, буларнинг барчасида биринчи шахс – шаҳар ҳокимининг таъсири бор.
Дарвоқе, биринчи шахс билан иккимиз деярли ҳар куни бир ёки икки марта юзма-юз мулоқот қиламиз. Менда унинг қабулига тўғридан-тўғри кириш ваколати бор. Гарчи иш вақти тиғиз бўлса-да, “Ҳоким бува” (жамоада Қувасой шаҳар ҳокими Адҳамжон Тўхтасинович Зиявитдиновни шундай аташади) мен билан суҳбатлашиш учун вақт топади. Кунлик, ҳафталик ва ойлик режаларни биргалашиб муҳокама қиламиз, ўз навбатида, ҳоким уларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича керакли йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беради. Зарур бўлса, ёнимга одам қўшади. Шу туфайли ҳам ўтган қисқа вақт давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликдаги фаолиятимизда узилишлар кузатилмади.
Демоқчиманки, қаердаки ўзаро ҳамжиҳатлик, жипслик бўлса, муаммолар ўз вақтида ечим топади. Ҳар бир соҳада Президентимиз ва халқимиз олдидаги масъулиятли ишларимизда муваффақиятларга эришаверамиз.
Алижон МИРЗАБОЕВ, Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.