АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ: ОЛИЙ МАЖЛИСДА КУШЕРБАЕВ ВА БОШҚАЛАР
2020-01-23 17:22:40 258
Абдулла Ориповнинг “Тилла балиқча” шеърининг ғоясини кўпчилик билади. Яъни, ташландиқ ушоқ еб, бор-йўғи мудроқ толларнинг аччиқ хазонини кўриб куни ўтаётган тилла балиқча тор, лойқа ҳовузни дунё деб билиши шоирга алам қилади. Менга ҳам алам қилади.
2020 йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида давлат раҳбари муаммоларни танқид остига олиб, халқимизнинг дилидаги гапларни айтар экан, жумладан, шундай деди: “Дарҳақиқат, халқ вакиллари бўлган депутатлар ўз ваколатига асосланиб, жасур, талабчан ва қатъиятли бўлиши, фуқароларнинг манфаатига хизмат қилмайдиган қонунлар қабул қилинишига йўл қўймаслиги шарт”.
Ҳақ гаплар.Шу боис йиғилишда давлатимиз раҳбари депутат ва парламент аъзоларини кўпроқ китоб ўқишга ҳам ундади. Очиғи, одамлар орасида гоҳида шундай гаплар ҳам қулоққа чалинади: “Баъзи қонун лойиҳаларини халқ манфаатидан келиб чиқиб эмас, кимлардир ўз манфаатларига мослаб, монополия яратиб, уни номига жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, депутату парламент аъзоларига тасдиқлатиб, амалиётга жорий қилмоқда!”
Ҳа, ўтган йиллар давомида шундай ҳужжатлар тақдим этилгани ҳам сир эмас. Ҳатто гўё ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш баҳонасида божхонамиз орқали четдан келадиган маиший техника воситалари чекланди. Ўзимиздаги нархи жуда баланд “миллий маҳсулот”имизни сотиб олишга “қонунан мажбурлайдиган” ҳужжатлар лойиҳалари тайёрланди, маъқулланди. Хусусан, чегарамиздан Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси 6 ойда бор-йўғи 1 дона маиший техникани бир марта олиб ўтишга рухсат берувчи чекловлар “ўйлаб топилди”. Оқибатда маҳаллий бозордан айрим рақобатга мўрт маҳсулотларни ўзимиз сотиб олишимизга тўғри келди...
Бир неча кун аввал қўшнимиз Гулнора опа “Ғишткўприк” постидан қўнғироқ қилди ва шундай деди:
– Ука, телевидениеда ишлайдиган танишингиз йўқми?
– Тинчликми? Ўзим ишлайман.
– Қозоғистондан рўзғорга “холодильник” олиб келаётгандик, телевидение келган деб ўтказишмаяпти. Ўшанга ТВчиларга айтсак, ўтказиб юборадими, дейман-да!
– Божхона қўмитасининг матбуот хизматида касбдошим ишлайди, ҳозир унга айтиб кўраман, – дедим очиғи дабдурустдан нима дейишни билмай.
Дам олиш куни бўлгани учунми, касбдошим қўнғироғимга жавоб бермади. Хижолат бўлиб, қўшнимга вазиятни тушунтирдим. Шунда у: “Телевидениеда шунақа мавзуларни ёритсанглар, бўлмайдими?” – деди. Жавоб бера олмадим...
Кечагина ана шу қўшним билан учрашиб қолдим. Унинг айтишича, биздаги 3 000 000 сўмлик совутгични Чимкентдан 1 750 000 сўмга олибди. Чегара постида уларни бир-икки соат ушлаб туришибди, у ердагилар совутгич учун 1 млн. 100 минг сўм божхона ҳақи олмоқчи ҳам бўлишибди, аммо кейин “ниятларидан воз кечиб” ўтказиб юборишибди. Қўшним гурунг беряпти: “Биздаги 800 минг, 1 млн. сўмлик микротўлқинли печ Чимкентда 500 минг сўм, бизда 2 млн. сўмлик телевизорлар у ёқларда 1 миллион сўм экан”.
Тўғриси, Чимкентга борганим йўқ, шу боис нарх-навосидан ҳам ўзим шахсан хабардор эмасман. Мабодо қўшнимнинг гаплари рост бўлса, у ёқдаги маиший техникаларнинг русуми, сифати, қуввати, борингки ҳамма нарсаси биздагидек бир хил бўлса-ю нархида шунча тафовут бўлса, бу чиндан ҳам ғалати пародокс, шундай эмасми?
Бундай чекловлар шунчаки пайдо бўлмайди. Президент шунга ўхшаш ҳужжатлар қабул қилинишида уни бир овоздан қўллаб-қувватлайдиган қўғирчоқ депутатлар эмас, у ҳужжатларга Расул Кушербаевга ўхшаб, халқ манфаатидан келиб чиқиб ёндашадиган, маънодор қилиб айтганда, жасоратли, китоб ўқиган – билимли шахсларнинг кўп бўлишини истаяпти. Халқ ҳам айнан шуни истайди!
Дарвоқе, 2019 йили катта пулга машиналарни “тонировка” қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган маҳал 150 депутат орасидан Кушербаевнинг битта ўзи бунга қарши чиқиб, унга таъсир қила олганда, кимдир интернетда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг барча депутатларига қарата шаъма қилиб ёзганди: “Кушербаев ва бошқалар!” Қанчалик аччиқ ҳақиқат эди ўша гап! Олий Мажлисда КУШЕРБАЕВ – бошқалар!
Кушербаев тўғри йўлда – халқ манфаати йўлида эканини халқимиз аллақачон тан олган. Бугун давлат раҳбари ҳам эътироф этди. Яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сайловдан кейинги илк йиғилишда Президентимиз депутат Расул Кушербаевнинг фао¬лиятини юқори баҳолади.
“Айниқса, Расул тўғрисида кўп гаплар бўлади, ҳаммагаям ёқмайсан, менга ёқасан... Биринчи қадам билан, биз яхшиларимизга мана шундай эҳтиром кўрсатсак, бу ҳам тўғри бўлади”, – деди давлатимиз раҳбари.
Бу ҳақиқатнинг тан олиниши, бу очиқлик ва демократик давлат сари ташланаётган қадамларимиз. Қани, энди Қонунчилик палатасидаги қолган 149 нафар депутатнинг ҳаммаси ҳам Расул Кушербаевдек бўлса! Сайланган депутатларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқат тарафида бўлиб, халқ ишончини қозонган Кушербаевдай ишласа. Шундагина биз халқ ҳокимиятини қура оламиз.
Алқисса, Юртбошимиз ҳақли тарзда айтганидек, билимли депутатларимиз кўп бўлиши учун эса бутун мамлакат аҳли китобга қайтиши керак. Шунда парламенту бошқарув тизимида адолатли, халқ¬парвар инсонларнинг сони ортади.
Дарвоқе, ўша йиғинда Президентимиз: “Кўп одамларга журналистлар ёқмайди, лекин улар менга ёқади”, – деди. Бу сўз эркинлиги таъминланадиган, ҳақиқатталабларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган ва адолатли жамият сари бораётганимизга исбот бўлувчи яхши “сигнал”. Аммо бу овозни ҳақиқат овозларига айлантириш эса кўпроқ ўзимизга боғлиқ.
Фозил ФАРҲОД, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Матбуот хизмати раҳбари.