БОШ МАҚСАДИМИЗ: ИНВЕСТИЦИЯ ВА ЭКСПОРТНИ ЯНАДА ОШИРИШ
2020-01-10 20:14:38 240
Вилоят ҳокимлигида жорий йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Давлат бюджети параметрларини ижро этиш ва ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 2020 йил даги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида инвестиция ва экспорт бўйича амалга ошириладиган ишлар юзасидан вилоят,туман ва шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, бошқарма ва бўлим раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Республика Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирок этиб, вилоятда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга доир истиқболли режалар хусусида гапирди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев сўз олиб, асосий мақсадимиз вилоятимизда тадбиркорлар сафини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, халқимиз турмуш даражасини янада яхшилаш, бизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг хорижий мамлакатларга экспорт ҳажмини оширишдан иборат эканлигини айтди.
Йиғилиш иштирокчиларига вазирликнинг мутасадди вакиллари олдиларидаги вазифани бажариш учун амалий кўмак ва йўлланмалар бердилар.
Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати