ҲОКИМ ВА ЁШЛАР:БАҒДОДЛИК ЁШ ТАРИХЧИ ОЛИМГА 50 МЛН. СЎМ МУКОФОТ!
2020-01-08 16:37:05 221
Бағдод тумани ўзининг иқтидорли ёшлари билан тилга тушган. 2019-2020 ўқув йилида Бағдоднинг ҳар учинчи мактаб битирувчиси Олий ўқув юртининг талабаси бўлди. Бу мамлакат миқёсида ҳам катта кўрсаткичдир.
Фарғона вилояти ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг туман ёшлари билан учрашуви ана шундай эътироф билан бошланди. Қолаверса бағдодлик ёшлар янги йил арафасидаги сайловларда ҳам энг кўп иштирок этган деб топилди.
Учрашувда бирин-кетин сўзга чиққан ёшлар Ўзбекистон Президенти, вилоят, туман раҳбарларига ўзлари учун яратиб берилаётган шароитлар учун миннатдорчилик билдирдилар. Иқбол Мирзо, Анвар Муқимов, Набижон Боқий каби ижодкорларнинг ёш издошлари ўзлари ёзган шеърларидан ўқиб бердилар. Ёш ижодкорлар таклифи билан 5 гектар майдонга “Хазиний боғи” ташкил этиш учун 250 млн. сўм ажратиладиган бўлди.
Истеъдодли ёш тарихчи-тадқиқотчи Равшанбек Абдуллаев Қўқон хонлиги тарихини чуқур ўрганаётган, кўплаб чет мамлакатларда бўлиб манбаалар йиғиб асосли далилларга суянган ҳолда илмий мақолалар, китоблар чоп этганини айтганида вилоят ҳокими унинг келгуси фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 млн. сўм маблағ ажратиб берди.
Бағдод марказий ўйингоҳини таъмирлашни таклиф этган ёшлар ҳам хурсанд бўлдилар. Унга энди вилоят бюджетидан 2 млд. сўм берилади. Бағдод мактабларига 200 та компютер совға қилиш топшириғини берди, вилоят ҳокими.
Темурбек Баҳодиров таклифи билан туман Маданият уйи ташкил этиладиган, Равшан Абдуллаев таклифи билан 14 та тарихий иншоотлар реконструкция қилинадиган, туман ёшлар кутубхонаси учун 500 млн. сўм бериладиган бўлди.
Ёш тадбиркорларга ўз бизнесини очиш учун “Ёшлар келажагимиз” дастури доирасида имтиёзли кредит ажратиш чоралари кўрилди.
Яна ўнлаб ёшларнинг тилак истаклари айнан шу учрашувда ҳақиқатга айланди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ёшлар билан учрашуви давом этмоқда.
Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.