МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ
2019-12-17 10:08:42 224
Маълумки, сўнги вақтларга келиб давлат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ана шундай ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг давоми сифатида Қувасой шаҳар ҳокими А.Зиявитдинов А.Терешенко раҳбарлигидаги Россия Федерацияси Томск тумани Администрацияси вакилларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона тарзда кечган учрашув аввалида А.Зиявитдинов яқинда ўзининг 65 ёшини қаршилаган Қувасой шаҳрининг ташкил этилиши, унинг ҳудудида фаолият олиб бораётган йирик корхоналар, кичик ва ўрта бизнес ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фаолияти, ҳукумат ва шаҳар ҳокимлиги томонидан уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлади.
Таъкидландики, Ўзбекистон ва Россия ҳудудларининг амалий ҳамкорлиги тобора фаоллашмоқда, таълим ва маданий-гуманитар соҳаларда алмашинувлар борасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражага кўтарилди. Ҳозирда бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро институтлар самарали фаолият юритмоқда, товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бораётир. Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида мамлакатимиз иқтисодиётининг турли тармоқларида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда
Ўз навбатида, А.Терешенко Томск вилоятида ўз нуфузига эга бўлган Томск тумани, унинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаёти тўғрисида маълумот берди. Маълумки, Сибирь ўлкасининг ўрмонли ҳудудида жойлашган Томск туманида азалдан миллий ва маданий ёдгорликлар асраш, шунингдек, ёғочсозлик ва уни қайта ишлаш, чорвачилик, йилқичилик, паррандачилик, нефт қазиб олиш ва уни қайта ишлаш ривожланган. Ҳозирда эса туман аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш, замонавий уй-жойлар, таълим, маданий-маиший объеклар қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Мулоқот чоғида Қувасой шаҳри ва Томск тумани ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига доир ҳамда кенг кўламли шерикликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув сўнггида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.