Шрифт ўлчами Ранг Расм

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 17 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

МЕН ҲАМ ОВОЗ БЕРАМАН

 2019-11-27 15:05:40    264

PDF юклаш
Чоп этиш


Шу кунларда мамлакатимиз ҳаётида муҳим ўрин тутган сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга депутатлар сайлови олдида турибди. Ушбу тадбирда мен биринчи бор иштирок этаман ва ҳозирда янги қабул қилинган Сайлов кодекси талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзига хос тайёргарлик кўраяпман.

            Сайловлар – демократия кўзгуси, халқ хоҳиш-иродасининг ёрқин намунасидир. Шундай экан, аввало, яқинда қабул қилинган янги Сайлов кодекси билан яқиндан танишиш ва унда келтирилган талабларга амал қилиш айни муддао бўлади.

            Менга, шахсан, янги кодексдаги бир нечта ўзгартиш ва қўшимчалар қизиқиш уйғотди. Масалан, янги кодекснинг 4-боби, 27-моддаси “Сайловчилар рўйхатлари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади”, деган жумлалар билан тўлдирилган. Бу, аввало, сайлов тизимига ахборот-коммуникация технологияларинг жадал кириб келганлигидан далолат беради.

            Шунингдек, янги Сайлов кодексининг 51-моддасида номзодларга овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилиши, овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20.00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмаслиги айни муддао эканлигини таъкидлаш керак. 

            Кодекснинг 55-моддаси “Овоз бериш тартиби” деб номланган бўлиб, унда сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли эканлиги, ҳар бир сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга «+» ёки «» ёхуд «х» белгисини қўйиши чиндан ҳам янгилик ва саловчилар учун қулайликдир.

            Бундан ташқари, янги қабул қилинган кодексга биноан бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра, янгисига алмаштирилиши мумкин ва бундай сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши (юқори чап бурчагини кесиш йўли билан) лозимлиги ва алоҳида сақланиши ҳам муҳим янгиликдир.

            Фуқароларни сайловчиларнинг рўйхатлари билан таништириш кодекснинг 29-моддасида акс этган бўлиб, унга кўра, фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади.

            Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, санаторийларда ва дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участкаларда эса сайловга уч кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилиши ҳам мамлакатимизда демократик жараёнлар кечаётганидан далолат беради.

            Шунингдек, ушбу модда таркибида сайлов комиссиялари сайловчиларнинг рўйхатлари ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилганидан кейин ҳам уларга ўзгартишлар киритиши мумкинлиги ва сайловчиларнинг рўйхатларига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатилиши ҳақидаги нормалар билан бойитилган.

            Кодексдаги яна бир муҳим жиҳат – бу, унинг 30-моддасидаги “Сайловчиларнинг рўйхатлари хусусида баҳслашув”да келтирилади. Унга кўра, эндиликда ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт.

            Шу билан бирга, сайловчилар участка сайлов комиссияси фаолиятидаги қонун бузилиш ҳолатлари ва  қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги билан ҳам янада халқчиллик касб этади.

            Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари қаторида мен ҳам бўлажак сайловларда янги қабул қилинган Сайлов кодекси талабларидан келиб чиқиб, унда фаол иштирок этаман ва аввало, кўпмиллатли халқимиз, қолаверса ўз келажагим учун овоз бераман.

Сарвиноз АБДУЛЛЕВА, Фарғона Тиббиёт коллежи ўқувчиси, Қувасой шаҳар, Пакана маҳалласи.