ҚУВАСОЙ ШАҲАР ҲОКИМИ АДҲАМ ТЎХТАСИНОВИЧ ЗИЯВИТДИНОВНИНГ ШАҲАРДАГИ ТАДБИРКОРЛАР ВА ИШБИЛАРМОНЛАРГА МУРОЖААТНОМАСИ
2019-11-19 18:56:38 259
“ҲАР БИР ТАДБИРКОРГА-КЎМАКДОШ, ЕЛКАДОШ ВА МАДАДКОРМИЗ!”
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар! Тадбиркорлар ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган азиз ёшлар!
Аввало, ушбу Мурожаатнома орқали шаҳримиз каттаю-кичик аҳолисига, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларига ва бугунги кунда иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бири бўлган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган азиз ёшларга юзланмоқчиман.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, турмуш тарзида рўй бераётган ўзгаришлар, ечимини кутаётган муаммолар замиридаги олий мақсад-аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг иш билан бандлиги, кам таъминланган қатламни тадбиркорликка жалб этиш, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига жиддий эътибор қаратган эдилар. Бу вазифаларни бажаришда иштирок этиш ҳар бир қувасойлик учун фахр бўлиб қолмоғига ишонаман.
Шаҳримизда жорий 2019 йилнинг ўтган 10 ойи учун маҳаллий бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичи 80,1 миллиард сўм этиб белгиланган бўлиб, бу борадаги кўрсаткичлар 85,4 миллиард сўмга бажарилишига эришилди. Маҳаллий бюджетнинг аниқланган ҳаражатлар режаси эса 85,4 миллиард сўмга белгиланиб, амалда 84,1 миллард сўмга бажарилди.
Шунингдек, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тушуми
январь-октябрь ойлари учун 180.7 миллиард сўм миқдорида белгиланган ҳолда, амалда 199.5 миллиард сўмга бажарилди ҳамда режага нисбатан
18,8 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги маблағ бюджетга қаратилди.
Аҳоли жон бошига саноат маҳсулоти 8 706,1 минг сўм, халқ истеъмоли моллари 2 611,7 минг сўм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари
7 210,1 минг сўм, жами хизматлар кўрсатиш 1 344,9 минг сўмдан тўғри келди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ташқи савдо айланмаси
55,6 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 8,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.
Маълумки, ҳозирги кунда тадбиркорлар, ўрта ва кичик бизнес жаҳон мамлакатларида иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши учун асос бўлиб хизмат қилади. Ривожланган давлатларда тадбиркорлик субъектлари умумий корхоналар сонининг 90 фоиздан зиёдини ташкил этади ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг 50 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам меҳнат билан банд аҳолининг 76,3 фоизи шу соҳада фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Жорий йилни Фарғонада саноатни ривожлантириш ва инвестиция олиб кириш йили бўлади ва уни Фарғона тажрибаси деб атаймиз”дегандилар. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида шаҳар иқтисодиётига 6 та қўшма корхоналар томонидан 21,5 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни тадбиркорлар киритди.
Бугунги кунда шаҳарда 16 та хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Йил якунига қадар уларнинг сонини 18 тага етказиш бўйича ишларни ташкил қилмоқдамиз.
Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”.
Ана шу ҳаётий ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, шаҳримизда ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хабарингиз бор, жорий йил 6-7 май кунлари мухтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёвнинг вилоятимизга ташрифи давомида берган кўрсатмалари асосида, шаҳримизда 2 минг гектар майдондаги гилосчилик кооперацияларини ташкил этиш йўлга қўйилмоқда. Шаҳар ҳокимлиги ва унинг тегишли бошқарма ва бўлимлари томонидан шу кунларда шаҳар ҳудудидаги 1350 гектар самарасиз боғ майдонлари, 650 гектар ҳосилдорлиги ва рентабеллиги паст даражадаги, кўп йиллардан буён бошоқли дон экинлари экилаётган ер майдонларини қисқартириб, гилосчилик йўналишида 189 та фермер хўжаликлари ташкил этиш учун 2000 гектар ер майдоналари танлаб олинди.
Шаҳар ҳудудидаги фермер хўжаликлари боғларида агротехник тадбирлар, самарасиз боғларни бузиш, улар ўрнида замонавий, интенсив гилос боғларини ташкил этиш орқали энг муҳим масалалардан бири – аҳолини иш билан банд қилиш борасида ишлар бошлаб юборилди.
Жумладан, жорий 2019 йилнинг куз ва келаётган 2020 йил баҳор ойларида 700 гектар майдонга гилос экиш белгиланиб, ҳозирда 650 гектар ер майдонлари тайёрланди ва ҳозирда “Академик Мирзаев” номли боғдорчилик ва узумчилик илмий текшириш институти билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Келгусида 2000 гектар майдонларда гилос боғлар барпо этиш ҳисобига 4 йил давомида ўртача 17 минг тонна гилос ҳосили олиш ва олинган маҳсулотнинг 10 минг тоннасини тўғридан-тўғри экспортга йўналтириш, 5 минг тоннасини эса саноат усулида қайта ишлашга қаратиш режалаштирилган.
Шунингдек, етиштирилган гилос маҳсулотини сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва экспортга жўнатиш бўйича логистика маркази ташкил этилади ва бунинг ҳисобига 30,0 миллион долларлик гилос маҳсулотини экспортга йўналтириш имконияти юзага келади. Энг муҳими, биргина гилос етиштириш ва сотиш мавсумида 2 минг нафар доимий ҳамда
18 минг нафар аҳоли мавсумий иш билан таъминланади.
Бундан ташқари, шаҳардаги мавжуд қайта ишлаш корхоналаридан самарали фойдаланиш ва янгиларини ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам эътиборга молик. Шу кунларда жами 5 та, бир йилда 16140 тонна мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга корхоналар мавжуд. Бугунги кунда улар томонидан жами 107 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди ва бу кўрсаткич жами ишлаб чиқаришнинг 15 фоизини ташкил этади.
Жумладан, 2019 йил дастур бўйича янги – “Силвер гроуп агро инвест” фермер хўжалиги томонидан ойлик қуввати 500 тонна бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари қуритиш линияси ташкил этилди. Бунинг ҳисобига қайта ишлаш даражаси 17 мартага ортади. Етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сифатли сақлаш максадида, ҳозирги кунда жами 12 та музлаткичли омборхоналар барпо этилиб, жами 3500 тонна мева-сабзавотлар сақлаш имконияти яратилди.
Шунингдек, “Агро сервис Азия” МЧЖ 300 тонна ва “Экспресс терминал савдо” МЧЖ томонидан 1200 тонна маҳсулотлар етиштирилиб, ушбу омборхоналарда маҳсулот сақлаш умумий қуввати 5000 тоннага етказилди. Бу борадаги кенг кўламли ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.
Шаҳримизда, шунинг билан бирга, етиштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш ва унинг давомийлигини таъминлаш мақсадида замонавий иссиқхоналар ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, шаҳарда жами 11 та иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг майдони
20 гектарни ташкил этади. Жорий йилда “Agro Service Asia” МЧЖ томонидан умумий майдони 12,0 гектарни ташкил этган ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган “Нет Хаус” усулидаги иссиқхона фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Экспорт ҳажмини ошириш баробарида соҳага янги инвесторларни жалб қилиш масаласи доимий диққат-эътиборимиздадир. Буни биргина арманистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фрутофия” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона фаолиятида ҳам кўриш мумкин. Ушбу жамият мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда ўрик ва узумни қайта ишлаш бўйича фаолият олиб боради.
Шаҳримиз экспорт салоҳиятини ошириш ва экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратилаётганлигини эндиликда барча фермер хўжаликлари раҳбарлари ва тадбиркорлар яхши тушуниб етишмоқда. Тахлиллар шундан далолат берадики, 2017 йил давомида жами 4 миллион 59 минг долларлик, ўтган 2018 йилда 6 миллион 898 минг долларлик экспорт амалга оширилган бўлса, жорий 2019 йилнинг ўтган даврида 10 миллион 748 минг долларлик маҳсулот четга сотилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан таққослаганда 3 миллион 850 минг долларлик кўп маҳсулот экспорт қилинганидан далолат беради. Шунингдек, биргина ўтган йили 10 та тадбиркорлик субъектлари экспорт билан шуғулланган бўлса, бу йил уларнинг сони 34 нафарга етди.
Келгусидаги режаларимиз ҳам катта. Масалан, "Quvasoy fortuna" хусусий корхона томонидан 800 минг долларлик минерал ўғит маҳсулоти, “Moderna chemical Science Technology" МЧЖ шаклидаги қўшма корхона томонидан 1 миллион долларлик фритта ва глазур маҳсулотлари ҳамда бошқа саноат йўналишидаги экспортёрлар томонидан 200 минг долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалик йўналишида “Ferghana agro world” МЧЖ томонидан 900 минг долларлик ва “Manzana” МЧЖ томонидан 500 минг долларлик, шунингдек, бошқа янги экспортёрларни жалб қилган ҳолда 250 минг долларлик, жами 3 миллион 850 минг долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилади.
Шаҳарда 3 та – “Агро сервис Азия” МЧЖ, “Арсиф чорваси” МЧЖ ва “Қувасой Нодиржон” фермер хўжаликлари негизида мева-сабзавотчилик кластери ташкил этиш белгилаб олинди ва ушбу режалаштирилган кластерлар ташкил этиш учун керакли ер майдонлари шаҳар захираси ҳисобидаги ер майдонларидан ажратиб берилади. Ушбу кластерлар ташкил этиш учун зарур бўлган кредит маблағларини олиш бўйича гаров таъминотлари ҳал этилди. Мазкур кластерлар фаолияти, аввало, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳсулот экспорти салмоғининг ўсишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Маълумки, молиявий кўмаксиз, иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашларсиз кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини ривожлантириб бўлмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, бугунги кунда шаҳримиздаги 3 та тижорат банклари ва 2 та мини-банк фаолият юритмоқда. Жорий 2019 йил январь-октябрь ойларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳардаги тижорат банкларининг барча молиялаштириш манбаларидан жами 80,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Муҳтарам Президентимиз аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаган ҳолда “Ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир. Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз-шаҳримизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли шаҳарда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади”.
Тадбиркорлар дуч келадиган муаммолардан бири уларга ер-мулк ажратиш билан боғлиқ. Муаммо ечими йўлида қўйилган дастлабки қадамлардан бири шуки, шаҳримизда бўш ер участкалари электрон аукцион савдога чиқарилмоқда. Шу йилнинг ўзида шаҳар ҳокимлиги томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 23 та тадбиркорга
2,3 гектар ер майдонлари аукцион савдога чиқарилди. Шундан “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида 10 нафар ёшларга 1,1 гектар ҳамда 8 та тадбиркорга алоҳида бино-иншоотлар ажратиб берилди.
Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида 11 та лойиҳа амалга оширилди ва уларга жами 84 миллиард 708 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига 481 та янги иш ўрни яратилди.
Бундан ташқари, шаҳарда 94 та бўш турган бино-иншоотларнинг
19 тасини ишга тушириш ҳисобига 337 та иш ўрни яратилиши ҳисобига бюджетга қўшимча равишдаги 168,8 миллион сўм миқдорида маблағ туширилди.
Кичик бизнес субъектларини ўтган йилга нисбатан камида
2 бараварга ошириш бўйича Қувасой шаҳрида 2019 йил давомида жами 362 та кичик бизнес субъектларини ташкил этиш режаси белгиланган бўлиб, ноябрь-декабрь ойлари учун жами 112 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди. Йил якунига қадар янги кичик бизнес субъеклари сонини 365 тага етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Қувасой шаҳар филиали томонидан 2019 йилнинг манзилли дастурига асосан, жами 14 530.0 миллард сўмлик 35 та ёшлар лойиҳалари тасдиқланиб, 2019 йилнинг январь – август ойлари давомида “Нуртех Фергана” МЧЖ га 590.0 миллион, “Қувасой Мирзоҳид Мададкор” МЧЖга 300.0 миллион, “Саъдихоновлар” О/К га 200.0 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит ажратилиши ҳисобига жами 48 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
27 ноябрдаги 962-сонли қарорига асосан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида бўш турган бино ва ер майдонлари тўғридан-тўғри ажратилиб келинмоқда.
2018 йилда “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури асосида 8 нафар ёшларга “Ёшлар меҳнат гузари” ва 1 нафар ёш тадбиркорга “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ташкил этиш учун 1.60 гектар бўш ер майдонлари ажратилди.
2019 йилнинг 9 ойи давомида 12 нафар жами 21 нафар ёшлар шаҳар ҳудудидан 1.43 гектар, жами 3.3 гектар бўш ер майдони ажратилди ва ҳозирги кунда 3 та “Ёшлар меҳнат гузари” ишга туширилди.
Сентябрь ойида ўтказилган мониторинг натижалари шуни кўрсатадики, 2019 йил якунига қадар 1 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ва 1 та “Ёшлар меҳнат гузари” ўз фаолиятини бошлайди.
Юқорида келтирилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Қувасой шаҳрида Намунали “Ёшлар саноат зонаси” ташкил этиш бўйича топшириқ берилган эди. Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш ва “Ёшлар саноат зонаси” ҳудудидан тадбиркорликни бошлаш мақсадида бўш ер майдони сўраб мурожаат қилган 7 нафар ёшлар мурожаатлари тегишли ташкилотлар билан ўрганилмоқда. Бундан ташқари, шаҳардаги ёш тадбиркорларга ер майдонлари ажратиш бўйича тарғибот тадбирлари ҳам олиб борилмоқда.
Жумладан, шаҳардаги таълим муассасаларида 23 марта, корхона ва ташкилотларда 12 бор, маҳалла фуқаролар йиғинларида 18 марта давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди. Натижада келгусида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 1107 нафар ёшлар аниқланди.
“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Қувасой шаҳар филиали томонидан “Тадбиркорлар ва ёшлар” мавзусида йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва саноат зоналарига ёшларнинг “Бизнес ташрифлари” ташкил этилди. Бу каби “Бизнес саёҳат”лар 6 маротаба, ишлаб чиқариш корхоналарига 17 маротаба, тадбиркорлик субектларига бўлиб ўтди. Ташкил этилган ушбу “Бизнес саёҳатлар” давомида 460 нафар ёшлар иштироки ва 12 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.
Келаётган 2020 йилга режаларимиз янада катта. Ҳар бир ҳудудни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширамиз.
Шу ўринда мен халқимиз бунёдкор деб ардоқлайдиган қадрли қурувчиларга мурожаат қилмоқчиман. Шу кунга қадар шаҳарда 5 та
5 қаватли уйлар қуриб битказилди. Яна йил якунига қадар 10 та 4 қаватли 6 та 2 сотихли уйлар қуриб берилади.
Тадбиркорга давлат ва ҳуқуқ назорат идоралари илгари қандай кўз билан қарагани сир эмас. Бундай муносабат маълум муддат одамларда тадбиркорликка қизиқишни сусайтирди. Аммо энди ҳеч қачон бундай бўлмайди. Тадбиркорликка ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан кўрилади. Ҳар бир тадбиркорнинг мулки даҳлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, асоссиз равишда унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади.
Тадбиркорни ўз ишидан қолдириб мажлисбозлик қилишга бутунлай чек қўйилади.
Тан олиш керак. Баъзида тадбиркорга унинг ихтиёрига қарамай ҳомийлик қилиш каби вазифалар ноўрин равишда юкланган. Қувасой шаҳар ҳокимлиги номидан шуни алоҳида таъкидлайманки, бундай ҳолатга ҳеч қачон йўл қўйилмайди. Тадбиркор мулки ва маблағини ўз инсон ихтиёри билан тасарруф этади. Бирон бир идора уни фаолиятига аралашмайди, унинг амалий-молиявий ҳолатини ноқонуний текширишларига батамом чек қўйилади.
Ҳурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар!
Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб иқтисодиётимиз локомативи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ушбу соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар сафини кенгайтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор бериб келинмоқда. Шу кунларда эса бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди,- десам, асло муболаға бўлмайди.
Шундан келиб чиқиб, Сиз азиз ҳамшаҳарларимдан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар сафидан муносиб ўрин олишга чақираман. Айниқса, эртанги кунимиз давомчилари бўлган ёшлардан умидимиз катта. Юз-кўзларидан шижоат ва ғайрат жўшиб турган ёшларимиз ўзларининг тадбиркорлик фаолияти билан мамлакатимиз, хусусан, шаҳримиз иқтисодий қудратини янада юксалтиришга, бу билан халқимизнинг тўкин ва фаровон ҳаёт кечиришига улкан ҳисса қўшадилар,- деб ишонаман.
Хулоса шуки, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда, биз – Қувасой шаҳар ҳокими ва барча секторлар раҳбарлари Сиз тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз. Сизларнинг фаолиятингизга ҳеч қандай сунъий тўсиқ ва ғовлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари яқиндан кўмакдош бўлишга, ҳар кунги иш вақтимизнинг ярмидан кўпини сизларнинг фаолиятингиз билан боғлашга ҳаракат қилаверамиз. Бутун куч, бор билим ва тажрибангизни тадбиркорликни ривожлантиришга сарфланг! Бирон бир муаммо, таклиф туғилганида менинг ва барча ўринбосарларимнинг эшиги Сиз учун ҳамиша очиқ, телефон орқали ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.
Қувасойни янги Ўзбекистоннинг энг ривожланган ҳудудига айлантириш йўлидан биргаликда борайлик!