Шрифт ўлчами Ранг Расм

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 10 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ВИЛОЯТИМИЗДА ОММАВИЙ СПОРТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА КЕЛГУСИДАГИ РЕЖАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

×

 2024-02-10 19:33:59    882

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун Қувасой шаҳрида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларни оммавий спортга жалб этишни янги босқичга олиб чиқиш масалаларида Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорлар ва берилган топшириқлар ижросининг вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги ҳолати таҳлилига ҳамда амалга ошириш лозим бўлган ишлар муҳокамасига бағишланган вилоят амалий семинари бўлиб ўтди.

Семинарда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, вилоят ва шаҳар-туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, вилоятдаги спорт мактаблари директорлари ҳамда соҳага масъул мутасаддилар иштирок этдилар.

Семинар қатнашчилари дастлаб, Қувасой шаҳридаги спорт мажмуасида волейбол бўйича спорт клублари ўртасида ўтказилган Вилоят кубоги финал босқичи ўйинларини томоша қилдилар. Спорт мактаблари қошида ташкил этилган спорт клублари ўртасида ўтказилаётган волейбол беллашувининг финал босқичига старт берилди. Қарийб уч ой давом этган қизиқарли баҳслар вилоятнинг энг чекка ҳудуд ёшлари орасидан янги маҳорат эгаларини кашф этгани мусобақа жараёнида яққол кўзга ташланди. Якуний натижаларга кўра, Қувасой шаҳрининг “Ҳумо” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Ўзбекистон ҳамда Фарғона тумани жамоалари кучли учликдан ўрин олишди. Ғолиб ва совриндорларга вилоят ҳокимлигининг диплом, медаллари ва совғалари топширилди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров шаҳар ва туманларда ўтган 2023 йил давомида жамоавий спорт турлари бўйича ташкил этилган клубларнинг фаолиятига тўхталиб, бу борада эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Президентимиз фармон ва қарорларининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиш даражасини ошириб, вилоятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилиши таъкидланди, бу борадаги сайъ-ҳаракатлар кутилган натижани беришига ишонч билдирилди.

Спорт мажмуасида вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов томонидан вилоятимизда жамоавий ва бошқа спорт турларини оммалаштириш, соғлом турмуш тарғиботини кучайтириш мақсадида ёшларни спорт клублари, секциялар ва тўгаракларга жалб этиш бўйича жорий йилда амалга оширилиши белгиланган режалар хусусида тақдимот ҳам ўтказилди.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари шаҳардаги “Цементчи” ўйингоҳида бўлиб, Ўзбекистон ПФЛ 1-лигасида муваффақиятли иштирок этаётган “Цементчи” футбол клуби фаолияти билан танишдилар.

Футбол клуби аъзолари билан суҳбатлашган вилоят ҳокими, ёш футболчиларни келгусида катта марралар кутиб тургани, улар орасидан Ўзбекистон довруғини дунёга танитадиган юлдузлар етишиб чиқишига ишонч билдирди. Ёш спортчиларни рағбатлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида спорт формалари, анжомлари совға қилинди.

Шу жойнинг ўзида вилоятимиздаги оммавий спортни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида спорт мусобақаларини тизимли ташкил этиш, жойларда спортни оммалаштириш орқали соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида 2023 йил давомида қилинган ишлар ва 2024 йилда олдинда турган вазифалар муҳокама қилинди.

Спортни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар йўлга қўйилмаган ҳудудлар танқид қилинди, ёшларни спортга жалб қилиш бўйича етарлича иш ташкил қилмаган шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўринбосарлари, спорт мактаблари директорлари огоҳлантирилди.

Масъулларга Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган қарорлар ва берилган топшириқлар ижросини ўз вақтида сифатли бажариш, маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш, ҳудудлардаги таълим муассасаларидаги спорт иншоотлари ҳамда бўш турган объектларда спорт секцияларини очиш, барча спорт турлари бўйича туман ва шаҳарлар миқёсида спорт мусобақалари сонини кескин кўпайтириш, жойларда ташкил этилаётган хусусий спорт клублари фаолиятига кўмаклашиш, иқтидорли ёш спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби қатор йўналишларда аниқ вазифа ва топшириқлар берилди.

Берилган топшириқлар ижроси ҳар чоракда муҳокама қилиниши ҳамда иш самарадорлигини оширмаган масъулларга интизомий чоралар кўрилиши маълум қилинди.

Шунингдек, семинар иштирокчилари Қувасой шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабда ҳам бўлиб, ўқув жараёнлари, ёшларни оммавий спорт турларига жалб қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида таълим маскани ҳудудига кўчат экиш маросимида иштирок этдилар. Шаҳардаги 1-сонли спорт мактаби фаолияти ҳам кўздан кечирилди.

Бугунги кунда бу ерда 830 нафардан зиёд ёшлар мунтазам спорт билан шуғулланиб келмоқда. Масканда 10 та олимпия, 2 та миллий ва 3 та ноолимпия, жами 15 та спорт тури бўйича мунтазам шуғулланиш имконияти мавжуд. 30 нафар мураббийлар фаолият олиб бормоқда.

Мактаб қошида “Исфайрам” футбол клуби ташкил этилган бўлиб, унда 50 нафардан зиёд ёшлар қамраб олинган. Спорт мактабида болалар ва ёшларнинг мактабдан ташқари спорт таълими тизимини янада такомиллаштириш, спорт захираси ва юксак маҳоратли спортчиларни тайёрлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Twitte, YouTube, Instagram