ШАҲАР ҲОКИМИ ХИТОЙЛИК ИНВЕСТОРЛАР БИЛАН ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАРНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ
2023-12-04 09:39:52 167
Қувасой шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов Хитойнинг HLT Industry Co., Ltd. компанияси менеджери Стеве Шиу бошчилигидаги бир гуруҳ хитойлик инвесторларни қабул қилди.
Мулоқотда икки давлат раҳбарларининг қатъияти ва сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга чиқаётгани қайд этилди.
Инвесторларга юртимизда яратилаётган шарт-шароитлар, қулайликлар ҳақида айтиб ўтилди.
Хусусан, янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйишда Қувасой шаҳрининг ўзига хос жойлашув ўрни, мавжуд салоҳияти тўғрисида маълумот берилди.
Ўз навбатида хитойлик меҳмонлар томонидан 1957 йилда ташкил этилган HLT Industry Co., Ltd. компанияси қарийб 60 йиллик тажрибага эга бўлиб, гидравлик пресслар ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича дунё етакчиларидан бири эканлиги маълум қилинди.
Қувасой шаҳрида янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, бу жараёнда илғор технологиялардан фойдаланиш, янги иш ўринларини яратиш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳамкорлик режалари, истиқболда янги лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари келишиб олинди.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Twitte,
YouTube,
Instagram