РЕФЕРЕНДУМ ХУСУСИДА
2023-03-27 18:33:43 312
Референдум бу фуқароларнинг давлат, вилоят ва маҳаллий кўламда энг муҳим масалалар бўйича овоз бериш йўли орқали ўз фикрларини бевосита баён этишидир. Яъни умухалқ овоз бериш йўли билан қонунлар қабул қилиш ва давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалалари ҳал қилиш шакли.
Халқ ҳокимиятчилигининг муҳим воситаси бўлган рефрендумнинг сайловлардан асосий фарқи шунда-ки, референдум ўтказилаётганда бирон-бир лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки унда муайян масала – қонун, қонун лойиҳаси, конституция, конституцияга тузатишларга оид савол қўйилади. Референдум натижалари фақат кўпчилик овози билан аниқланади.
Референдумлар бутун давлат ҳудудида ўтказиладиган умуммиллий референдумлар ва алоҳида федерация субъектлари ёки маъмурий ҳудудий бирликларда ўтказиладиган маҳаллий референдумларга бўлинади.
Биринчи ҳолатда янги конституция лойиҳаси ёки конституцияга қилинадиган ўзгартириш ва тузатишлар бўйича референдум ўтказилса, иккинчи ҳолатда қонун лойиҳаси ёки кучга кирган қонун бўйича референдум ўтказилади.
Референдум бевосита демократиянинг муҳим институти бўлиб, умумдавлат ҳамда ҳар бир фуқаро учун муҳим бўлган қарорларнинг қабул қилинишида жамиятнинг қатнашишини таъминлайди. Референдумнинг ўтказиш жараёнида қоида ва шартлари ҳар бир конституциясива қонунчилиги билан белгиланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида бўлиши кутилаётган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири юзасидан ўтказилиши кутилаётган референдум юқорида кўрсатилган референдум турларини биринчисига тааллуқли бўлиб, бутун республика ҳудудида ўтказилади.
Референдум ўтказиш тартиби ва қоидалари «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги 265-II-сонли қонунида аниқ белигиланиб, тартибга солиб қўйилган.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг референдуми Ўзбекистон Республикасининг қонунларини ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадларида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодасидир. Референдумда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади. Агар референдумда қабул қилинган қарорларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, референдумда қабул қилинган қарорлар фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Олий мажлис Қонунчилик Палатасининг 2023 йил 10 март кунги ялпи мажлисида депутатлардан 132 нафари Конституциянинг янги таҳрири тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватланиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилиши белгиланди.
Конституциянинг янги таҳрирга асосан, Ўзбекистон конституциясидаги моддалар сони ҳозирги 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага ошириляпти. 128 та модданинг 91 тасига консептуал ўзгаришлар киритилмоқда. Умуман олганда, конституция 65 фоизга ўзгартириляпти.
Ўзгаришлар қаторидан президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш, сенаторлар сонини 100 нафардан 65 нафарга тушириш, Ўзбекистонни ижтимоий давлат деб эълон қилиш, маҳаллий кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатларини бир-биридан ажратиш кабилар ўрин олган.
Лойиҳада Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланмоқда. Мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолатлар ўз ифодасини топмоқда.
Бу барчанинг қонун олдида тенглигини ва қонундан хеч ким устун эмаслигини таъминлаш, судлар томонидан адолатли қарорлар қабул қилиш, умуман олганда давлат органларининг халққа хизмат қилиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган.
Хусусан, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда ва шу муносабат билан инсон ҳуқуқлари кафолатлари жиддий равишда кучайтирилмоқда.
Лойиҳага асосан инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Инсонннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунлар, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.
Фуқаро ва давлат органлари ўртасидаги ноаниқликлар фуқаро фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Бу нормалар ҳуқуқни қўллаш фаолиятида инсон манфаатлари устувор бўлишини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эгалиги, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши, Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Жиноят процессида инсон ҳуқуқлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилмоқда. Хусусан, шахсни суд қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги белгиланмоқда.
Ушбу ҳуқуқий кафолатлар инсон ҳуқуқларини муҳофазасини кучайтириш соҳасидаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқади ҳамда уларни давлат органларининг суистеъмолликларидан ишончли ҳимоя қилади, шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.
Д.Махаматов Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси
О.Абдусатторов Фарғона вилоят маъмурий суди судья катта ёрдамчиси
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Twitte,
YouTube,
Instagram