9 ФЕВРАЛ - АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУДИНИНГ 582 ЙИЛЛИГИГА
2023-02-10 11:22:47 303
НАЗМ ВА НАВО КЕЧАСИ
Ўзбек адабий тилининг асосчиси, ўзбек халқи маънавий дунёсининг шаклланишига ғоят кучли ва самарали таъсир кўрсатган улуғ устозлардан бири ҳазрат Мир Алишер Навоийдир.
Ҳар йили 9- феврал санасида буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намоёндаси, шеърият мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллуди кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан бугун 9-февраль куни Қувасой шаҳридаги 11-Болалар мусиқа ва санъат мактабида Алишер Навоий хаёти ва ижодига бағишланган “Назм ва наво” кечаси бўлиб ўтди.
Кечани шаҳар ҳокимининг ўринбосари А.Мамажонов очиб, Алишер Навоий ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Жумладан, у шоирнинг шеъриятга болалик чоғиданоқ ихлос қўйгани, унинг устозлари Мавлоно Жомий, Мавлоно Лутфий каби улуғ шоирларнинг шеъриятидан бахраманд бўлиб ўсганлигини тилга олди.
Кеча давомида сўзга чиққан шаҳар Маънавият тарғиботчиси Т.Ўринбоев ўзбек адабиётининг асосчиси мана беш асрдан зиёдки сержило ғазаллари, сермазмун шеърлари, аҳлоқ-одобга доир гўзал байтлари, рубоийлари билан инсон қалби, унинг руҳий ҳолатини тетиклаштириб, нозик дилларга завқу шавқ бағишлаб келмоқда,-деди.
Ҳа, Алишер Навоий бутун умрини шеъриятга, адабиётга бағишлади. Навоий ижодида инсонпарварлик, одамийлик ғоялари илгари сурилган бўлиб, унда инсонларга хос энг ноёб ватанпарварлик, эзгулик, меҳр-оқибат, вафо ва садоқат каби фазилатлар ўрин олган.
Навоий ижодининг тарихий аҳамияти ҳақида қисқа қилиб айтганда, ўзбек адабиёти, ўзбек адабий тилини энг юқори чўққиларга кўтарди. Она тилимизга бўлган муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш сизу бизнинг тафаккуримизга аввало Навоий асарлари орқали кириб келади.
Умр ҳар қандай кишига бир мартагина тақдим этиладиган неъмат экан, ҳар қандай киши учун жондан ҳам азизроқ нарса йўқ.
Кеча давомида шаҳар маданият бўлимининг бадиий ҳаваскорлари томонидан дилрабо куй ва қўшиқлар янграб, Алишер Навоий қаламига мансуб ғазаллардан намуналар келтирилди.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Twitte,
YouTube,
Instagram