РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2022-10-05 10:59:27 249
Ижтимоий тармоқларда Қувасой шаҳри хокими Зафаржон Тўрақуловга тегишлилиги айтилаётган “Балиқчи оила таянчи” кредит савдо ташкилоти иш бошқарувчиси томонидан фуқаро Бобомирзаева Моҳидил номига сохта ҳужжатлар билан 18 миллион сўм кредит расмийлаштириб ҳозирги кунда Бобомирзаеванинг пластик картасидан кредит қарздорлигини сўндириш учун пул ечиб олинаётгани иддао этилган видеоматериал тарқатилди.
Қувасой шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу асоссиз материал юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
Аввало, Қувасой шаҳри ҳокими Зафаржон Тўрақуловнинг “Балиқчи оила таянчи” МЧЖ кредит савдо ташкилоти билан ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай боғлиқлиги ёки алоқадорлиги мавжуд эмаслиги билдирилади. Зафаржон Тўрақулов аввал АТБ "Универсалбанк" бошқаруви раиси бўлиб ишлагани ҳамда “Балиқчи оила таянчи” МЧЖ ҳисоби ушбу банкда бўлгани сабабли масалани унинг номи билан боғлашга уринилгани қайд этилади.
Андижон вилояти Балиқчи туманида яшовчи фуқаро Бобомирзаева Моҳидил Неъматовна Балиқчи туман ИИБга ёзма мурожаат қилиб, “Балиқчи оила таянчи” МЧЖ кредит савдо ташкилоти иш бошқарувчиси Нуралиев Асрорбек Ҳусанович унинг номига ўзининг иштирокисиз молиявий истеъмол кредити расмийлаштиргани учун чора кўришни сўраган.
Асрорбек Нуралиев аввал Моҳидил Бобомирзаеванинг яқин таниши бўлган ва шу даврда унинг имзосини тақлид қилиб кредитни расмийлаштирилгани аниқланган. Жорий йил 27 сентябрда ўтказилган суд-хатшунослик экспертизасининг хулосасига кўра, имзо Асрорбек Нуралиев томонидан бажарилгани тасдиқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Андижон вилояти Балиқчи тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддаси 1- ва 3-қисмлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳозирда Асрорбек Нуралиев устидан ёзилган ўз аризасини қайтариб олишга уринаётган, ҳамда шу билан бирга кредит қарздорлигини сўндиришни истамаётган Моҳидил Бобомирзаева масалани бошқача талқинда ижтимоий тармоқларда тарқаттириш орқали молиявий мажбуриятини бажармасликка уринаётгани яққол кўриниб турибди.
Ижтимоий тармоқлар каналлари администраторлари ҳамда блогерлардан ахборот тарқатишда ва олинган фактларни эълон қилишда уларнинг тўғрилигини текшириб кўриш, шахс ҳақида уни обрўсизлантириш мақсадида ўз асосини топмаган ахборот тарқатганлик учун ҳам қонунчиликда жавобгарлик белгиланганлигини унутмаслик сўралади.
Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook,
Telegram,
Twitte,
YouTube,
Instagram