ЧЎНҒАРАДА БИР КУН.....
2020-01-18 22:29:29 278
Фарғона вилояти таркибида 70 минг аҳолиси бўлган Сўх тумани, жаннатмакон Шоҳимардон қишлоғи ва атиги 240 хонадон, 1400 нафар фуқаро яшайдиган Чўнғара қишлоқлари расмий ибора билан айтганда анклав, яъни ўзга мамлакат ичида “оролча” шаклидаги ҳудуддир.
- Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бизга бўлган шахсий эътибори, ғамхўрлиги туфайли биз аввалги йиллардаги ноқулайликларни унутдик, - дейди Чўнғара қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Муротали Сотволдиев. – Биз Ўзбекистон деб аталмиш давлатни бир қисми эканимиз билан доимо фахрланамиз.
Бугун Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида вилоятнинг барча ташкилот раҳбарлари ҳудуддаги фуқароларнинг турмуш тарзини ўрганиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, муаммоларини ҳал этиш мақсадида Чўнғара қишлоғида бўлдилар.
Ҳоким чўнғаралик ёшларга нима ваъда қилди?
Шуҳрат Ғаниевнинг шахсий телеграм каналидан чўнғаралик ёшлар хабардор эдилар. Шунинг учун мулоқот амалий ишлардан бошланди.
- Икки кун илгари Чўнғарага келмоқчи эканимни эълон қилгандим. Сизлардан 37 та масалада электрон мурожаат келди. Уларнинг барчасига бугун амалий жавоб оласизлар.
Мурожаатлар эса турли мавзуда. “Ёшлар келажагимиз” дастури асосида кредит олишдан, янги электр подстанцияси қуришгача эди. Хатто бир фуқаро қишлоқ ёшларига олий таълим муассасига ўқишга киришда имтиёз берилишини ҳам сўраган...
Учрашув чоғида яна бир қанча йигит-қизлар ўзларининг орзу умидлари, ҳаётий режалари ҳақида фикрлашдилар. Ҳар бир таклиф, мурожаат эътиборга олинди.
- Мен сиз ёшларнинг чақириғингиз билан хатто ҳар ҳафта бу ерга келиб учрашишга тайёрман, - деди Шуҳрат Ғаниев
Шундан сўнг амалий тадбирларга ўтилди.
Тикувчилик цехи ташкил этилди
Чўнғара қишлоғи, Дўстлик кўчаси 2-уйда бугун қишлоқ аёллари жам бўлди. Боиси, қишлоқ хотин-қизларига вилоятдан совға деб тадбиркор Орзугул Кажаева хонадонига 34 та тикув машинаси келтирилиб, ўрнатилди ва 40 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди. Энди ушбу тикувчилик цехи маҳсулоти бўлган бежирим либослар, кийим-кечаклар Чўнғара қишлоғининг ҳар бир хонадонига кириб боради.
Ишлик бўлган қизларнинг қувончи чексиз эди. Тикув машиналари ўрнатилгач, улар дарҳол ишга киришиб кетдилар. Янгича дизайндаги либослар яратишнинг муҳокамаси авж олди.
Мактабга кутилмаган совға
Чўнғара қишлоғида битта ўрта умумтаълим мактаби бўлиб, унда 259 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўтган йили мактаб биноси реконструкция қилинган, замонавий мебел жиҳозлари билан таъминланган эди. Бугун эса ...
- Мактабимизга тўсатдан юк машиналари кириб келди. Биз гап нимада эканидан бехабар эдик, - дейди мактаб ўқувчиси Севинч Мамазоҳидова. – Кейин билсак...
50 та компютер жамланмаси, 2 мингта ўзбек ва хориж адабиётларининг энг яхши намуналари чоп этилган китоблар, спортнинг бокс, теннис, карате турлари билан шуғулланиш жиҳозлари, юздан зиёд волейбол, баскетбол, футбол тўплари, тўгараклар учун миллий чолғу асбоблари, ҳар бир компютер учун 50 та махсус мебел столлари.....
- Мактабимизда компютер хонаси, спорт ва хаваскорлик тўгараги бўлишини орзу қилардик. Бизга жиҳозларгина эмас, спорт тренери, мусиқашунос ўқитувчи иш ўрни ҳам ажратилди, - дейди мактаб директори Шарофиддин Полвонов.
Лекин энг қувонарлиси, яна бир “сирли” совға эди.
- Вилоят ҳокимлиги қарор қилди, бу мактабга бошқа жойдан қатнаб ишлайдиган фан ўқитувчилари яшаши учун икки қаватли 15 та 3 хонали хонадони бўлган уй қуриб берилади, - деди вилоят ҳокими ўринбосари Дилафруз Қосимова.
Чўнғараликлар тиббий кўрикдан ўтди
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг тор доирадаги малакали мутахассислари, тажрибали врачлар қишлоқ аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказишди. Қишлоқ врачлик пунктига эса 350 млн. сўмлик 21 турдаги биринчи ёрдам дори воситалари ҳамда керакли тиббий анжомлар келтирилди.
- Бугун қишлоғимиз аҳолиси учун унутилмас кун, - дейди 61 ёшли Турсуной она. – Вилоятдаги малакали врачлар ҳузурига соғлигимни текширтириш учун келдим. Қўллари дард кўрмасин, керакли муолажаларни қилишди. Ўзимни тетик ҳис қиляпман. Бизнинг ҳолимиздан хабар олгани келганлари учун қишлоғимиз кексалари жуда миннатдор.
Фахрийлар санаторияга, ёшлар саёҳатга!
Чўнғара қишлоғи аҳли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. “Чўнғара” навли гуруч довруғи бутун оламга кетган. Чунки у Сўх дарёси қирғоқларида етиштирилади. Қишин-ёзин шолипоя оралаб юрган, шоли оқлаб чангга ботган ака-опаларга “Товоқсой”, “Қизилтепа” “Косонсой” сиҳатгоҳларига қишлоқ МФЙ маслаҳат кенгаши тавсияси асосида бепул йўлланмалар берилди. Тўрт нафар афғончи жангчилар бор экан, Чўнғарада. Уларга ҳам йўлланмалар ажратилди.
- Мамлакат тарихи, бугуни ва эртасини ўқиб билиш бошқа, уни ўз кўзи билан кўриш бошқа, - деди вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев. – Чўнғаралик 150 нафар ёшлар, мактабнинг юқори синф ўқувчиларини ҳамда 50 нафар фаол хотин-қизларни шу кунлардаёқ Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларига бепул саёҳатга юборамиз.
Қишлоқ ёшлари ва хотин-қизлар етакчилари бугуноқ саёҳатга борадиганлар рўйхатини туздилар.
Солижонхожи бобо энди велосипедда юради
Чўнғарада тўртта кўча бор. Қишлоқнинг у ёнидан бу ёнигача 4-5 чақирим масофа. Бу ерда машинада чўнғараликларнинг ўзларигина юришади. Шунинг учун кўчаларда юриш, югуриш учун ҳар доим имконият бор.
- Ёшим улғайган сари камҳаракат бўлиб қолаётган эдим, токи Шуҳратжон Ғаниев ўғлим бугун қишлоғимизга келгунича, - дейди Солижонхожи Муҳаммадиев. – Бугун бизга олиб келинган совғалар ичида 50 та жуда чиройли ва қулай велосипедлар бор экан. Ҳоким уларнинг бирини менга бердилар.
Ҳа, чўнғаралик 50 нафар нуронийга Қўқон эркин иқтисодий зонасидаги “Kokand Bicycles” корхонасида ишлаб чиқарилган велосипедлар тарқатилди.
Энди Солижонхожи бобо ҳам, тенгқур ҳамқишлоқлари ҳам Чўнғара кўчаларида бемалол пойга ўтказсалар бўлаверади.
Янги боғча очилди, яна янгиси қурилди
Ҳар бир хонадонда камида биттадан мактабгача ёшдаги бола бўлганда ҳам Чўнғара қишлоғига 240 ўринли боғча керак. Бугун эса энди 50 ўринли мактагача таълим ташкилоти тантанали суратда очилди. Бино ихчам, аммо шароитлар етарли.
- Эрта баҳордан намунали лойиҳа асосида 80 ўринли яна бир боғча қурилишини бошлаймиз, - деди ҳоким. – Бунинг учун етарлича маблағ ажратилади.
Шу бугун вилоят МТТ бошқармаси, Риштон тумани кадастр хизмати янги қуриладиган боғча учун ер майдони танладилар.
Энди гилосзор боғларимиз бўлади!
Очиғи, Сўхнинг фойдали ва қувватли, табиий дармонларга тўйинган суви ҳар қандай минерал ўғитдан кучли. Бу деҳқон боболарнинг кўп йиллик тажрибаларидан олган хулосаси. Лекин бу ерда негадир шолига ҳамиша устуворлик берилган. Меваларни эса...
Ҳа, сотиб олардилар. Бугун Чўнғарага келган карвонда олма, гилос, нок, шафтоли, қандак ўрик каби кўчатлар, полиз экинлари уруғлари ҳам бор эди.
- Ҳайронман, нега илгари мевали дарахт экмаган эканмиз, - дейди Хурсанали бобо. - Бугун менга ҳам кўчатдан беришди. Ҳовлимизга ҳар хил мева кўчатларидан 20 тупини экдик. Энди менинг ҳам ўз боғим бўлади.
- Биз 5 гектар янги боғ қилишга етарли сара, серҳосил мевали кўчатлар ва 5 гектарга етарли сабзи, пиёз уруғларини келтиргандик, - дейди вилоят фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Зоҳид Икромов. - Уларни 76 та хонадонга тарқатдик. Энди вақти-вақти билан келиб маслаҳатлар бериб турамиз.
Янги дўкон очилди
Дилрабохон Мамадиева қишлоқ аҳолисининг узоғини яқин қилиш мақсадида савобли ишга қўл урган. Бугун Дилрабохон ўз мақсадига етди. Қишлоқда янги дўкон фаолиятини бошлади. Эндиликда ўғли Санжарбек билан биргаликда ҳамқишлоқларига рўзғор учун керакли бўлган сифатли маҳсулотларни етказиб берадилар.
- Бугун вилоят Марказий банки раҳбари билан дўконга зарур қўшимча ускуналар, совуқхона ва жиҳозлар учун кредит масаласини келишиб олдик, - дейди Дилрабохон. – Масаламиз бунақа тез, муҳими шу ерда ҳал қилинишини кутмаган эдим.
Нуроний отахонлар бошланган ишнинг ҳайрли давом этишини тилаб дуо қилдилар.
Яна...
...Вилоят “Ҳудудгазтаъминот” МЧЖ директори Улуғбек Қўчқоров ўзи бош бўлиб, 240 хонадоннинг ҳар бирига суюлтирилган газ балонини бепул тарқатди.
...Вилоят электр тармоқлари мутахассислари битта подстанцияни юқори қувватлисига алмаштириш ва 5 км электр узатиш ҳаво тармоғини тортишга киришди.
...Аҳоли ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1,5 км сув қувурлари ётқизиш учун ариқ қазила бошланди.
...Қишлоқда истиқомат қилаётган 6 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аризалари вилоят ИИБ бошлиғи Раҳматжон Маматов томонидан ижрога қабул қилинди.
.. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга имтиёзли кредит ажратилди. Бунда гаров ўрнига вилоят ҳокими кафолат хати ёзиб берди.
Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати