Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 16 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

БОР БЎЛ, МЕҲР-ОҚИБАТ!

 2020-01-05 10:18:38    182

PDF yuklash
Chop etish


Ҳаёт шиддат билан давом этаяпти, дунёқарашлар ўзгараяпти. Инсон ўзидан ўзини излаган сари қайсидир қирраларда мунозарага сабаб бўладиган жиҳатлари намоён бўлиб қоляпти. Айниқса, азал-азалдан аждодларимиз эъзозлаб келаётган миллий қадриятларимизнинг қаеридадир кемтикликлар сезилиб қолгандай. Очиқроқ айтадиган бўлсак, оқибат кўчаларида беоқибат қусурлар кўриниб қоляпти.

Эсимни танибманки, синчи боболаримиз, меҳридарё момоларимизнинг ибратли чашмаларидан қониқиб ичганмиз. Уларнинг ҳар бири бир ҳикмат эди. Қишлоғимизда қовунчи Абдурасул бобо бўларди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин бутун умри полизда ўтган. Тилими тилни ёрадиган даражадаги қовунларни ғалтак аравага солиб, катта-кичик ҳамқишлоқларга текинга тарқатиб чиқарди. Ёки ҳам шифокор, ҳам миришкор боғбон Тоштанбой бувани айтмайсизми, унинг ҳовли-боғида пишган, мазада тенги йўқ узумлар биз қишлоқ болаларининг қиши билан хушхўр емиши эди. Қишлоқ одамлари бир-бирига меҳрли, оқибат қўрғони бутун, самимий одамлар бисёр эди.

Хосиятли уйларга хосиятли қалдирғочлар ин қурарди. Бир қўшни хўроз сўйса ҳамма дастурхон атрофида жамулжам эди. Ланг очиқ дарвозалар зулфаги қулф кўрмасди.

Ҳовлилар ўртасида девор йўқ эди. Қўни-қўшни бир-бириникига кўнгил сўраб чиқиб турарди.

Оналар тандирда нон ёпгудек бўлса, биринчи галда ўйнаб юрган ёш болаларга, қўни-қўшниларга илинарди. Шумтакаларни боболар тергаб тургучи, момолар эса уларни пинжига олиб, эртак-масал сўзловчи эди. Булар менинг болалик хотираларим, албатта.

Орадан йиллар ўтди. Улғайдик. Ўқидик. Уйландик. Фарзандли бўлдик. Қарабсизки, бобо ҳам бўлдик. Болалик карвонлари анча олислаб кетди. Ўша қишлоқ. Ўша одамлар. Шакли- шамойили ҳам ўша-ўша. Бироқ замонлар ўзгаргани сайин одамлар ҳам ўзгарди. Оқибатнинг янги замонча шакллари пайдо бўлди. Оқибат деган тушунчани занг босди. Янги «изм»лар таъсирида янги одатлар пайдо бўлди. Уларни кўриб ёки улар ҳақида эшитиб, беихтиёр ёқа ушлайсиз, одам.

Дарвоза, эшикларга отнинг калласидай қулфлар илинган. Яна баъзилари «чет элнинг қиммат қулфидан», деб мақтаниб ҳам қўйишади. Ҳар томонда бир-биридан баланд деворлар пайдо бўлди.

Оқибат кўчаларига шайтон оралади, одамлар бир-биридан йироқлаша бошлади.

Раҳматли Риҳси момо бир ўзи яшарди. Икки фарзанди уйли-жойли, алоҳида бўлиниб чиқиб кетишган. Вақт ўтиб, кампирнинг қазоси етди. Маҳалла-кўй, узоқ-яқин қариндошлар, фарзандлари биргалашиб жойига қўйишди. Буни қарангки, ҳали кампирнинг қабри совумай туриб, тўнғич ўғил марҳума онасининг васият хатини олиб, идорама-идора чопишга ўтди. Кенг ҳовлини ўз номига расмийлаштириш илинжида зир югурди. Ўша идорадагилар эса унга айнан шу мазмунда ёзилган яна бир васият хатини кўрсатишди. Васият адо этилди, оқибатли ҳовлининг ўртасидан баланд девор урилди. Ҳатто бу девордан дарахтлар ҳам ташқарига мўралаб қаролмайдиган бўлди. Шу тариқа, оқибат қўрғонига зил кетди.

Ҳаволатиб қурилган данғиллама уйларга қалдирғочлар ин қурмай қўйди. Битта хўроз сўйса ҳам қишлоқда байрам бўлган кезларни хотирлагандим. Энди-чи?! Туя сўйилса ҳам ҳеч ким билмайди. Қўни-қўшни кириб келса дастурхоннинг усти ёпиладиган бўлиб қолди.

Ривоят қилишларича, қадимда Абу Абдуллоҳ исмли араб савдогари ўз сафари чоғида бир етимчанинг уйига кириб қолади. Унинг бисотида беш бош қўйи бор эди. Дарҳол меҳмонга бир қўйни сўйди. Меҳмон «Худо ҳаққи, жуда мазали пишибди»,-деди. Йигит ташқари чиқиб, бирин-кетин қўйларини сўйиб, меҳмонга манзур бўлган жойини пишириб бераверибди. Меҳмондорчилик тугаб, савдогар ташқарига чиқибди. Ҳовлининг у ер-бу еридаги қон изларини кўриб, мезбон йигитдан бунинг сабабини сўрабди.

– Қўйларимни сўйиб, сизга ёққан жойини пишириб бердим, -дебди йигит.

Абу Абдуллоҳ мезбоннинг оқибатини кўриб, эвазига юзта саман туя, икки юз бош қўй инъом қилган экан.

– Сиз ундан-да олийҳимматлилик қилдингиз, -дейишибди карвон аҳли бу ҳолни кўриб.

– Йўқ! У ўзида борининг ҳаммасини менга берди, мен эса беҳисоб бойлигимдан бир қатрасинигина бердим, холос!-дебди савдогар.

Ривоятнинг мағзи шуки, оқибат кўрсатган бир кун, албатта, минг ҳисса мукофотини олади. Хўш, биз нима қиляпмиз?! Аждодларимиз қолдирган меросни давом эттириш бизнинг бурчимиз эмасми?! Шундай экан, келинг азизлар, бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлайлик. Хайр-саховатли аждодларимиз бунёд этган оқибат қўрғонига путур етмасин!

Алижон МИРЗАБОЕВ, Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.