Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2019 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

“Хабар.uz” ахборот манбаида 2019 йил 5 ноябрь куни эълон қилинган “Яна Фарғона. Инвесторнинг соқоли муҳимми ёки ҳуқуқи?” мақоласига Қувасой шаҳар ҳокимлигининг РАСМИЙ БАЁНОТИ

 2019-11-27 15:04:41    20

PDF yuklash
Chop etish


Мазкур мақола Қувасой шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, дахлдор ташкилот ва идораларнинг масъул ходимлари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Мақолада келтирилган жиҳатларга тааллуқли барча расмий ҳужжатлар кўтарилиб, ҳақиқий ҳолатга ойдинлик киритилди. 

            Маълумки, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги собиқ Қувасой чинниси АЖ негизида ташкил этилган кичик саноат зонаси учун ғолибларни аниқлаш мақсадида лойиҳа ташабускорлари йиғилган ҳолда вилоят ишчи гуруҳи томонидан тендер савдолари ўтказилган вақтда «Running busines trans invest» хусусий корхонаси вакиллари Туркия давлатидан ташриф буюрган мутахассис билан қўшма корхона ташкил этилаётганлиги ҳақида маълум қилганлар. Тендер савдолари вақтида Туркия давлатидан келган мутахассис лойиҳанинг мазмуни, келажакдаги режалари ҳақида тақдимот ўтказган.

            Қирғизистонлик Бекзод Зайдинов ушбу тендер савдоларида расман иштирок этмаган ва кейинчалик ҳам корхонанинг фаолияти давомида бирор марта кўриниш бермаган. Фақат 2019 йил 12 февраль куни корхонанинг очилиш маросимида ҳамда Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчисининг ушбу корхонага ташрифи давомида қатнашган, лекин лойиҳада хорижий ҳамкор инвестор эканлиги тўғрисида на корхона вакиллари ва на Бекзод Зайдиновнинг ўзи маълум қилган. 

      Лойиҳа ташаббускори – «Running busines trans invest» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонаси вилоят эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналари Маъмурий Кенгаши томонидан ўтказилган тендерда ўзи тасдиқлаб берган тармоқ жадвалига асосан, лойиҳа қиймати 2.1 миллион доллар, шундан 0.6 миллион доллар ўз маблағи ва 1.5 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киришини тармоқ жадвали билан тасдиқлаб берган ҳамда шунга асосан тендер ғолиби, деб топилган.

      Running Busines Trans Invest” МЧЖ нинг биринчи босқичи “Тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳаси бўйича 495 минг доллар ўзлаштириш ва 250 та янги иш ўрни яратилиши ҳисобига ишга туширилган. Бундан ташқари, корхона I чорак якуни билан Давлат cтатистика органига тақдим этилган 1 ID статистик ҳисоботида ҳам ушбу миқдордаги маблағ кўрсатилган ва бошқа расмий маълумотларда ҳам ушбу рақамлар қайд этилган.

      Маъмурий Кенгаш томонидан ўтказилган тендерда лойиҳа ташаббускорининг ўзи лойиҳа икки босқичда бўлишини ва биринчи босқичида 10 турдаги ёш болалар ҳамда катталар кийимлари ишлаб чиқаришини билдирган. Лойиҳанинг иккинчи босқичида фаолиятини янада кенгайтиришини, ишлаб чиқарилган маҳсулотларининг асосий қисмини экспорт қилишини тендер жараёнида айтиб ўтган.

      2018 йил 1 август куни вилоят эркин иқтисодий зонаси ва кичик саноат зоналари Маъмурий Кенгаши томонидан ўтказилган тендерда жами 10 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан 36.8 миллион доллар, шундан 26.1 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган. Барча лойиҳа ташаббускорлари ўзлари тасдиқлаб берган тармоқ жадвали ҳамда “Йўл хариталари”га мувофиқ, юқоридаги рақамлар жамланган.

      Лойиҳани ўз вақтида амалга оширмаган, ишга туширмаган айрим ташаббускорларнинг бино-иншоотлари Маъмурий Кенгаш томонидан истиқболсиз, деб топилган ва улар билан тузилган икки томонлама шартномалар бекор қилинган.

      Мақолада келтирилган «Running busines trans invest» Ўзбекистон – Қирғизистон қўшма корхонасининг мухтасар «ҳасби ҳоли» ҳақидаги иддаоларга келсак, мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 2 октябрь куни Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми билан 304081/2019-046-сонли жиноят иши қўзғатилган ва жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” бандига қайта малакаланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг натижалари ҳақида қўшимча равишда маълум қиламиз.

      Шу ўринда, мақола муаллифи – жаноб Акбар Алишайховга мақолалар тайёрлашда имкон қадар реал факт ва рақамларга таянишни, воқеликни холисона, ҳар жиҳатдан чуқур ўрганиб, сўнгра қўлга қалам олишни маслаҳат берган бўлардик. Мақола муаллифининг бошдан-оёқ эҳтиросларга тўлиб-тошган мақоласи, аввало, инсон шаъни ва қадр қимматига, унинг ишчанлик обрўсига путур етказишини яхши англаса керак, деб ўйлаймиз.

       Ўз олдига катта мақсадларни қўйиб, халқимизни рози қилиш йўлида астойдил фаолият олиб бораётган Қувасой шаҳар ҳокимлиги шуни ишонч билан маълум қиладики, ушбу мақола Ўзбекистон ва Қирғизистон Республикаларининг ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик алоқаларига, икки томонлама иқтисодий, инвестициявий муносабатларга асло соя ташлай олмайди.

Қувасой шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.