Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 7 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўлим жазосини бeкор қилган, энг олий генераллик унвони – кавалерия генерали даражасига эришган илк ўзбек амири

×

 2019-09-05 08:28:20    203

PDF yuklash
Chop etish


Бухоро амирлигининг сўнгги ҳукмдори Амир Олимхон ҳақида кўп гапирилади. Унинг улкан хазинаси тақдири кўплаб кишиларни ҳали-ҳамон қизиқтириб келмоқда. Шунинг учун ҳам амирлар орасида энг кўп тилга олинадигани ҳам Олимхон.

Бироқ Амир Олимхоннинг отаси Абдулаҳадхоннинг тақдири ҳам қизиқ тарихий воқеаларга бой. У амирлар ичида ўзининг ислоҳотлари билан ажралиб туради. Шунинг учун бу галги мақолада ушбу амир ҳақида ҳикоя қилишни лозим топдик.

РОССИЯ ТАСДИҚЛАГАН ТАХТ ВОРИСИ

1860–1885 йилларда ҳукмронлик қилган Бухоро амири Музаффар ҳукмронлигининг охирги йилларида ўзининг бешинчи ўғли Абдулаҳадни тахт меросхўри деб эълон қилди ва Россия императори Александр Александровичнинг тахтга ўтириш маросими тантанасида қатнашиш учун Россияга жўнатди. У ерда Абдулаҳад ҳақиқий тахт вориси сифатида тасдиқланди. Бу ҳақда кейинчалик император Александр III Амир Музаффарга ёзма равишда билдирди.

Императорнинг қабулида бўлган Абдулаҳад бир неча бор махфий йиғилишларда қатнашди. Шундай йиғилишлардан бирида унга 21 пунктдан иборат расмий ҳужжатга имзо чектирдилар.

Унда Бухоро амирлиги ҳудудидан темирйўллар, телеграф ўтказиш, черков қуриш, рус савдогарларига, фуқароларига бинолар, ер майдонлари сотиб олиш учун рухсат бериш масалалари қайд этилган эди. Охир-оқибат унинг даврида Россиянинг Бухорога таъсири сезиларли даражада ошди.

Амир Музаффар 1885 йили вафот этди ва Бухородаги Эшони Имло мозорида дафн этилди. У 25 йил Бухоро тахтида ҳукмронлик қилди.

Амир Музаффарнинг жами 14 нафар ўғли бўлган. Улардан баъзилари амир ҳаётлигида вафот этган. Биринчи ўғли – Абдумалик тўра отасига қарши қўзғолон кўтаргани учун чет элга қочиб кетди. Яна бир ўғли эса доимий равишда гаров сифатида Россияда истиқомат қилди.

1885 йил августда Амир Музаффар ўз ҳудудини айланиб юрганда, Қаршида “юқумли безгак” касалига чалинди. У ўз йўлини давом эттирмай, Бухорога қайтди. Ўзининг шаҳардан ташқаридаги қароргоҳи – Ширбудунга келиб, у ерда деярли 2 ой бўлди. 28 сентябрда касал яна қайта хуруж қилди.

Амирга яқин бўлган Остонақулбий ва Муҳаммадбий қўшбеги амирнинг аҳволини кўриб, уни Бухородаги Аркка олиб келишни лозим топишди. У 1885 йил 31 октябрда Аркда дунёдан кўз юмди.

ФОРС КАНИЗАГИНИНГ ФАРЗАНДИ

Тарих фанлари доктори Раҳбар Холиқованинг “ХIХ аср иккинчи ярми – ХХ аср бошларида Россия-Бухоро муносабатлари тарихи” номли диссертациясида қайд этилишича, Абдулаҳад 1859 йил 26 мартда Карманада туғилган. Бироқ унинг таваллуди санаси манбаларда турлича берилади.

Унинг онаси Амир Музаффарнинг севимли хотини, форс канизаги Шамшот исмли аёл бўлиб, ўз замондошларининг айтишича, жуда ақлли аёл бўлган.

Абдулаҳад 14 ёшида, баъзи манбаларнинг гувоҳлик беришича эса 18 ёшида Карманагабеги этиб тайинланди. У билан учрашган рус сайёҳлари унинг оддий ҳаёт кечиришини қайд этиб ўтганлар. У билимли киши эди: форс тилида, озгина рус ва араб тилида сўзлаша оларди. 1882 йилга қадар унинг фақат бир нафар хотини бўлган.

1885 йилда отаси вафотини эшитгач, Абдулаҳад тахминан минг нафар чавандоз билан Карманадан Бухорога отланди. Йўлда Россия ҳукуматининг вакили генерал-лейтенант Анненков билан учрашди. Анненков унга тахт борасида сиёсий жиҳатдан қарама-қаршиликлар юз берадиган бўлса, у Россия ҳукумати кўмагига таяниши мумкинлигини билдирди.

Абдулаҳадни 1885 йил 4 ноябрда Бухоро аркида оқ кигизга ўтирғизиб, тахтга ўтқизиш маросими бўлди. Шу тариқа Бухоро амирлигида Сайид Абдулаҳад Баҳодирхоннинг1885–1910 йиллардаги ҳукмронлиги бошланди.

Бироқ Амир Абдулаҳадхон қайси ишни режалаштирмасин, ўзининг ҳимоячиси – Россия империяси нуфузини инобатга олишга мажбур эди. Унинг мазкур ишида Янги Бухорода (Когонда) 1885 йилда ташкил этилган Россия императори сиёсий агентлиги асосий роль ўйнади. У Бухоро амири устидан назорат олиб бориб, унинг Петербург билан алоқа қилишида воситачи бўлди.

ПEТEРБУРГ САФАРИДАГИ СОВҒАЛАР

Амир саёҳат қилишни жуда яхши кўрарди. Абдулаҳадхон тўрт маротаба Россияга сафар қилганини кундалик сифатида ёзиб қолдирган.

Амир Абдулаҳадхон Москва ва Санкт-Петербургда бир неча марта бўлган. У 1893 йили Россия империясининг ўша вақтдаги пойтахти – Санкт-Петербургга ўз ўғли Олимхонни ҳам олиб борди.

Кейинчалик император Николай IIнинг тахтга чиқиш маросимида ва сўнгги марта ўз ўлимидан олдин Санкт-Петербургга Бухоро тахтига ўтирганининг 25 йиллигини нишонлашга борди.

Ҳар ёзда Абдулаҳадхон Кавказда, ёки Қрим ва Ялтадаги ўзи қурган қасрда дам оларди. У қурдирган қаср ўрнида совет даврида “Ўзбекистон” санаторияси бўлган.

Амир Абдулаҳадхон Россия императори марҳамати ва илтифотига эришиш йўлида барча воситаларни ишга солган. Натижада дастлаб “зоти олийлари”, сўнг “ҳазрати олийлари” мақомига кўтарилган. Императорнинг мулозим генерали – генерал-адютант, энг олий генераллик унвони – кавалерия генерали даражасига эришган. Империянинг биринчи ордени – Александр Первозванный кавалери бўлган.

Абдулаҳадхон ҳам Россия императорини орденсиз қолдирмаган. Император Александр III (1881–1894) шарафига соф олтиндан “Искандар” орденини таъсис этиб, уни рус подшосига тақдим этган.

Бундан ташқари у Петербург киборлари доирасида ўзининг совға-саломлари ва қуюқ зиёфатлари билан катта эътибор қозонган. Амирнинг қимматбаҳо ҳадяларини император Николай II (1894–1917), ҳарбий вазир генерал Алексей Куропаткин (1898–1904) ва ҳатто ревизия комиссияси раиси граф, сенатор К. Пален ҳам мамнуният билан қабул қилган.

Романовлар сулоласининг 300 йиллиги муносабати билан ўтказилган юбилей тадбирларида Бухоро хазинасидаги ўнлаб нодир қўлёзмалар императорга ҳадя қилинган.

1906 йилнинг 10 ноябридан 22 декабригача давом этган Петербург сафарида Абдулаҳадхон рус императори Николай II га совға сифатида 16 та жиҳозланган от олиб бориб, императордан ўзи ва делегация аъзоларига рус орден ва медалларини олган.

ТЎҚСОН ЁШЛИ САРБОЗЛАР

Тарихчи Юнус Шукуриллаевнинг “Бухоро амирлигида қўшин ва ҳарбий иш (1756–1920)” номли диссертациясида амир Абдулаҳадхон давридаги ҳарбий ҳолат ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган. Уларга бироз тўхталсак. Бухоро амири Абдулаҳадхон юқорида қайд этилганидек, Россия империяси императорининг ҳарбий лавозимли кишиси ҳисобланган.

У Амир Музаффар вафотидан сўнг сарбозлар сонини икки минг нафарга қисқартирган. Унинг даврига келиб сарбозларнинг қурол-яроғлари билан уйларига кетишларига рухсат берилмаган.

Бухоро сарбозларининг шим ва мундири икки йилда бир бор алмаштирилган. Оёқ кийимни ҳар бир сарбоз ўзи билан олиб келишга мажбур бўлган. Амир Абдулаҳадхондаврига келиб, ҳарбийларга икки йилда бир жуфт этик ҳам бериладиган бўлди.

Бухоро сарбозлари дастаси зархарид (пулга сотиб олинган) қуллардан тузилган бўлиб, улар умрларининг охиригача ҳарбий хизмат ўташлари мажбурий бўлган. Қул аскарлар алоҳида ўнликларда хизмат қилишган. Амир Абдулаҳадхоннинг 1886 йилги фармонига мувофиқ, бошқа қуллар каби улар ҳам озодлик васиқаларини (ҳужжатларини) олиш имконига эга бўлганлар.

То амир Абдулаҳадхон ҳукмронлиги давригача ҳарбий хизматнинг умрбодлиги, сарбозлар орасида ҳаттоки, 90 ёшли хизматчилар мавжудлиги тарихий факт ҳисобланади. Абдулаҳадхон ҳукмронлиги даврида сарбозларнинг ҳарбий хизматни 60 ёшгача ўташи белгилаб қўйилди.

У рус асирларидан қабул қилинган сарбозларни деярли озод этди. Бундан ташқари, унинг даврида кексайган, касалманд сарбозларни қўшин таркибидан озод этиш ишлари анча жонланди.

1895 йилдан бошлаб Бухоро амирлигида милиция хизмати йўлга қўйилди. Бироқ Амир Абдулаҳадхон ўз ҳудудида содир бўлаётган қонли курашлар, халқ норозиликларини бостиришда аксарият ҳолларда босқинчилар мададига таянди.

ЖАДИДЧИЛИК АСОСЧИСИ БИЛАН УЧРАШУВ

Амир Абдулаҳадхон Бухорода тобора танилиб келаётган маърифатпарварлик, жадидлик ҳаракатига бефарқ қарай олмади. У илғор ғояларни амирликка таnбиқ этиш, хусусан, жадид мактабларини ўз сарҳадларида ташкил этишларига монеълик қилмади.

1892–1893 йилларда Россиянинг марказий шаҳарларига саёҳати давомида Боқчасаройга ҳам келди ва Исмоилбек Гаспринский билан танишди, суҳбатлашди. Исмоилбек Гаспринский суҳбат чоғида амирга янги усул мактабларининг афзалликлари ҳақида гапириб берди. Унинг ғояларига қизиқиш билан қараган амир АбдулаҳадхонИсмоилбек Гаспринскийни Бухорога таклиф қилди.

Таъкидлаш жоизки, 1883 йилда Исмоилбек Гаспринский томонидан ташкил этилган “Таржимон” журналига амир Абдулаҳадхон ҳам обуна бўлган эди.

1893 йилнинг май ойида Исмоилбек Гаспринский Тошкент ва Самарқандга саёҳатидан сўнг Бухорога ташриф буюрди. Амирнинг Шаҳрисабздаги ёзги қароргоҳида бўлиб ўтган суҳбат чоғида Алдулаҳадхон Исмоилбек Гаспиринский фикрларига кескин қаршилик билдирмасада, уларни амалга татбиқ этиш осон кечмади.

Бунинг асосий сабаби Бухоро амири Россия империяси ҳукуматидан изн олмай туриб, бирор масалани шахсан ҳал этиш эркидан маҳрум эди.

ЎЛИМ ЖАЗОСИНИ БEКОР ҚИЛГАН АМИР

У ўз ҳукмронлик даври бошида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилишга ҳамда ушбу соҳани янада инсонпарварлик тамойили асосида шакллантиришга уринди. Унинг даврида қийноқлар, ўлим ҳукми ва энг даҳшатли жазо – Бухородаги Минорайи Калондан ташлаб юбориш ман этилди.

Унинг ҳукмронлик даврида хонликда мис, темир, олтин қазиб чиқариш, телефон линиялари ва темир йўллар қурилиши, савдо фаол ривожлантирилди. Баъзи бир маълумотларга кўра, Россиянинг Давлат банкидаги амирнинг шахсий ҳисобида 27 миллион рубль тилла ҳисобида, Россиянинг коммерческий банкида эса 7 миллион рубль олтин пул сақланган.

Бироқ Абдулаҳадхон бошқаруви даврида Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудларида истиқомат қилувчи деҳқонларга нисбатан Бухоро амирлиги деҳқонларидан 8 марта кўп солиқ йиғиб олинган.

Буни қарангки, Амир Абдулаҳадхон 1892 йили Россия империясининг турли вилоятларидаги қийналган аҳолига 100 минг рубль ёрдам пули берган. 1904 йилги рус-япон уруши даврида Россия флотига 1 миллион рубль маблағ ажратган.

Туркистон археология тўгараги коллекцияси учун эса бир неча қадимий олтин тангаларни ҳадя этган. Амир Туркистон ҳайр-эҳсон қилувчи жамиятнинг фахрий аъзоси ҳисобланган. Абдулаҳадхон Ҳижоз темир йўли қурилишига бир неча минг танга ажратган.

Амир томонидан муқаддас Макка ва Мадина фойдасига вақф сифатида берилган мулклар йилига 20 минг рубль йиллик даромад келтирган. Унинг ҳукмронлик даврида Бухорода уламолар сони 500 дан 150 минг кишига етди.

“ОЖИЗ” АМИРНИНГ ЎЛИМИ

Амир Абдулаҳадхон ижод билан ҳам шуғулланди. Унинг “Ожиз” тахаллуси билан шеърлар ёзиб, “Девон” ҳам тузгани маълум. Бироқ “Ожиз” тахаллусли амир узоқ умр кўрмади.

Тарихчи Раҳбар Холиқованинг қайд этишича, амир 1910 йили 22 декабрдан 23 декабрга ўтар кечаси буйрак касалидан вафот этди. Унинг майити Бухородан олиб келиниб, Карманада дафн этилган.

Амир Абдулаҳадхоннинг 4 нафар ўғли бор эди. Шулардан иккитаси – Саййид Мир Ҳусайн ва Саййид Мир Абдулло (1883- ёки 1884 йилда туғилганлар), 1888 йилда Санкт-Петербургга ўқишга жўнатаман деб турганда, касаллик туфайли вафот этди.

Кенжа ўғли Саййид Мир Иброҳим 1903 йилда туғилганди. Иккинчи ўғли – Саййид Мир Олимхон 1880 йили дунёга келган. Айнан у амирликнинг кейинги тақдирини ўз қўлига олди.

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси