Shrift o'lchami Rang Rasm

Quvasoy shahar hokimi
To`rakulov Zafarjon Qodirovich


<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

БОБУРНИНГ БУЮК МЕРОСИ

 2020-02-09 07:34:14    158

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбек мумтоз адабиётининг улкан намояндаларидан бири, ўзбек адабий тили ва адабиёти ривожига бебаҳо ҳисса қўшган истеъдодли олим, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур мураккаб ижтимоий-тарихий даврда яшаб, ижод қилган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижон шаҳрида туғилди. Унинг отаси Умаршайх Мирзо Фарғона вилоятининг ҳокими, онаси Қутлуғ Нигорхоним Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи бўлган.
Бобурнинг болалиги асосан Андижон ва унинг атрофларида ўтди, сарой муҳитида ўқиди ва тарбия топди. Ёшлигидан илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлади. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур», яъни «Шер» лақабини олган.

Бобур отаси Умаршайх Мирзо вафотидан кейин 1494 йил июнь ойида, ўн икки ёшда тахтга ўтирди. Унинг сиёсий фаолиятидаги дастлабки мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти – стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Темур салтанатини қайта тиклаш эди.

1495-1496 йилларда Бобур Самарқандга икки марта муваффақиятсиз юриш қилди. 1497-1498 йилларда у Самарқанд атрофидаги бир қанча жойларни ва Самарқандни эгаллайди ва уни юз кун идора қилади. Бу пайтга келиб Андижонда унга қарши исён кўтарилгани боис, Самарқандни ташлаб Андижонга қайтади. Лекин уни эгаллай олмагач, дастлаб Хўжандга, сўнг Тошкент ҳокими Султон Маҳмуд қароргоҳига бориб, унинг ёрдами билан Андижонни қайта қўлга киритади.

1500 йилда Самарқандни иккинчи марта эгаллайди. Шу йили Алишер Навоий билан хат ёзиша бошлайди. Аммо иккинчи хатига жавоб келгунча Самарқанд Шайбонийлар қўлига ўтиб кетади. Бу даврда мамлакат сиёсий ҳаётида бебошлик, ўзаро урушлар кучайиб бормоқда эди. Бир томондан, яъни Дашти Қипчоқдан келаётган Шайбонийхон қўшинларининг тазйиқи остида, иккинчи томондан, темурийлар орасидаги ихтилоф, ўзаро келишмовчилик натижасида Бобур Фарғонани ҳам ташлаб чиқишга ва жанубга қараб йўл олишга мажбур бўлади. 
Ҳисордаги парчаланиб бораётган беклар, алоҳида-алоҳида яшаётган афғон қабилалари бирин-кетин Бобур томонига ўтдилар.1504 йилда эса Қобул вилоятининг ҳокими шаҳарни Бобурга топшириб, узил-кесил таслим бўлди. Лекин Бобур ўз ватанидан тамом умидини узмади. 1506 йилда Хуросон подшоси Ҳусайин Бойқаро темурийларга мансуб бўлган кучларни бирлаштириб, бостириб келаётган Шайбонийхонга қақшатқич зарба беришда ташаббус кўрсатган бўлса-да, лекин Ҳусайин Бойқаронинг вафоти (1506) ва шаҳзодалар ўртасида авж олган ихтилоф бу ҳаракатни натижасиз қолдирди. Бу катта тадбирга умид боғлаган Бобур муваффақиятсизликка учрагандан кейин вақтинча чекинишга ва Қобулга қайтишга мажбур бўлди.
Ўз ҳужумларини давом эттирган Шайбонийхон Ўрта Осиёни босиб олиш учун жанубдан ҳарбий юриш бошлаган эронлик шоҳ Исмоил қўшинларига қарши курашда, Марв шаҳрида ҳалок бўлди. Қулай сиёсий ва ҳарбий вазиятдан фойдаланиб, Бобур 1512 йилда Самарқандни учинчи марта ишғол қилди. Орадан олти ойлар чамаси вақт ўтгандан сўнг, Шайбонийхоннинг жияни Убайдуллахон катта куч тўплаб, Самарқандга, Бобур устига юриш бошлади. Убайдуллохон қўшинлари билан Бобур аскарлари ўртасида Самарқанд учун бўлган жангда Бобур мағлубиятга учраб, шаҳарни бўшатишга мажбур бўлади.
1525  йилда Бобур Шимолий Ҳиндистон ҳукмронлигини ўз қўлига киритишга муваффақ бўлади ва шу пайтдан бошлаб Ҳиндистон унинг иккинчи ватани бўлиб қолади. У  ерда Бобур кенг кўламдаги қурилиш ишларини олиб боради, ўзининг севимли иши бўлган адабиёт билан шуғулланади
Бобурнинг маърифатпарварлиги ҳам диққатга сазовор. У доим олим ва фозиллар, санъаткор кишилар билан бирга бўлишга, улар билан маслаҳат қилишга, ўз билимини тинмай оширишга интилди. Унинг тўрт ўғли (Ҳумоюн, Камрон, Аскарий, Ҳиндол) ва уч қизи (Гулчеҳра, Гулранг, Гулбадан) бўлиб, уларга ҳам ўзининг шу ҳусусиятларини сингдиришга ҳаракат қилган.

Бобур давлатни бошқаришда ҳам ана шу тарзда маслаҳат, кенгаш билан иш тутиш лозимлигини уқтирди. Фарзандларидан Хумоюн, Камрон ва Гулбаданбегим шоир ва адиб бўлиб етишдилар.

Бобур учун ватандан узоқда, ғурбатда яшаш ниҳоятда оғир эди. Бунинг устига узоқ вақт сарсон-саргардонликни бошидан кечириш, душманларига қарши узлуксиз кураш олиб бориш унинг соғлиғига таъсир қилган эди. Бобур Ҳиндистонда беш йил ҳукмронлик қилгандан сўнг, 1530 йили Аграда, ўзи обод қилган «Зарафшон» чорбоғида вафот этади. Кейинроқ Бобурнинг чевараси Шоҳжаҳон ҳукмронлиги даврида унинг ҳоки Қобулда ясалган мақбарага кўчирилган.
Бобур Мирзо ўзи подшо бўлгани учун ҳеч кимга тобе эмас эди, ижод жараёнида ўзини бутунлай мустақил ҳис қилар ва эркин қалам тебратарди. Ўша даврнинг кўпгина сарой шоирларида бўлмагани ижод эркинлиги Бобур Мирзода бор эди.
Инглиз шарқшуноси Денисон Росе Туркистон, Афғонистонда ёзилган шеъларини Париж миллий кутубхонасидан, Ҳиндистонда ёзилган шеъларини эса Рампур кутубхонасидан топиб, 1910 йилда босма ва фотонусха ҳолида нашр эттирган.
Бобур шеълари ҳижрон азобида куйган дил кўзларидан оққан ёш билан ёзилган.
Уларда она юрт соғинчида адо бўлган фарзанднинг, ёр фироқида азоб чеккан ошиқнинг, ўз хатоларини англаб етган комил инсоннинг, боболари тож-давлатини сақлаб қололмаган ҳоқоннинг аламлари ифодаланган.
Бобур ўз асарлари билан ўзбек адабиёти ва тили ривожига, унинг юксалиши ва  соддалаштирилишига, жонли сўзлашув тилига яқинлаштиришга муносиб ҳисса қўшди.
Ўзбек тили тарихини ўрганишда «Бобурнома» бебаҳо хазинадир. Ушбу ўлмас асар 15-16 асрнинг муҳим воқеаларини бадиий акс эттирган прозанинг қимматли намунасидир. «Бобурнома» қомусий характердаги асарлардан бўлиб, унда илм-фан, урф-одат, ижтимоий-сиёсий, табиий-этнографик билимлар моҳирлик билан ифодаланган. «Бобурнома» жаҳон адабиётининг нодир, дурдона асарларидан ҳисобланади. Шу боисдан, ҳозирга қадар ҳам ўз мазмун-моҳиятини, тарбиявий аҳамиятини йўқотмаган ушбу ўлмас асар жаҳон олимлари ва адабиёти ихлосмандлари томонидан севиб ўқилмоқда.

Алижон МИРЗАБОЕВ.